Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари ва саховатлари

276. Жобир розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бир киши бир нарса сўраган бўлса, у нарса ўзларида бор бўла туриб ҳаргиз йўқ демаганлар. Агар йўқ бўлса, ваъда қилар ёки ҳақига яхши дуо қилардилар. 

277. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсонда ва карамда башар жинси қила олмаган саховатни қилар эдилар. Ўзлари дарвешона ҳаёт кечирар эдилар. Лекин эҳсонда шаҳаншоҳлардан ўтар эдилар. Бутун йил аҳволлари шу бўлди. Лекин рамазони муборакда карамлари ҳаддан ташқари бўлар эди. Хусусан, Жаброил алайҳиссалом келиб Қуръони каримни эшиттирар вақтларида, ёмғир келтирадиган шамолдан ҳам зиёда сахий бўлар эдилар. Дўст ва аҳли ва ноахил ҳамма баробар наф олар эди.

278. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эртанги кун учун хеч бир нарсани захира қилиб олиб қўймас эдилар. Балки Аллоҳ таолога таваккул қилар эдилар. Яъни, шу бугун нима мавжуд бўлса, еб-едириб тамом қилар эдилар. Эртага зарурат бўлиб қолур деган хаёл билан олиб қўймас эдилар. Бу ҳол ўз хусусларида эди. Аммо волидаларимиз нафақаларини ўз-ўзларига топшириб берар эдилар. Ўз ҳақларига ўзлари озод ва ўзлари мухтор эдилар. Хоҳлаганларидек тасарруф қила олар эдилар, хоҳласалар сақлаб қўяр эдилар, хоҳласалар тақсим қилиб халос қилар эдилар. Лекин Жанобнинг хонадонлари ҳар бир ҳолатда Жанобга эргашар эдилар.

279. Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ҳожат талаб қилиб келди. Жаноб дедилар: Бу соатда менинг қошимда ҳеч бир нарса йўқки, сенга берсам. Энди сен менинг номимдан керакли нарсангни сотиб ол. Қачон менга бирор нарса пайдо бўлиб қолса, қарзни мен узаман. Умар дедиларки: Ё, Расулаллоҳ қўлларида давлат бор замонда бердилар, энди қудратлари етмаган нарсани бермакка мукаллиф эмаслар-ку? Жанобга Умар розияллоҳу анҳунинг сўзлари номуносиб кўрилди. Шу соатда мадиналик бир саҳоба дедилар: Ё, Расулаллоҳ, ҳар йўл билан бўлса ҳам берсинлар. Арш Молики тарафидан келадиган атоларни кам бўлишидан қўрқмасинлар. Жаноб у зот сўзларидан табассум қилдилар ва дедиларки: “Шу нарсага буюрилганман”.

280. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар. Ва унга мукофот ҳам берар эдилар. Ва мукофотлари олган ҳадяларидан яхшироқ нарса бўлар эди.

281. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пардада ўтирган қиз боладан ҳам зиёда ҳаёли эдилар. Қачон бир нарсани ёмон кўрсалар ёмон кўрганликларини бизлар чеҳраларидан билар эдик. (Яъни, тиллари билан баён қилмас эдилар).

282. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Мен Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ниҳоятда ҳаёли бир инсон бўлганликларидан бирор бор уят ерларига боқа олмадим ва боқмадим.

И з о ҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда шармли, уятчан бир инсон бўлганликларидан уят ерларини шу қадар эхтиёт билан беркитар эдиларки, ҳатто волидаларимиздан ҳам махфий тутар эдилар. Ҳаммадан маҳбуб, ҳаммадан бемалол эрка хотинлари модомики кўра олмаган бўлсалар, бошқа волидаларимиз ҳеч кўра олмаган бўладилар. Энди ўз ҳамхоналаридан шу даражада эҳтиёт қилиб уят ерларини кўрсатмаган зоти ақдас бошқанинг авратини қандай кўра олурлар. Онамиз Умму Салама розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон аҳлияларидан бирлари билан суҳбат қилмоқчи бўлсалар, кўзларини беркитиб, бошларини паст қилиб олар эдилар. Ва аҳлияларига ҳам оғир мижоз ва шармлик туришга амр берар эдилар.

(Давоми бор)

“Шамойили Муҳаммадия” китобидан

1893 марта ўқилди

Мақолалар

Top