Мақолалар

Қалби уйғоқ зот

عن جابر بن عبدالله يقول جاءت ملائكة إلى النبي صلى الله عليه و سلم وهو نائم فقال بعضهم إنه نائم وقال بعضهم إن العين نائمة والقلب يقظان فقالوا إن لصاحبكم هذا مثلا فاضربوا له مثلا فقال بعضهم إنه نائم وقال بعضهم إن العين نائمة والقلب يقظان فقالوا مثله كمثل رجل بنى دارا وجعل فيها مأدبة وبعث داعيا فمن أجاب الداعي دخل الدار وأكل من المأدبة ومن لم يجب الداعي لم يدخل الدار ولم يأكل من المأدبة فقالوا أولوها له يفقهها فقال بعضهم إنه نائم وقال بعضهم إن العين نائمة والقلب يقظان فقالوا فالدار الجنة والداعي محمد صلى الله عليه و سلم فمن أطاع محمدا صلى الله عليه و سلم فقد أطاع الله ومن عصى محمدا صلى الله عليه و سلم فقد عصى الله ومحمد صلى الله عليه و سلم فرق بين الناس

 رواه البخاري

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётган чоғларида у зотнинг ҳузурларига фаришталар келдилар. Уларнинг баъзилари: “У уйқудаку?!” дейишди. Баъзилари эса: “Кўзи уйқуда-ю, қалби уйғоқ”, дедилар. Улар: “Бу соҳибингиз учун масал (олий намуна) бор. Бунга уни келтиринглар”, дедилар. Уларнинг баъзилари: “У уйқудаку?!”, дейишди. Баъзилари эса: “Кўзи уйқуда-ю, қалби уйғоқ”, дедилар. Бас, улар айтдиларки: “Унинг мисоли бир ҳовли қуриб, у ерга дастурхон тузаган ва унга одамларни чақириш учун чақирувчини юборган кишига ўхшайди. Бас, кимдир чақирувчига ижобат қилиб ҳовлига киради ва у билан биргаликда дастурхондан тановул қилади. Ва кимдир чақирувчига ижобат қилмай, ҳовлига кирмайди ва дастурхондан тановул қилмайди.” Бас, улар яна дедилар: “Бу ўхшатишликни яхшироқ тушуниши учун унга очиқроқ изоҳлаб беринглар”. Баъзилари: “У уйқудаку?”, дейишди. Яна баъзилари: “Албатта, кўзлари уйқуда ва қалби эса уйғоқ”, дедилар. Улар: “Ҳовлининг мисоли жаннатдир. Чақирувчи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Бас, кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилса, батаҳқиқ Аллоҳга итоат қилибди. Ва кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунмаган бўлса, батаҳқиқ Аллоҳга бўйсунмабди. Ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ўртасини (мўъмин ва кофирга) ажратувчидир.” дедилар. (Имом Бухорий ривояти.)

Шарҳ. Ушбу ҳадиси шарифда ҳазрат Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бир воқеани баён қиладилар. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ором олаётган пайтларида фаришталар у зотнинг ҳузурларига келганлари айтилган. Улар Пайғамбаримизга бир зарбулмасал (ўхшатишни мисол) қилдилар. Гўёки, у зот бир ҳовлини бино қилиб, у ерда дастурхон ҳозирлаб, меҳмон чорлашга бир кишини жўнатган кишига ўхшайдилар. Кимки бу чақириққа ижобат қилиб уйга келса, таомдан тановул қилади ва унга манфаат ҳосил бўлади. Кимда ким келмайдиган бўлса, таомдан маҳрум бўлади ва манфаат ҳам ҳосил қилолмайди. Бу зарбулмасални фаришталар қуйидагича таъвил қилдилар: Ҳовли - жаннат, чорлагувчи - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, таом эса, жаннат неъматларидир. Кимда ким Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини қабул қилиб, Китоб ва суннатни тутса, у Аллоҳга итоат қилган бўлади ва жаннатга дохил бўлади. Кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилса, Аллоҳга итоатсизлик қилган бўлади ва дўзахга дохил бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар ўртасини мўмину кофирга ажратувчидирлар.

Ҳадиси шарифни ўқиган кишини зеҳнига “Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган фаришталарни Жобир розияллоҳу анҳу қандай қилиб кўрганлар?”, деган савол келиши аниқ. Бунга жавоб шуки, Жобир розияллоҳу анҳу буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабар беришларидан билганлар.

