Мақолалар

ХАЛҚҚА  ҲАҚНИ  ЕТКАЗУВЧИЛАР

Ислоҳот

 

Сен ҳаммадан суюксан, суюклигинг унутма, аёл!

Фарзанд деб дил куюксан, куюклигинг унутма, аёл!

Пайғамбару авлиё, жаҳонгирга сен Она,

Шу боис ҳам буюксан, буюклигининг унутма, аёл!

  

Илм ўз соҳибини дунёда азиз ва охиратда шарафли(Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу) қилиш баробарида, унга бир неча масъулиятни ҳам юклайди. Хусусан, илмига амал қилиш, билганларини билмаганларга етказиш орқали киши – хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – Аллоҳ таолодан ҳақиқий қўрқадиган (Қуръони карим Фотир сураси 28 оят), асло билмайдиганлар билан тенг бўлмайдиган(Қуръони карим Зумар сураси 9 оят) даражага эришади.

Ҳар доим жамият учун олим киши қанчалик зарур бўлса, отинойи ҳам шунчалик муҳим бўлган. Ҳатто фарзанд тарбиясида ота, (яъни эркак)дан кўра, аёлнинг ўрни жуда аҳамиятлидир. Шу маънода, бугун жамиятни катта бир оилага қиёсласак (зотан, жамият оилалардан таркиб топган), отинойиларнинг ўрни нақадар муҳим экани яққол кўзга ташланади. Бежиз доно халқимиз: “Ўғил бола тарбияси – шахс тарбияси, қиз бола тарбияси – жамият тарбияси”, демаган.

Отинойи – аёл-қизлар мураббийси, диний маросимларга бошчилик қиладиган, дин ва шариат билимдони, шунингдек, дунёвий илмларни ҳам эгаллаган маърифатли аёлдир.

Замонасининг отинойилари ҳисобланган маърифатли аёллар Қуръони карим қироати, тафсир, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган. Анбар Отин, Жаҳон Отин Увайсий, Зебуннисо, Нодирабегимлар нафақат шаръий билимлар, шу билан бирга, сиё­сат ва маданият соҳасида ҳам етук билимга эга бўлишган.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг диний-маърифий савиясини ошириш, бидъат ва хуро­фотларга барҳам бериш, қалбларга соғлом исломий ақидани сингдириш­га катта аҳамият берил­моқ­да. Бу жараёнда диний соҳа ходимлари қаторида отинойилар ҳам фаол иштирок этаётгани ҳам замон талаби, ҳам бу борадаги улкан натижалар асоси бўлаётир.

Отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенг. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2019 йил 2 декабрдаги 188-сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 январдаги 01-07/1-88-сонли қарорларини ижро этиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 6 февралдаги 01 А/019-сонли, 2019 йил 9 октябрдаги 01 А/156-сонли ва 2019 йил 23 декабрдаги 01 А/202-сонли буйруқларини амалга ошириш учун Дин ишлари бўйича қўмитанинг муҳим тавсиялари, бевосита кўмак ва улкан ёрдамлари ҳамда Қўмита раисининг ўринбосарлари ҳурматли Дилбархон опа Ғуломованинг қимматбаҳо йўл-йўриқлари асосида Республикада меҳнат қилаётган отинойиларимиз билан катта хайрли ва айни пайтда даркор ишлар бажарилди.

 Шу мақсадда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қарори асосида отинойилар фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.  Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасдиқлаган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, отинойининг лавозим йўриқномаси ҳамда отинойилик фаолиятини тизимга солишга доир тегишли қоидалар жорий этилди.

Отинойилар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг билимларини ошириб бориш мақсадида 2019 йилнинг сентябрь ойидан 2020 йил март ойигача ўқув-семинарлар ташкил этилди. Ўқув-семинарларда қатнашган 5746 нафар отинойиларга сертификатлар топширилди.

Малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўлимлари фаолиятини илмий, ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштириш Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Илмий-услубий кенгаш томонидан амалга оширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи билан тасдиқланган ҳужжат отинойилик фаолияти билан шуғулланиш учун гувоҳнома бериш тартиби, отинойи мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш, отинойиларнинг билим ва малакасини тизимли ошириб бориш каби масалаларни ўз ичига олган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан фаолият юритиб келаётган барча отинойиларга ягона шаклдаги гувоҳномаларни бериш йўлга қўйилди.

