Мақолалар

Фитналардан сақланайлик

Муқаддас динимизда ўзаро тотувлик билан хаёт кечириш, жамиятдаги бирдамлик ва меҳр-муҳаббат каби хислатлар қадрланади. Чунки тинчлик-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди. Одамлар орасида фитна ва ихтилоф чиқариш, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилиш қаттиқ қораланади.
Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ

яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят).

Диний манбаларда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг кўламга эга эканлиги билан изоҳланади. Албатта, мол илинжида, ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига қарши қайраш, низо чиқариш орқали биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлишини инобатга олсак, жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз.
Яна ҳар кимнинг гапини ҳақиқат деб эргашиб кетавермаслик керак. Бирор янгиликни ўқиганда, унинг манбасини яхшилаб текшириш, бу қанчалик ҳақиқат экани, у кимнинг фойдасига хизмат қилишини аниқлаш даркор. Баъзан ёшларимиз ижтимоий тармоқ сайтларида эълон қилинган ёлғон-яшиқ маълумотларни ҳам бошқаларга тарқатадилар, уни муҳокамага қўйиб, одамларни чалғитадилар. Бу эса динимизда қаттиқ қораланган амалдир. Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:

مَنْ دَعَا إِلَى هُدًى كَانَ لَهُ مِنْ الْأَجْرِ مِثْلُ أُجُورِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئًا، وَمَنْ دَعَا إِلَى ضَلَالَةٍ كَانَ عَلَيْهِ مِنْ الْإِثْمِ مِثْلُ آثَامِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ آثَامِهِمْ شَيْئًا

(رواه الإمام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ким ҳидоятга чақирса, унга (ўз ажри билан бирга) эргашувчиларнинг ажрича ажр бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг савобини камайтирмайди. Ким залолатга чақирса, унга (ўз гуноҳи билан бирга) эргашувчиларнинг гуноҳича гуноҳ бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг гуноҳини камайтирмайди”.
Фитналар қаршисида ҳар кимнинг асл қиёфаси фош бўлади. Ҳақиқий ватанпарвар, имонли кишилар кимлар-у, хоин-худбинлар ким — ҳаммаси аниқ бўлади.
Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Биз эса бу фитналарга алданмаслигимиз керак. Фитналарнинг нечоғли зарарли, ёмон оқибатларга олиб келишини ҳаётда кўрдик. Бу хатони такрорлашга асло ҳаққимиз йўқ.
Халқ ичига фитна солмоқчи бўлганларга ҳар биримиз насиҳат қилиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам ҳаётимизга шукр қилишни тарғиб қилишимиз керак.
Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар бор жойда ривожланиш, эркинлик бўлади. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаётган, уй-жойсиз қолиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам чиқармай қўйган миллионлаб инсонлар бор. Бу воқеаларни тафаккур қилган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши ҳам улкан неъмат эканини англайди.
Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин! Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин.

Нуруллоҳ Қодиров

2329 марта ўқилди

Мақолалар

Top