Мақолалар

Даврий нашрларимизда: Имом-хатиблик – ҳам шараф, ҳам масъулият

Динимиз таълимотла­ри­ни инсонларга етказиш ва бу йўлда уларга муал­лимлик қилиш – ғоят ша­рафли вазифа. Чунки бу ра­суллар ва набийлар­­нинг йўлидир. Энг муҳи­ми, имом-хатиб­лар Ра­су­луллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг маънавий мерос­хўрлари ҳисобланади. Имом-ха­тиблик шарафли вазифа бўлиши билан бирга ўта масъулиятли ҳам­дир. Чунки имомнинг биргина хатоси ёки эътиборсизлиги оқибатида кўплаб одамлар адашиши мумкин. Шунинг учун имом-хатиб­лар доимо ўз устларида ишлаб, илм ва тажрибаларини ошириш­лари, халқ­ни, миллатни доим тўғри йўлга даъват этишлари лозим.

Қадимдан диёримизда илм аҳлининг, имом-хатиб­ларнинг мавқеи баланд бўлган. Бугун ҳам уларга бўлган талаб ва ишонч ҳар қачонгидан юқори. Муҳтарам Юртбошимиз: “Имом-хатиблар кенг жамоатчилик орасида мамлакатимизда ҳукм сураёт­ган тинчлик ва хотиржамликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай барқарор ва осойишта муҳит осмондан тушмаётганини тар­ғиб этиш, ота-боболаримиз минг йил­лардан буён пок сақ­лаб келаётган Ислом дини ҳар қандай зўравон­ликка, буз­ғунчиликка, бе­гуноҳ инсон­ларнинг қони­ни тўкишга мутлақо қарши эканини оят ва ҳадислар асосида, жонли мисоллар ёрдамида таъсирчан етказиб беришлари зарур”, дея таъкидладилар.

Дарҳақиқат, имом-хатибларимиз олдида улкан вазифалар жуда кўп. Улар халққа диний таълимотларни ўргатиш билан бир қаторда тинчлигимиз ва хавф­сизлигимизга рахна сола­диган турли оқим ва фир­қаларнинг кирдикорла­ри, зарарлари ҳақида ҳам маълумотлар бериб бориш­лари ғоятда муҳимдир. Акс ҳолда жамият орасида ло­қайдлик ва бепарволик юза­га келади. Мана шу нуқ­таи назардан ҳам имом-ха­тиб доимо огоҳ бўлишга ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб этишга бурчлидир.

Шунингдек, бизга берилган тинчлик неъматини қадрлаб, унинг шукронаси­ни қилишда бошқаларга намуна бўлишлари ҳам айни муддаодир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман» деб мар­ҳамат қилади (Иброҳим су­раси, 7-оят).

Аллоҳ таоло юртимизни ҳамиша тинч ва обод айласин, халқимизнинг маънавияти юксак бўлишини насиб этсин. Барчамизни Ўзига кўп шукр қилувчи бандаларидан қилсин!

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака тумани бош

имом-хатиби

 

“Ҳидоят” журналининг 6-сонидан олинди

1991 марта ўқилди

Мақолалар

Top