2019 йил ноябрь ойидан 2020 йил декабрь ойига қадар Республика бўйлаб сертификат олган отинойиликка номзодлар учун малака имтиҳонлари ташкил қилинди. Синовлардан муваффақиятли ўтган отинойиларимизга гувоҳномалар топширилди. Гувоҳномалар муддати 3 йил этиб белгиланди.

Малака имтиҳонлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилди. Ҳайъат аъзолари хатто пандемия, карантин вақтида ҳам барча карантин талабларига риоя этган ҳолда малака имтиҳонларини ўтказиб, жонбозлик кўрсатиб, отинойиларимизнинг билимларини муносиб баҳолашда ўз ҳиссаларини қўшдилар. Имкон қадар Республикамизнинг барча чекка ҳудудларига ҳам маърифатли отинойиларни белгилаб беришдек улкан вазифани адо этдилар.

Шу ўринда алоҳида таҳсинга сазовор бўлган қуйидаги муҳтарам устоз опаларимизга, фурсатдан фойдаланиб, чуқур миннатдорчилигимизни изҳор этамиз! Ўзларининг улкан ҳаётий тажрибалари, бетакрор доно ўгитлари ва шахсий гўзал намуналари билан ҳаммамизга ёрқин ва беқиёс ибрат бўлиб келаётган катта устоз Фаридахон опа Абдурахимова, отинойиларимизга беминнат маслаҳатлари ва беғараз кўмаклари билан ҳизмат қилаётган устоз Мунирахон опа Абубакирова ҳамда тегишли ва фойдали бебаҳо кўрсатмалари билан отинойиларга дардкаш бўлиб келаётган устоз Марямхон опа Абдуллаева ларнинг намунавий одоб-ахлоқларидан нафақат ҳамма опа-сингилларимиз, балки ҳар бир отинойимиз ҳам ўзларига ибрат олсалар, бугунги замон талабларига мувофиқ бўлар эди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича малака имтиҳонидан ўтган 4364 нафар отинойининг рўйхати тасдиқланди ҳамда уларнинг фаолият юритишига рухсат берувчи гувоҳномалар топширилди. Улар ичида 60 ёшдан юқори бўлган онахонларимиз қаторида 40 ёшгача бўлган отинойиларимиз ҳам мавжуд. Отинойиларимизни аксариятини эса 40 ёшдан 60 ёшгача опаларимиз ташкил этди. Республика бўйича 611 та отинойимиз олий маълумотга, 8 та олий диний ва 119 та ўрта махсус диний маълумотга эгалар.

Гувоҳнома олган отинойиларимизга вазифалар белгилаб берилиб, ўз ҳудудидаги вилоят, шаҳар-туман ва маҳаллий имом-хатибларга бириктирилди.

Отинойиларимиз ўз фаолиятларини республика, вилоят, туман (шаҳар) ҳамда маҳалла даражасида тузилган тарғибот гуруҳлари билан ҳамкорликда бириктирилган ҳудудларда олиб бориш йўлга қўйилди.

Худо хохласа, отинойилар хотин-қизлар ўртасида ёт ғояларга эргашиш, бидъат-хурофот амалларга берилмаслик, шунингдек, оилада эр ва хотиннинг вазифалари, фарзанд тарбияси ва бошқа долзарб ижтимоий масалаларда ташвиқот ишларини олиб боришни мунтазам равишда ҳамкор ташкилотлар ва маҳалла фаоллари билан биргаликда амалга оширадилар.

Хулоса қилиб айтганда, барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш – осон иш эмас. Шу билан бирга, Ислом динининг мўътадил, бағрикенг таълимотларини, инсонпарварлик ва бунёдкорлик ғояларини, мамлакатимизда ҳар жабҳада, хусусан, диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқларни оммага етказишда фидойилик талаб этилади.

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, Янги Ўзбекистонимиз келажаги, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги ҳамда пок динимиз ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг раҳбарликлари остида ҳукуматимиз ва Диний идорамиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда ҳурматли отинойиларимиз ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар, деб умид қиламиз.

Бунинг учун билим, тажриба, маҳорат ва матонат лозим. Бу ишларни муваффақият билан уддалаётган отинойиларни халққа ҳақни етказувчилар дегим келди...

 

Юксак эҳтиром ва камоли ҳурмат ила

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

2872 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top