Ибратли ҳикоялар

Юнус бутун ўқув йили давомида янги телефон олиш учун пўл тўплади. Ҳар сафар отаси мактабда тушлик қилишга пул берганда у қорни очса-да, ўша пулни емасдан уйга қайтариб келарди-да пул йиғадиган идишчага ташлаб қўярди.

Пулим етади деган қарорга келганидан сўнг бир синфдоши билан куннинг иккинчи ярмида телефон  харид қилишга бирга боришга келишиб олди.  Уйига келиб кийимларини алиштириб чиқди. Қараса, кўчада яна бир синфдош ўртоғи Саид муғнайиб турибди. Улар қўшничиликда яшашади. Саиддан ғамгинлигининг сабабини сўради.  

– Синглим оғриб қолди. Ойим мени дори олиб келишим учун дорихонага юбордилар. Аммо пулим етмади. Уни ойимга қандай айтишни билмай турибман. Ойим жуда сиқиладилар, чунки уйда бошқа пулимиз йўқ. Мен ҳам сиқиляпман. Юр, бир оз ўйнайлик, уйга кечроқ бораман, унгача синглим яхши бўлиб қолар балки, – деди Саид.

Юнус қанчалик ҳаракат қилмасин, аммо ўйини ҳеч қовушмади. Унинг хаёлига Саиднинг айтган гаплари маҳкам ўрнашиб олган эди. Кўз олдига дорининг тезроқ келишини кутиб ётган Марям гавдаланди. У ҳатто телефон олиш учун уйдан чиққанини ҳам унутган этди, дафъатан, чўнтагида пули борлиги эсига тушиб қолди.

– Менга дорилар рўйхатини бер-чи, – деди Саидга.

Саид нега деб сўраб ҳам ўтирмасдан қоғозни узатди. Юнус қоғозни олиб дорихонага югуриб кетди. Рўйхатдаги дориларни олди, дорихонадан чиқиб дўконга кирди ва сархил мевалар харид қилди. Кейин уни кутиб турган Саиднинг олдига хурсанд бўлиб қайтиб келди.

– Юр уйларингга борайлик, мен Марямга керакли дориларни олдим, – деди завқи ичига сиғмай бораётган Юнус.

– Сен телефон олиш учун йиққан пулингни сарфладингми? Нега бундай қилдинг, ахир қанча вақтдан бери орзу қилардин-ку! – ҳайрон бўлди Саид.

– Телефонни кейинроқ олаверсак ҳам бўлади, Марямнинг соғайиб кетиши муҳим,   – жавоб берди Юнус ва болалар Саидларнинг уйига кетишди.

Юнус кечқурун уйига қайтганида уни ажойиб совға кутаётганини билмас эди. У мактабда аъло баҳоларга ўқигани учун ота-онаси унга янги телефон харид қилишган эди. Бола жуда ҳам ҳайратга тушди ва кўзлари ёшга тўлиб:

– Алҳамдуллиллоҳ! Алҳамдулиллоҳ! Бу Аллоҳ таолонинг совғаси, – деди ва бўлиб ўтган воқеани ота-онасига гапириб берди.

 

 

7616 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Қари шер Денгиз қаъридаги нола! »

Мақолалар

Top