Яна савол пайдо бўлади: Нима учун фаришталар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ухлаётганлари ҳақида айтганларида баъзилари у зотнинг кўзлари ухлаши ва қалблари уйғоқ бўлишини айтдилар? Бунинг жавоби шуки, Пайғамбарлар (солавотуллоҳи алайҳим ажмаъин)нинг барчаларининг идрокларининг мадори зоҳирий ҳисларнинг ўзига боғлиқ эмас. Балки, ботиний ҳисларга ҳам боғлиқдир.

Бу ерда бир муаммо юзага келади: бу ҳадис “Намоз китоби”да келадиган таърис (тунаб қолиш) кечаси борасидаги ҳадис билан тўқнашади. Чунки бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари уйғоқ бўлади, дейилди. Таърис кечаси ҳадисида эса, у зот Билол розияллоҳу анҳуни тунда навбатчи қилиб тайинлаганлари, бироқ ўша кечасида барча ухлаб қолгани ва бомдод намози қазо бўлгани зикр қилинади. Муаммо шундаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўша кечаси бомдод намозини қазо қилиб қўйдилар. Шу сабаб бу икки ҳадис ўртасида қарама-қаршилик бўлмаяптими? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари доимо уйғоқ бўлса, нима учун субҳи содиқ чиқиб кетганини билмадилар?

Бунга уламолар бир неча жавобларни берганлар.

Биринчи жавоб: Баъзи уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари уйғоқ бўлиши аксар вақтларга хос, доимий эмас, баъзида у зотнинг ҳам қалблари уйқудан таъсирланарди, дедилар. Лекин бу муносиб жавоб эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга уйқуларида ҳам ваҳий келар эди. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари баъзи вақтларда уйқудан таъсирланган, дейилса, баъзи ваҳийларга эътимод қилинмай қолинади. Бу эҳтимол эса дуруст эмас.

Иккинчи жавоб: Аксар уламолар бу ҳадиснинг таърис ҳадиси билан бирор жиҳатдан зидлиги йўқ, дейдилар. Улар бу саволга ажойиб тарзда жавоб берадилар: Ҳар аъзонинг алоҳида-алоҳида вазифаси бор. Субҳи содиқни кўриш учун кўз очиқ бўлиши керак. Фаразан бир одамнинг кўзи ожиз бўлса-ю, лекин ўзи уйғоқ бўлса, у субҳи содиқни кўролмайди. Таърис кечасида субҳи содиқни кўрилмаслигининг сабаби, у вақтда кўз ухлаётган эди. Қалб уйғоқ бўлса-да, ташқарини кўролмасди.

Ҳадисни ўрганиш давомида яна бир неча саволлар зеҳнга келади. Шу саволларга жавобларни ҳам айтиб ўтсак:

Савол: Фаришта ўхшатиш қилган чоғида тўрт нарсани зикр қилди: киши, ҳовли, дастурхон ва чақиргувчи. Аммо унинг тафсилотида иккита нарсани: ҳовли ва чорлагувчини айтди холос. Ҳовлини жаннат, чорлагувчини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, деди. Нима учун киши ва дастурхоннинг тафсилотини баён қилмади?

Биринчи жавоб: Бу нарсаларнинг зикри зоҳиран машҳур ва равшан бўлганлиги учун айтилмади. Чунки, кишининг зикри келишиданоқ  инсоннинг хаёли Аллоҳ таолога кетади. Лекин, унинг тафсилотини Аллоҳ таолонинг номи билан баён қилиш - қабиҳ саналади. Қалбидан барча буни тушунгани боис, унинг тафсилотига киришилмади.

Савол: Ҳадис аввалида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бир кишининг мисолига ўхшатилди ва тафсилотида у зотни чорлагувчи дейилди. Нима учун бу ердаги ташбеҳда мувофиқлик бўлмаяпти?

Жавоб: Бир-бирига муносиб бўлмаслиги муфрадни муфрадга ўхшатганда бўлади. Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бир кишига ўхшатганда бу ҳолат бўлади. Лекин, ҳадисдаги ташбеҳ тамсилий ўхшатиш саналади. Унда бир неча ҳолатларнинг мажмуасидан иборат ҳайъатни бошқа ҳайъатга ўхшатилади.

Савол: Бу ҳадисда ҳовлини жаннат дейилди. Кейин келадиган ҳадисда ҳовлини Ислом дейилди. Бу жиҳатдан ҳам икки ҳадис бир-бирига зид эмасми?

Жавоб: Бу икки ҳадис ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Чунки, бири мусаббаб билан, иккинчиси сабаб билан тафсил қилинди. Бу ҳадисда жаннат мусаббаб (сабаб бўлган нарса), кейинги ҳадисда эса Ислом сабаб бўлди.

Ҳикматуллоҳ Абиев,

Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори”

жомеъ масжидининг имом ноиби

1955 марта ўқилди

Мақолалар

Top