Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат меърож сифатиға (Йигирма тўртинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ

ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур

хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА

НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Ишорат меърож

сифатиға

(Давоми)

 

Ҳамроҳи ожиз ўлди бормоқтин,

Эмас эрди бу ажз ҳормоқтин.

Кўргуликларни бордию кўрди,

Эшитур сўзини Ҳақ эшиттурди.

Уйғоқ эрдию Ҳақ бу лутф этти,

Ҳеч ким етмаганга ул етти.

Келди андин чу завқ бирла бери,

Совумайдур эди ҳануз ери.

Шак бу ишта кечурма кўнглунгда,

Фикри фосид эвурма кўнглунгда.

Борча Тенгри қошида осондур,

Қудрат олдида ақл ҳайрондур.

 

НАСРИЙ БАЁН

Меърож сифатининг баёни

(Давоми)

 

У  зотнинг  ҳамроҳи  (ҳазрати  Жаброил  алайҳисалом  Сидратул-мунтаҳога етганларида) ундан нарёққа боришдан ожиз бўлдилар (ва ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломни бошқа Илоҳий вакиллар олиб кетдилар), бу ожизлик асло чарчашдан эмас эди (балки, Сидратул-мунтаҳо  моддий  оламнинг  сўнгги  нуқтаси  бўлиб,  ундан  нарёғи  Аллоҳнинг ғайб олами бўлиб, Жаброил алайҳиссалом учун рухсат йўқ эди.)

 

ИЗОҲ. Аллоҳ таъоло Қуръонда айтади; Нажм сураси 13-14-оятлари маъноси: “Қасамки, уни (Жаброилни)  бошқа  бир  карра  (меърождан  қайтишда)  Сидраи  мунтаҳо (еттинчи осмон) ёнида кўрди”.

(Номи келган  Сидратул-мунтаҳо  –  охирги  дарахт,  тугаш  дарахти  дегани бўлиб, моддий оламнинг ва уларга оид илмнинг сўнгги нуқтасидир. Ундан нарёғи Аллоҳнинг ғайб оламидир.)

 

(Насрий баён.) Сўнг (ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом) бориб, кўриладиган нарсаларни, буюк аломатларни (мислсиз ажойиботларни, Илоҳий сирларни) кўрдилар ва шунда (у зотга тегишли) эшитадиган сўзларини Ҳақ таъоло айтиб эшиттирди (беш вақт намозни фарз қилди). Бу меърож воқеасида (ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом) уйғоқ эдилар (ва жисму жонлари билан бордилар), Аллоҳ таъоло лутф қилди – илтифот кўрсатди, ҳеч ким етмаган манзил ва мақомга (даража ва мартабага) у зот етдилар.

Меърождан сўнгсиз завқу шавқ билан қайтиб келганларида, ҳали ётган жойлари совумаган (ва эшикнинг ҳалқаси ҳам қимирлаб турар) эди. (Эй инсон!) Кўнглингда бу иш ҳақида шак-шубҳа кечирма, яна кўнглингда фосид-бузуқ фикрни айлантирма. Аллоҳ таъолонинг наздида ҳамма нарса осондир, Илоҳий қудрат олдида ақл (ожиз ва) ҳайрондир.

 

ИЗОҲ. Ҳазрати Ибн Аббос ва ҳазрати Абу Ҳаййа ал-Ансорий ривоят қиладилар: Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кейин (Жаброил алайҳиссалом) мени шунчалик юксакликка олиб чиқдиларки, ҳатто, ўша жойда (Аллоҳ таъолонинг амр-фармонларини) ёзаётган қаламларнинг шарпаларини эшитдим” (“Саҳиҳи Бухорий”, 349, 3342).

Аллоҳ таъоло меърож тонгида аввал эллик вақт намозни фарз қилди. Кейин уни беш вақт намозга туширди! Лекин савоби эллик вақт намоз савобига тенгдир! (Қаранг: “Саҳиҳи Бухорий”, 349, 3342).

 

ИЗОҲ. “Кўргуликларни бордию кўрди, Эшитур сўзини Ҳақ эшиттурди” деган сатрлар ушбу ояти карималарга ишорадир Нажм сураси, 18-ояти (маъноси): “Шу аснода (Аллоҳ) ваҳй этган нарсани (Жаброил орқали) бандасига ваҳй қилди. Қасамки, у Раббининг энг буюк оят-аломатларидан (далилларидан) бир қисмини кўрди”.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

            Мирзо КЕНЖАБЕК

2018 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top