Мақолалар

“Кўринмас ёв” ёнимизда: эҳтиёт бўлайлик!  Бепарволик — ўзингизга, яқинларингизга, халқимизга хиёнат

Огоҳлик

 

 

Бутун башарият синовли ва оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Коронавирус пандемияси дунёни серҳаракат ҳаётидан тўхтатиб қўйгани ҳеч кимга сир эмас.

Бу касаллик, афсуски, халқимизни ҳам ўз исканжасига олди. Бироқ кўнгилга таскин-тасалли берадигани — Президентимизнинг қатъий иродаси, оқилона ёндашуви натижасида юртимизда бугунги кунда эпидемиологик вазият анча яхшиланди.

Тан олишимиз керак: хавфли инфекцияга қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича қўлга киритилган ютуқларга осонликча эришилгани йўқ. Ўрнатилган карантин тартиблари сабаб баъзи корхона ва ташкилотлар ўз ишини тўхтатди ёки уларнинг фаолиятида узилишлар, қисқаришлар рўй берди. Шу сабаб кўплаб юртдошларимиз ўз ишидан, даромадидан айрилди.

Энг ачинарлиси, ушбу хавфли дард юзлаб инсонларни орамиздан бевақт олиб кетди. Улар орасида таниқли давлат арбоблари, илм-фан, адабиёт, санъат ва маданият намояндалари борлиги барчамизга маълум. “Кўринмас ёв” билан аёвсиз курашда олдинги қаторларда борган, ўз ҳою ҳавасини унутиб, ўзгаларнинг ҳаётини сақлаб қолишни муқаддас бурчи деб билган кўплаб жавоҳир инсонлар — шифокор ва ҳамширалар вафот этди. Кутилмаган жудоликлар миллионлаб қалбларга унсиз фарёд, ғам-алам солди.

Сўнгги маълумотларига кўра, бутун дунёда мазкур хасталикдан бу ёруғ оламни тарк этганлар сони шу кеча-кундузда 1 миллион 710 минг нафардан ошиб кетди.

Айтиш мумкинки, коронавирус таҳдиди бутун ер юзи аҳолиси учун ҳамон кескин. Бироқ... Ён-веримизга эътибор билан қарасак, бугун айрим юртдошларимиз бу гапларни худди ўтиб кетган кечаги тушдек ёки ёш болага айтиладиган эртакдек қабул қилаётганини кўриб, ҳайрон қоламиз. Баъзилар ҳатто кўпчилик йиғиладиган жойларда, жамоат транспортларида ҳам тиббий ниқоб тақмай қўйди. Ўзаро ижтимоий масофа сақлаш-ку бутунлай унутилди, десак, муболаға эмас. Чойхонаю кафелар, кўнгилочар масканлар пандемиядан олдин қандай гавжум бўлса, бугун ҳам деярли шундай. Тўйхонаю ресторанларда гумбур-гумбур оилавий тадбирлар, тантаналар авжида. Боғу хиёбонларда бошини бошига қўйиб, кулишиб ўтирган жуфтликларга ёки қучоқлашиб кўришаётган қадрдонларга (пандемия даврида бу ҳаракатни қадрдонлик деб бўлмайди) “Хой, инсофинглар борми? “кўринмас душман” ҳали ён-атрофимизда, касаллик ҳали тарк этгани йўқ, бу нима қилиқ?” десангиз, ажабланиб қарайди. Сўзингизни оғзингиздан чиқмай ёқангизга ёпиштирадиганлар ҳам бор: “Ишингиз нима? Мен касал эмасман!”

Аслида, ҳамма бало мана шундай муносабатдан бошланади. “Мен касал эмасман, ён-веримиздагилар ҳам бинойидек юришибди-ку”, дея хотиржам бўламиз. Шахсий гигиена ва тозалик тартиб-қоидаларига бефарқ қараймиз. Одамларнинг карантин талабларини кўр-кўрона бузаётгани, масалан, тиббий ниқоб тақмай юрганини лоқайдларча кузатамиз. 30 кишилик тўю базмларимиз 500 кишилик тантаналарга айланиб кетса-да, парво қилмаймиз...

