Мақолалар

“Билмайман” дея олиш ҳам илмдир (давоми)

аввалги қисми

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки омонатлар зое бўлса қиёматни кутавер”, дедилар. У: “Ё Расулуллоҳ, унинг зое бўлиши қандай?” деди. “Қачонки ишлар ўз аҳлидан бошқага ўтказилса, қиёматни кутавер”, дедилар.

Бундан Қуръон, ҳадис, фатво кабилар жуда катта омонат эканини ҳамда бу муборак омонатларни зое қилиш Қиёматнинг аломатларидан эканини билишимиз лозим. Шу билан бирга бу омонатлардан кимнингдир ёки муайян бир сиёсий тоифанинг манфаатлари йўлида фодаланиш ҳам катта ҳиёнат ва омонатни зое қилишдир.

Муҳаммад Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадисни фиқҳсиз амалиётга қўллаб бўлмайди, фиқҳ ҳам ҳадисга асосланмай мавжуд бўлмайди”, дейдилар.

Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Албатта, динда шиддат ва чуқур кетиш ҳалокатдир. Чунки фатво сўровчини машаққат ва танглик тарафига олиб борилса, унга дин ёмон кўринади ва охират йўлига юришдан кесилиб қолади”, дейдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу “Илм учтадир: гапирувчи Китоб (яъни Қуръон), Суннат (собит ҳадис) ва “билмайман” деганлар.

Эътибор қиладиган бўлсак, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудек Аллоҳ таолонинг Китобини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жуда яхши биладиган зот, ўз ўрнида билмаган нарсаларини дарҳол тан олиб «билмайман», дейиш билан фахрланар эди.

У киши “Билмайман”ни илмнинг учдан бири демоқдалар. Лекин ҳозирги кунда баъзи бир кимсалар кибр ва одамларнинг олдида гўёки обрўси тушиб қолишидан қўрқиб ва “Мен ҳақимда нима деб ўйлашади”, деган хавотир билан илмсиз равишда фатво беришга журъат қилишмоқда.

Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илмсиз равишда фатво берса, уни Осмон ва Ер фаришталари лаънатлашади”, деганлар.

Демак, бундан англашимиз лозимки, илмсиз ҳолда фатво бериш гуноҳи кабира – катта гуноҳлардан биридир.

Бугунги кунда ҳам ўтмишда бўлгани каби мужтаҳидлик мартабасига эришиш мумкинлиги тўғрисида турли фикрлар мавжуд. Шундай бўлса-да, ҳар қандай ҳолатда ҳам бирор бир масалага ҳукм чиқариш зарур бўлса, аввало мазҳаблар таълимотига таянишимиз лозим бўлади. Агарда муайян масаланинг ечими уларнинг бирортасида ҳам топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидан фатволар чиқарилиши вожиб бўлади.

 

Давоми бор.

Манбалар асосида

Акмалхон Аҳмедов тайёрлади

2408 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top