Мақолалар

Хаворижлар ва муътазилаларга раддия берган аллома

Имом Абу Мансур Моту­ридий ўз таълимоти ва ил­­мий асарлари билан Мо­ва­роуннаҳр­да тавҳид илми­нинг ривож­ланишига кат­та ҳисса қўш­ди. Илоҳиёт илм­ларининг тўла шакл­ланиб, такомилга етишида, қайта ишланиб, маълум тизимга солинишида мислсиз хизмат қилди. Буюк аллома ўз қарашлари билан Ўрта Осиё халқларининг анъаналари ва урф-одат­лари ҳанафий­лик таълимоти билан чам­барчас боғ­лиқлигини кўр­сата олди.

Улуғ ватандошимиз асос солган таълимот Ислом ди­нининг буюк ақидавий мактабларидан бири сифа­тида кенг кўламда тан олинди. Аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафий мазҳа­би вакиллари ақидада Имом Мотуридий ва унинг шогирдлари ҳамда издошла­ри ёзиб қолдирган қиммат­ли асарларга таяниб иш кўришади. Эътиборлиси, Ислом оламининг акса­рият минтақаларида, хусу­сан, Сурия, Ироқ, Туркия, Покис­тон, Ҳиндистон, Шимолий Африкада мотуридия таълимоти ҳозир ҳам ўрта ва олий диний ўқув юртларида мустақил фан сифатида ўқитилади.

Имом Мотуридий ўн бешдан ортиқ асар ёзган. У зот фиқҳ, калом ва тафсир йўналишларида битилган китоблар муаллифидир. Алломанинг фиқҳ илми ва унинг усулига бағишланган “Маъхазуш шариъа” (“Ша­риат асослари манбаи”) ҳам­да “Китобул жадал фи усулил фиқҳ” (“Фиқҳ асослари ҳақида жадал баҳс”) номли китоблари машҳур.

Тафсирга оид – “Таъви­ло­ту аҳлис сунна” (“Аҳли сун­­на ҳақида изоҳлар”) аса­­ри, асосан, калом илми­га бағишлангани туфайли ун­да ақидага доир оятларни шарҳлашга кенг ўрин берилган. Муаллиф тафсирда ўз замонасидаги мўъта­зила, хавориж, карро­мия, жабария каби оқимлар­ни зикр этиб, уларнинг Қуръон оят­ларига берган нотўғри талқинларини тўғри тан­қид қилган. Шунингдек, му­шаббиҳа (Аллоҳ таолони, унинг сифатларини махлу­қотларининг сифатла­ри­га ўхшатадиганлар), му­­нажжим (юлдузга қараб фол кўрадиганлар), фолбин ва бошқаларнинг фикрларини чуқур таҳлил қилган ва уларга асосли раддиялар берган. Демак, аллома ўзи­нинг далилларга таянган, дунёқарашию соғлом тафаккури билан турли фир­қаларга қарши кескин кураша оладиган даражада кучли билим соҳиби бўлган.

Абу Мансур Мотури­дий ҳанафий илоҳиётшуносла­рига катта таъсир кўр­сатди. Шунинг учун унинг қа­раш­лари аввал Мовароуннаҳр­да, кейин Хуросон ва бош­қа минтақаларда кенг тар­қал­ди. Шунингдек, Имом Моту­ридий Абу Ҳанифанинг қа­рашларини тизимлаштиргани учун кейинги ҳа­на­фий олимлар ақидада “мотуридийлар” дейилган. Зеро, Имом Мотуридий мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг эътиқодий қарашларини ривожлантирган ва тизимлаштирган буюк олим си­фатида танилди.

Калом илмида Мотури­дийнинг “Китоб ат-тавҳид” асарининг ўрни беқиёс. Абу Мансур Мотуридийдан ке­йин ўтган таниқли олимлардан Абу Муин Насафий ва Абу Юср Паздавий асарни мазкур ном билан, Ҳожи Халифа ва Бағдодий эса, “Китоб ат-тавҳид ва исбот ас-сифат” номи билан зикр этишган.

Бизгача мазкур асарнинг ягона нусхасигина етиб келган, у Кембриж университети кутубхонасида сақланади. 1970 йили мисрлик олим Фатҳуллоҳ Хулайф узоқ йиллар давом этган изланишлари натижасида Байрутнинг “Дор ал-маш­риқ” нашриётида “Китоб ат-тавҳид”ни нашр қилдирди. Нашрда бир талай камчиликларга йўл қўйилганига қарамай, у ўзидан кейинги тадқиқотлар учун манба сифатида аҳамиятлидир. “Китоб ат-тавҳид” бир неча марта қайта-қайта нашр этилди.

Имом Мотуридий ҳана­фийлар томонидан аҳли ­сунна вал жамоанинг та­­ниқли имоми, унинг фикр­лари эса аҳли сунна вал жа­моанинг қарашлари сифатида кўрилган.

Абу Юср Паздавий (493/ 1099), Абу Муин Насафий (508/1114), Умар Насафий (537/1142), Алоуд­дин Са­марқандий (539/1144) ва Нуриддин Собуний (580/ 1184) каби атоқли олимлар фиқҳ­да Имоми Аъзам Абу Ҳани­фанинг, эътиқодда эса Имом Мотуридийнинг қа­рашла­рига асосланишган.

Имом Мо­туридий милодий 944 йили вафот этиб, Самарқанднинг маш­ҳур Чокардиза қабристони­да дафн этилган. XX аср бошларида академик В. Бартольд Самарқандга сафари пайтида Чокардиза қабристонида бўлгани ва у жойда Имом Мо­туридий мақбарасини кўр­га­ни ҳа­қида ёзган.

2000 йили Имом Мотури­дий илмий меросини ўрга­нишга бағишлаб ўт­казил­ган анжуман арафа­сида Чо­кар­диза қабристони ўр­ни­да майдони 3,5 гектар­лик мажмуа барпо этилди. Мажмуа марказида Абу Мансур Мотуридий мақба­раси бунёд қилинди.

Мотуридий мақбараси­ни тиклаш жараёнида кўп­лаб фақиҳ ва уламолар­га мансуб қабртошлар (қайроқ тошлар)нинг топилиши қо­рахонийлар даврига оид янги маълумотларни юзага чиқарди.

Имом Мотуридий ва унинг илмий меросини ўр­ганиш бугун ҳам долзарблигича қолмоқда. Алломанинг асарлари ҳамон ўзбек тилига таржима қилинмаган. Европа ва Туркия олимлари томонидан калом илми тарихига доир қатор тадқи­қотлар амалга оширилган бўлса-да, Марказий Осиё ҳудудида ушбу йўналишда ҳали кўплаб илмий ишлар ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

Имом Бухорий халқаро

илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими

2010 марта ўқилди

Мақолалар

Top