Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Бешинчи муъман биҳнинг шарҳи (Ўттиз учинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

Бешинчи муъман биҳнинг шарҳи

 

Яна охир кунининг иймони,

Будур, айтай, эшитингиз они.

Бурноғи манзил анда гўрдурур,

Гўр элидин Худой сўрдурур.

Ул сўриқчи икки фариштадур,

Ким, бурун бўлди отлари мазкур.

Дер, Худойинг, пайғамбаринг кимдур?

Динингу роҳу раҳбаринг кимдур?

Гар жавобини басавоб дегай,

На алам кўргайу на ғусса егай.

Қабрини кенг Худой қилғай анга,

Равзан учмоқ сари очилғай анга.

Кеча-кундуз анга аён бўлғай –

Ким, ери равзада қаён бўлғай.

 

Гар жавобини яхши айтмаса,

Тенгри анинг сариға қайтмаса,

Бошиға оҳанин чумоқ егай,

Роҳату айши ал-фироқ, дегай.

Унини топқонида гурз асари,

Эшитур ғайри одамий-парий.

Гар парию башар эшиткайлар,

Ғуссадин  жонларин  эриткайлар.

Қабр ул навъ зўр ила сиққай,

Бир-бирига сўнгакларин тиққай.

Равзан ўлғай анга сақар сариға,

Юз туман ранжу шарар сариға.

Ерини дўзах ичра кўргай ул,

Гаҳ ўту гаҳ ях ичра кўргай ул.

 

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Иймон келтириш шарт бўлган бешинчи нарсанинг шарҳи

(Иймоннинг бешинчи шарти)

 

Яна охират кунига ишонмоқ шартдир, мен айтайин, сиз буни эшит(иб эслаб қол)инг.

Охиратнинг  биринчи  манзили  қабрдир.  Қабр  аҳлини Аллоҳ таъоло (икки фаришта орқали) сўроқ қилдиради. Сўрайдиган у зотлар эса икки фариштадирки, олдинроқ номлари (Мункар ва Накир деб) зикр қилинди.

 

Улар: “Раббинг ким? Пайғамбаринг ким? Дининг қайси?  Йўлинг қайси ва раҳбаринг ким? (Қибланг қаер?)” деб сўрайдилар.  Агар  киши  жавобини  тўғри  айта  олса,  у  на  алам-азоб кўради, на ғам-ғусса чекади.

 

Аллоҳ қабрини унга (кўзи етадиган жойгача) кенг қилиб қўяди ва жаннат сари (жаннатдаги манзилини кўриб туриши учун) унга қабрдан бир дарча очиб қўйилади. Ҳар кеча-кундуз  унга  жаннатдаги  жойи  қаерда  эканлиги  аён  бўлиб туради.

 

Агар  (қабрдаги одам икки фаришта сўроғига) жавобини  яхши  айта  олмаса,  Аллоҳ  у  томонга  қайтмаса, яъни  ундан  юз  ўгирса,  у  бошига  темир  гурзидан  зарбалар  ейди. Раҳмати ва яхши ҳаёти унга ал-фироқ (ал-видо) дейди.  (Чумоқ  – олти қиррали темир гурзи. – “Ғиёс ул-луғот”)

 

Гурзи асари етиб, у доду фарёд қилганида, унинг фиғону ноласини одамзод ва жин қавмидан бошқа барча мавжудоту махлуқот эшитади. Агар уни жин қавми ва одамзод қавми эшитса эди, ғуссадан (қайғудан) жонлари эриб кетар эди.

 

Қабр уни куч билан шу қадар қаттиқ қисадики, ҳар қисганида суякларини бир-бирига киритиб юборади. Унга дўзахдаги жойи томон, юз минг азоб ва олов-аланга томон бир дарча очиб қўйилади. У  дўзах  ичидаги  ўз  жойини  гоҳ  олов,  гоҳ  муз  ичида  кўриб туради.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

1939 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top