Мақолалар

Фақир ҳоким

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саид ибн Омир розияллоҳу анҳуни Ҳимсга волий қилиб юборган эдилар.

Мадинага Ҳимсдан вакиллар келганда, Умар розияллоҳу анҳу улардан ҳимслик фақирлар рўйхатини тузиб беришни сўрадилар.

Рўйхат тузилиб, халифага тақдим этилди. Умар розияллоҳу анҳу рўйхатни кўздан кечираётганларида кўзлари Саид ибн Омир розияллоҳу анҳунинг исмларига тушди. Ҳайрон бўлдилар. Чунки ҳокимнинг исми фақирлар рўйхатида турганди. Одамлардан бу ҳақида сўраганларида, улар ҳокимнинг фақир эканлигини, «Аллоҳ таолонинг ҳузурида бу шаҳар аҳолиси борасида сўраладиган киши бўлсам, бу пулларни нима қиламан» деб маошларини мискинларга тарқатишларини айтишади.

Умар розияллоҳу анҳу Ҳимсга борганларида, аҳолидан ҳокимлари қандай ишлаётгани ҳақида сўрайдилар. Улар Саид ибн Омир розияллоҳу анҳунинг тўртта ишидан шикоят қилишади.

«То чошгоҳ вақтигача олдимизга чиқмайди. Кечқурун бирор кишига жавоб бермайди. Ойда икки кун олдимизга чиқмайди. Баъзида ўзидан кетиб қолиб, ҳушини йўқотади» дейишди.

Бу гапларни эшитиб, Умар розияллоҳу анҳу паст овозда «Эй Аллоҳ, уни энг яхши бандаларингдан деб биламан. Менинг у ҳақидаги фикримни ўзгартирмагин» деган маънода дуо қилдилар.

Шундан сўнг Саид розияллоҳу анҳуни чақиртириб, аҳолининг шикоятини у кишига айтадилар. Саид розияллоҳу анҳу «Чошгоҳ вақтигача олдимизга чиқмайди» деяптилар. Аллоҳга қасамки, бунинг сабабини айтишни ёқтирмагандим. Аҳлим учун хизматкор йўқ. Шунга ўзим хамир қориб, кўпчишини кутаман. Кўпчигач, нон ёпиб, Зуҳо намозига таҳорат олиб, кейин одамлар олдига чиқаман» дедилар. Умар розияллоҳу анҳу «Алҳамдулиллаҳ» дедилар.

Саид розияллоҳу анҳу сўзларида давом этиб, «Кечқурун бирор кишининг мурожаатига жавоб бермайди» деяптилар. Аллоҳга қасамки, бунинг сабабини айтишни ёқтирмагандим. Мен кундузи уларнинг хизматида бўлсам, тунда Роббимга ибодат қиламан» дедилар.

«Ойда икки кун олдимизга чиқмайди» деяптилар. Менинг хизматкорим йўқ. Бундан бошқа кийимим ҳам йўқ. Кийимимни ювиб, қуришини кутаман. Қуригач, кийиб, куннинг охирида уларнинг олдиларига чиқаман» дедилар ҳоким.

«Гоҳида ҳушимдан кетиб қолишимга келсак, мен Маккада мушриклик пайтимда Хубайб ибн Адийнинг ўлдирилишини кўрганман. Қурайш қавми уни ёғочга осиб қўйиб, гўштларини кесиб, «Ўрнингда Муҳаммад бўлишини, ўзинг соғ бўлишни истайсанми?» деб сўраганида, у «Аллоҳга қасамки, мен аҳлим ва болаларим билан бўлиб, офиятда ва дунё неъматлари ичра бўлган ҳолимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир тикон киришини истамайман» деган. Мана шу воқеани, Хубайбга ёрдам бермаганимни эслаганимда, Аллоҳнинг азобидан қўрққанимдан титраб, ҳушимдан кетиб қоламан» дедилар.

Саид розияллоҳу анҳу йиғлаган ҳолларида гапларини тугатганларида, Умар розияллоҳу анҳу ўзларини тутиб туролмадилар, баланд овозда «Саид ҳақидаги фикримни ўзгартирмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дедилар ва у кишини бағриларига босдилар.

Ибн Асирнинг «Усдул ғоба» асари асосида тайёрланди

2157 марта ўқилди

Мақолалар

Top