Мақолалар

Ҳар бир буюк шахс ортида аёл бор

Оила қуриш, рўзғор тебратиш, фарзанд тарбиялаш учун билим, малака, кўникма зарур. Динимизда илм олиш эркакка ҳам, аёлга ҳам баб-баравар фарз қилинган. Бу таълимотдан бехабар кишилар баъзан: “Қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди?” қабилида нозик хилқат эгаларига таълим беришга эътиборсиз бўлади.

Ислом дини оила таъминотини эркакнинг зиммасига юклаган бўлса, рўзғор юритиш ва фарзанд тарбиясини аёлга топширган. Мураббийнинг ўзи тарбияли бўлиши керак. Демак, фарзандни тўғри тарбиялаш учун она илмли бўлиши лозим.

Оқила, одобли, солиҳа аёлларгина салоҳиятли фарзандларни тарбиялай олади. Фаҳмфаросатли, илмли, доно аёллар нафақат фарзандига, балки турмуш ўртоғига ҳам ҳар соҳада маслаҳатгўй, ҳамфикр, дастёр, кўмакдошдирлар. Арабларда: “Ҳар бир буюк шахс ортида аёл бор”, деган мақол бор. Бу бежиз айтилмаган.

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига ҳазрат Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Эркаклар ҳамма нарсада биздан ўзиб кетишяпти”, деб шикоят қилади. Яъни, эркаклар ҳар куни сиздан ваъз-насиҳат эшитиб, илм оладилар. Биз аёллар эса бундан маҳрум бўлиб қоляпмиз, дейди.

Бугун бизнинг аёлларимиз ҳам илмга ана шундай чанқоқми? Улар ҳам Ойша онамизга муносиб издош бўлишга интиляптими?

Набий алайҳиссалом Ойша онамизнинг бу мурожаатларидан келиб чиқиб, муслималар учун илмий мажлис ташкил қилиб, уларнинг ҳам эркаклар каби илм олишларига шароит яратиб бердилар.

Фарзандини илм-маърифатли, салоҳиятли қилиб тарбиялаш учун она ҳам маърифатли бўлиши керак. Буни бугунги кунда илмий тадқиқотлар ҳам тасдиқлади: эр-хотиннинг савияси бир-бирига таъсир ўтказишини илм-фан исботлади. Чунки улар ўртасида руҳий алоқа бор, никоҳ риштаси, шаръий суҳбат, муошарат, яқинлик бор.

Ана шу муносабатлар асносида инсон тасаввур қила олмайдиган синхрон ақлий мулоқот юзага келиши, бу икки инсон, яъни эр ва хотиннинг табиати, феъл-атвори, ақли, тафаккури, онги ўзаро таъсирланиши аниқланди.

Пайғамбар алайҳиссалом: «Мўминларнинг руҳи бир кунлик масофадан мулоқот қилади», деганлар. Инсон кўзга кўринмас таъсирлашув воситасида бир-бирини сезади. Шунинг учун эр-хотиннинг илми, савияси бир-бирига таъсир кўрсатади. Масалан, она илмли бўлса, илмга рағбатли бўлса, билганларига амал қилса, нафақат зурриётини, балки эрини ҳам илмга рағбатли қилади.

Тадқиқотларнинг бирида узоқ йиллик кузатишлардан маълум бўлдики, бола онанинг қорнидалигидаёқ ундан 75 фоиз маълумот олар экан. Бу ирсият масаласидир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир оила бузилиб, ажрашиш асносида аёл ҳомиладор бўлса, муайян вақт ўтиб, фарзанд туғилса, аёл болани ёлғиз ўзи катта қилади. Табиийки, бола отасини кўрмай ўсади.

Бола уч ёшга тўлганида, онаси ундаги бир одатни кўриб, ҳангу манг бўлиб қолди. Бу одат аёлнинг ажрашиб кетган эрида бор эди. Аммо отасини кўрмай катта бўлган бола ўша одатни такрорлайди. Бу одат бодрингни қатиққа ботириб ейиш эди.

Ҳақиқатан, бу одат болада қаердан пайдо бўлди? Табиийки, ирсият орқали ўтган. Дарҳақиқат, боланинг баъзи феъли, хатти-ҳаракатлари отаси ёки онасининг одатига айнан ўхшашини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Буларнинг барчаси инсонга хос жиҳатларнинг ирсият орқали кейинги авлодга ўтиш қонунидир. Авлоддан-авлодга ўтадиган бу ҳолат, табиийки, Буюк Раббимизнинг марҳаматидир.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан

1966 марта ўқилди

Мақолалар

Top