Мақолалар

Ватан ҳимояси – ажри улуғ амал

Ислом динида шариатга зид бўлмаган ҳар қандай касб-ҳунар, ҳар қандай соҳа вакили қадрланади.  Жамият ривожи, аҳоли фаровонлиги учун қилинган зарра амал ҳам эътирофсиз, мукофотсиз қолмайди. Балки ҳар қандай яхши амал рағбатлантирилади. Бу ҳақда Қуръони каримда бндай дейилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур…” (Анъом сураси, 160-оят).

Оятдан маълумки, Аллоҳ таоло ким қайси соҳа ва қайси йўналишда бўлишидан қатъи назар, бир яхши амал қилган кишини ўн баробар мукофот билан тақдирлаши нафақат хизматни тақдирлаш, балки  рағбатлантириш ҳамдир. Бундай мисоллар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўп учрайди.

Мукофоти улуғ ва эътиборга сазовор амаллардан бири бу – Ватанни қўриқлаш, уни турли  ғаразли кимсаларнинг юрт ва кишилар хотиржамлигига солмоқчи бўлган рахналаридан огоҳ бўлиб туришдир. Бу ҳақда Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уч (тоифа кишиларнинг) кўзлари жаҳаннамни кўрмайди: Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз, (Аллоҳдан) қўрққани туфайли йиғлаган кўз ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар (яъни, номаҳрамларга назар солиш)дан тийилган кўз” (Имом Табароний ривояти).

Бу уч тоифа инсонга Аллоҳ таоло тарафидан энг катта мукофот ва тақдир берилади. Улардан дастлабкиси Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз…” дея хоҳ чегарада, хоҳ юрт ичида бўлсин Ватанни ва ушбу диёрда яшаётган инсонлар хотиржамлиги йўлида бедор бўлган киши зикр қилинмоқда. Демак, Аллоҳнинг розилиги учун ватан ҳимоясида қўриқчилик қилиш ниҳоятда хайрли амалдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайигми?” дедилар. Улар: “Албатта, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: “Қийинчиликларга қарамай, яхшилаб таҳорат олиб, масжидларга узоқ йўлдан бориш ва намоздан сўнг (кейинги) намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун “муробитлик”дир”,  дедилар»  (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоийлар ривояти).

Исломда мусулмонларни душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун шай бўлиб, чегарани қўриқлаб турган одам “муробит” дейилади. Ҳадисда мазкур амалларни адо этиш учун ҳавойи нафсларини жиловлаб турганлари сабабидан “муробит” деб аталмоқда. Улар ҳам чегарада ватан ҳимоясига шай турган муробитга ўхшатилмоқда.

Демак, “муробит”, яъни, мўминларни ҳимояси учун чегарада турган кишиларнинг хатолари кечирилади ва даражалари кўтарилади. Қолаверса, бу амалнинг қиймати ва фазилати улуғлигидан “Қийинчиликларга қарамай, яхшилаб таҳорат олиб, масжидларга узоқ йўлдан бориш ва намоздан сўнг (кейинги) намозни интизор бўлиб кутиш”нинг савоби ҳам айнан ушбу амалга бериладиган ажрларга тенглаштирилмоқда.

Ҳар бир мусулмон киши ўзи яшаб турган юрт ҳимояси учун, мўминларнинг хотиржамлиги учун ҳисса қўшиши лозим.

Сўзимиз сўнгида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юртимиз сарҳадларида йигитлик бурчини шараф билан ўтаётган аскарларимиз, чегарачиларимиз ва фидойи ўғлоларимизни самимий табриклаймиз. Машаққатли ва шарафли хизматлари учун Аллоҳ таоло уларга битмас ажрлар, мукофотлар ато этсин.

 

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби

2312 марта ўқилди

Мақолалар

Top