Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат меърож сифатиға (Йигирма учинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ

ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур

хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА

НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Бир кеча Тенгрининг иноятидин,

Фазл ила лутфи бениҳоятидин,

Умму Ҳоний уйида эрди Расул,

Жаброил осмондин этти нузул;

Жаброил олдида Буроқ чекиб,

Маркаб эрди Буроқу ул – рокиб;

Маккадин келди Байти Мақдисқа,

Сен бу йўлни соғинмағил қисқа.

Борди андин, фалакка майл этти,

Етти кўкка ўшал замон етти.

Анбиё бирла мухталит бўлди,

Нуридин жавфи осмон тўлди.

Кўрди дўзахни, биҳиштни ҳам,

Яхши афъолу бадсириштни ҳам.

 

НАСРИЙ БАЁН

Меърож сифатининг баёни

 

Бир кеча Аллоҳ таъолонинг инояти ва бениҳоят фазлу карами ва лутфи – илтифоти бўлиб, ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом (ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг опалари, Абу Толибнинг қизлари бўлмиш) Умму Ҳонийнинг уйларида ётган эдилар; шунда (фаришталарнинг улуғи) Жаброил алайҳиссалом осмондан тушиб келдилар; Жаброил алайҳиссалом ёнларида Буроқни ушлаб турар эдилар. Шунда Буроқ (учқур от) маркаб, яъни улов бўлди ва ул зот (Муҳаммад алайҳиссалом) рокиб – суворий бўлдилар.

Маккаи мукаррамадан Байти Мақдисга (Масжиди Ақсога) келдилар, сен бу йўлни қисқа деб гумон қилма.

 

ИЗОҲ. Бу ҳақиқат Қуръони каримда баён этилди; Исро сураси, 1-ояти маъноси:

Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)ни (жасади ила) кечаси Масжиди Ҳаромдан Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжиди Ақсога олиб борган Зот (Аллоҳ) шони юксак (ва ҳар турли нуқсонлардан пок)дир. (Буни) унга оятларимиздан бир қисмини кўрсатмоғимиз учун (қилдик). Шубҳасиз, Унинг Ўзи ҳаққоний эшитгувчи, кўргувчидир” (Исро сураси, 1-оят).

 

(Насрий баён.) Кейин у жойдан кетиб, осмон оламига майл этдилар. Шу лаҳзада етти қават осмонга етдилар. (У осмонларнинг ҳар бирида) пайғамбарлар билан мулоқот қилиб, кўришиб, суҳбатдош бўлдилар. Бутун осмон ичи Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг нурларидан тўлди. Шунда  у  зотга  дўзах  ҳам,  жаннат  ҳам  кўрсатилди,  (жаннатдаги) яхши феълли (солиҳ амаллар қилган) кишиларни ҳам, ёмон хулқли (қилмиши бад) кимсаларни ҳам кўрдилар.

 

ИЗОҲ. Меърож воқеаси улуғ бир мўъжиза бўлиб, инсоннинг ақлий мантиқи ҳудудидан ташқаридадир. Бунинг ҳақиқат эканлиги Қуръони карим оятлари ва энг саҳиҳ Ҳадиси шарифлар билан собитдир.

“Саҳиҳи Бухорий”дан; Ҳазрати Анас (ибн Молик розияллоҳу анҳу): “Ул зот (Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) осмонлар оламида ҳазрати Одам (алайҳиссалом)ни, ҳазрати Идрис, ҳазрати Мусо, ҳазрати Ийсо, ҳазрати Иброҳим (солавотуллоҳи алайҳим ҳазратлари)ни  кўрдилар”, деб айтдилар. Лекин уларнинг қайси манзилларда (қайси осмонларда) эканларини аниқ эсламадилар. Фақат ул Жаноб Одам алайҳиссаломни биринчи осмонда ва Иброҳим алайҳиссаломни олтинчи осмонда кўрганларини айтдилар, холос”.

 

Ҳазрати Анас (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом жаноб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳазрати Идрис (алайҳиссалом)нинг ёнларидан олиб ўтаётганларида, у киши: “Марҳабо (хуш келибсиз), эй солиҳ Пайғамбар, эй солиҳ биродар!” – дедилар. (Жаноб Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар:) шунда: “Бу киши ким?” – дедим. (Ҳазрати Жаброил:) “Бу киши Идрис (алайҳиссалом)”, дедилар. Кейин (Жаброил) мени ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг ёнларидан олиб ўтдилар. У киши: “Марҳабо, эй солиҳ Пайғамбар, эй солиҳ биродар!” – дедилар. Шунда: “Бу киши ким?” – дедим. (Ҳазрати Жаброил:) “Бу киши Мусо (алайҳиссалом)”, дедилар. Кейин (Жаброил) мени ҳазрати Ийсо алайҳиссаломнинг ёнларидан олиб ўтдилар. У киши: “Марҳабо, эй солиҳ Пайғамбар, эй солиҳ биродар!” – дедилар. Шунда: “Бу киши ким?” – дедим. (Ҳазрати Жаброил:) “Бу киши Ийсо (алайҳиссалом)”, дедилар. Кейин (Жаброил) мени ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнларидан олиб ўтдилар. У киши: “Марҳабо, эй солиҳ Пайғамбар, эй солиҳ биродар!” – дедилар. Шунда: “Бу киши ким?” – дедим. (Ҳазрати Жаброил:) “Бу киши Иброҳим (алайҳиссалом)”, дедилар”.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

2044 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top