Мақолалар

Ассалому алайкум дўстим!

Мендан қандай қилиб Аллоҳга етишиш мумкин деб сўрайсан. Мен айтаманки, агар Аллоҳга етишган зотларнинг сийратига боқсанг, уларни фақатгина мутлоқ таслим бўлибгина етишганини кўрасан.

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳис саломни кема ясашга амр қилганида Нуҳ алайҳис салом: “Саҳрода кема ясаш нега керак, эй Роббим?!”, демасдан буйруқ берилиши билан ясашга киришиб кетдилар.

Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ ўғилларини қурбонлик қилишни амр қилганида у зот: “Отанинг ўз ўғлини сўйишида нима ҳикмат бор?!”, демасдан буйруқ берилиши билан ишга киришдилар.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг оналарини чақалоқни дарёга ташлашга амр қилганида у киши: “Бундан бошқа бехавотирроқ йўл йўқми?!, демасдан бирданига буйруқни бажаришга киришганлар.

Иброҳим алайҳис салом Ҳожар ва унинг гўдак ўғлини қуруқ саҳрога бир халта хурмо ва бир меш сув билан ташлаб кетаётганларида Ҳожар: “Бу ишга сизни Аллоҳ амр қилдими?”, дея сўрадилар. Иброҳим алайҳис салом: “Ҳа!”, дедилар. Шунда Ҳожар: “Ундай бўлса кетаверинг. Аллоҳ бизни зое қилмайди”, дедилар.

Сўнгра замон айланди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом кемани ясаб битиришлари билан тўфон жўнатди. Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилаётган ўғиллари ўрнига жаннатдан қўчқор жўнатди. Мақсад болани сўйиш эмас эди. Аллоҳдан ўзгага боғланиб қолишни сўйиш эди. Дарё эса Фиръавнни ўлдирадиган чақалоқни Фиръавннинг хонадонида вояга етиши учун етказиб берувчи ходим вазифасини бажарган эди холос. Ҳожар ва унинг боласи ташлаб кетилган жой бугун қарийб икки миллиард мусулмон талпинадиган Макка шаҳридир. У ер токи қиёматга қадар мусулмонлар қибласига айланди.

Дўстим! Агар етишмоқчи бўлсанг тафсилотларга киришмасдан Унга итоат қилавер. Аллоҳ истаган нарсада Унга таслим бўл, ана шунда У сенга сен истаганни беради!

Саломлар бўлсин қалбингга!

 

Абдулқодир Полвонов

2121 марта ўқилди

Мақолалар

Top