Мақолалар

Катта фақиҳларга фатво берган хоним

Бизнинг буюк тарихимизда Фотима Самарқандийя исмли аёл ўтган.

Бу аёл ўз даврининг катта олими Алоуддин Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳнинг қизи бўлган.

Тарихда Фотима Самарқандийя деб ном қолдирган бу аёл илмда тенги йўқ бўлган. Оталари ўзларига келган фатвони қизларига кўрсатмай туриб жавоб бермаганлар. Шунинг учун барча фатволарда оталари билан бирга қизлари Фотиманинг муҳри босилган.

Фотима Самарқандийянинг хабарлари бутун дунёга тарқалгач, арабу ажамлардан ҳатто баъзи юрт подшоҳлари томонидан совчи кела бошлайди. Лекин Алоуддин Самарқандий қизларини оддий лекин ўта илмли шогирдлари Косоний раҳматуллоҳи алайҳга берганлар.

Шогирдларига қизларини турмушга узатиш қиссаси шундай бўлган:

«Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфатул фуқаҳо» номли фиқҳ фанидаги машҳур асарлари бор эди. Шогирдлари Косоний ўша китобни 8 томлик китоб қилиб шарҳладилар ва «Бадоиус саноиъ» деб ном қўйдилар. Китобни кўрган устозлари қизларини шогирдларига никоҳлаб қўйдилар».

Шунинг учун баъзилар:

(شَرَحَ تُحْفَتَهُ وَزَوَّجَهُ ابْنَتَهُ)

Яъни: «Туҳфа китобини шарҳлатиб қизини ўшанга турмушга берди», дер эди.

Фотима Самарқандийя турмушга чиққач илм олиш ва илм беришдан тўхтамадилар. У киши эрларига ҳам баъзи масалаларда берган фатволарини тўғрилаб, эрлари қилган хатоларини баён қилиб берар эдилар.

Бу ҳақда муаррих Ибн Адим шундай ёзади:

«Фотима мазҳабдаги фиқҳий масалаларни эридан кўра яхшироқ биларди. Баъзида Косоний хато қилиб қўйса Фотима, унинг хатосини тўғрилаб фатводаги хатосини баён қилиб берар эди. Ҳатто Косонийнинг ўзи ҳам баъзи масалаларда аёлидан фатво сўрарди».

Ушбу фақиҳа аёл 581 ҳижрий санада Ҳозирги Сурияда Ҳалаб шаҳрида вафот қилганлар. Қабрлари Иброҳим Халил жоме масжиди олдидаги қабристонда. Аёллари вафот этгандан сўнг Косоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳар жума куни аёлларини зиёрат қилгани келар эдилар. Кейинчалик Косоний ҳам вафот қилдилар ва у киши ҳам Сурияда дафн қилиндилар. 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

4737 марта ўқилди

Мақолалар

Top