Кўза эса кунда эмас, кунида синади. Касалликка чалиниб, ўлим шарпаси кўз олдимизда намоён бўлганида ақлимиз киради. Аммо унда кеч бўлади. Биз чиқмоқчи бўлган поезд аллақачон ўтиб кетган бўлади. Вақт эса оқар сув мисоли ортга қайтмайди. Ачинарлиси, нафақат ўзимиз, балки яқинларимиз, атрофдаги кўплаб инсонларнинг шу балога йўлиқишида айнан биз, бизнинг бепарволигимиз, ўз соғлиғимизга бефарқлигимиз, жамиятга лоқайдларча муносабатимиз сабабчи бўлади.

Бу хавотирларимиз ортиқча ҳаяжонга берилиш эмас. Ахир бугунги кунда ҳам шифохоналаримизда коронавирусдан беморлар даволанмоқда. Юртдошларимиз турли сабаблар билан хорижга бориб-келиб туришибди. Янги йил байрами яқинлашаётган айни кезларда томошаю сайиллар қизигандан қизиб бормоқда.

Шу кунларда чет мамлакатларда пандемия янги бир чўққига чиққани ҳақида оммавий ахборот воситаларида тинмай бонг урилмоқда. Шу сабаб ушбу ҳудудларда карантин чекловлари янада қатъийлаштириляпти. Масалан, Туркияда карантин чекловлари жуда жиддий кучайтирилди. Ҳозир бу ерда ҳафта охирида икки кун кўчага чиқиш тақиқланган. Тартибга риоя этмаганларга катта миқдорда жарима қўлланилмоқда. Кучли эпидемиологик вазият боис 20 декабрдан Буюк Британиянинг жануби-шарқида ва Лондонда максимал тўртинчи даражадаги чекловлар жорий этилди.

Боз устига, Буюк Британия, Дания, Нидерландия, Aвстралия ва яна бир қанча давлатларда коронавируснинг янги тури аниқланганини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тасдиқлади.

Хатарлиси шуки, инглиз олимларининг қайд этишича, коронавируснинг мутацияга учраган янги тури маълум штаммларга қараганда тез тарқалади. Жумладан, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон ушбу мутация ҳосиласи вируснинг бошқа турларига қараганда 70 фоиз тез тарқалишини айтиб ўтди.

Лондон Империал коллежи профессори Нил Фергюсоннинг таъкидлашича, коронавируснинг янги тури аввалги турига нисбатан асосан болалар учун юқумли.

Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб давлатлари вируснинг янги тури аниқланган мамлакатлардан келаётган инсонларга ўз чегараларини ёпмоқда. Масалан, Саудия Арабистони бир қатор мамлакатларда коронавируснинг янги тури аниқлангандан сўнг халқаро парвозлар, жумладан, Умра зиёрати учун халқаро парвозларни ҳам вақтинча тўхтатди.

Медиа маконда Ўзбекистон ҳам бу борада кескин чоралар кўраётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Хусусан, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, жорий йил 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилди.

Шу билан бирга, мазкур давлатлар фуқаролари, ушбу юртларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур ҳудудларда бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасига киритилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикасида бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали юртимизга кириб келаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши белгилаб қўйилди.

Демак, вазият чиндан ҳам жиддий. Ахир бундай чекловлар мамлакатимиз учун кўплаб иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради. Моддий йўқотишларга қарамай, халқимиз соғлиғи, эртанги тинч-хотиржам ҳаёти учун кескин чоралар кўрилаётган айни кунларда кўнгил майлиги бўйсуниб, қандайдир майда ҳою ҳавасларимизни деб, бепарволикка йўл қўйишимиз мумкинми?! Аслида, бу саволга “Асло, йўқ!”, деб жавоб беришимиз, қилаётган ишларимизни чуқур тафаккур этиб виждонимиз қийналиши керак. Бинобарин, мудроқ кайфиятдан қутилмас эканмиз, эзгу орзу-ниятларимиз рўёби кечикаверади.

Шундай экан, Президентимиз юртимизда илк беморлар қайд этилган кунларда қатъий таъкидлаган қуйидаги фикрлар бугун ҳам ниҳоятда долзарб:

“Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади. Чунки, коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши керак”.

Демак, “кўринмас ёв” ёнимизда экан, эҳтиёт бўлайлик. Бепарволик — ўзингизга, яқинларингизга, халқимизга хиёнат.

 

Дилшод КАРИМОВ

(“Халқ сўзи”)

1669 марта ўқилди

Мақолалар

Top