Мақолалар

Аллоҳ таолога энг севимли калима

Субҳаналлоҳ – Аллоҳ таолога энг севимли калима. Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган каломни айтайми? Аллоҳ таоло учун каломларнинг энг яхшиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб айтишингдир”, дедилар".

 

Субҳаналлоҳ – айтишга осон, тарозида оғир келувчи калима. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил аъзийм”, дедилар" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Субҳаналлоҳ – Жаннатда боғ бўлувчи калима. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади", дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Субҳаналлоҳ – энг афзал калима. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси калом афзал?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ фаришталари ёки бандалари айтишини ихтиёр қилган “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Субҳаналлоҳ – гуноҳларга каффорат бўлувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), ўттиз уч марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), ўттиз уч марта такбир (Аллоҳу акбар) айтса, жами тўқсон тўққиз бўлади, юзта бўлишига: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Субҳаналлоҳ – хатоларни кетказувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб бир кунда юз марта айтса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечиб юборилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи аъдада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

2845 марта ўқилди

Мақолалар

Top