Мақолалар

Чинаккам дўстлик мезони

Инсон ҳаётда таниш-билиш ва дўсту биродарларга муҳтождир. Шу сабаб не-не одамлар билан ошна тутинади. Эътибор бериб қарасак, кўп ҳолларда бир-бири билан таниш одамларни қандайдир манфаат боғлаб туради. Бироқ моддий ришталар қанча қалин бўлмасин, чин дўстлик учун етарли эмас. Ундай бўлса, ҳақиқий дўстлик мезони нима? деган савол туғилиши табиий.

Чинакам дўстлик мезони, бу имондир. Имон-эътиқод, Аллоҳга бўлган муҳаббат пойдеворига қурилган биродарлик ҳақиқий ва давомийдир. Бунда сохталик, лаганбардорлик, тилёғламалик ва иккиюзламачиликдан асар ҳам бўлмайди. Маддоҳлик ва айёрлик ғашингизга тегмайди. Ҳаммаси содда, табиий ва улуғвор бўлади.

Аллоҳ таоло тақводорлар ўртасидаги дўстлик ҳақида шундай деган: “У кунда (яъни, қиёмат кунида) дўстлар бир-бирларига душмандир. Магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар) (Зухруф сураси, 67-оят).

Ояти карима мазмунига кўра, дунёдаги ҳар қандай таниш-билишчилик қиёмат куни адоват тусини олади. Фоний дунёдаги “ёру биродарлар” ҳисоб-китоб куни келганда бир-бирларига ғаним бўлишади. Нега? Чунки маъсият йўлида ўзаро ошна тутинган бундай кимсалар бир-биридан тонади, гуноҳга бошлагани, ёмон ишларда ҳамтовоқ бўлгани учун бир-бирига лаънат ўқишга тушади, айбни ўзидан соқит қилиб “дўсти”га тўнкайди. Магар Аллоҳ йўлида холис дўстлашганлар бундай аянчли оқибатдан саломат бўладилар. Айнан муттақий зотларнинг дўстлиги дунёда ҳам, охиратда ҳам давом этади.

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: Қиёмат куни қариндошлик алоқалари узилади, насаблар паст бўлиб қолади ва биродарлик ришталари кесилади. Фақат Аллоҳ йўлидаги биродарлик қолади[1]”.

Арабларда: “Кимнинг дўстлиги Аллоҳ йўлида бўлмас экан, бундай “дўстлик” қил устидадир” деган мақол бор. Яъни, агар икки киши орасини Аллоҳга бўлган эътиқод боғлаб турмаса, ўша шахсларнинг муносабати узоққа бормайди, эртага – қиёмат куни дўстлик дея аталаётган нарса ўрнини душманликка бўшатиб беради. Чунки ҳаёт бир зум ҳам тўхтаб турмайди. Кишининг касб-кори, иш жойи, манфаатлари ҳам вақти келиб ўзгаради. Манфаатлар орани аввалгидек боғлаб турмаганидан кейин бир қарашда қил ҳам ўтолмайдигандек кўринган муносабатларга путур етади. Аслида манфаат устига бино қилинган вақтинчалик таниш-билишчиликни дўстлик дейишга тил бормайди. Бу шунчаки муваққат ҳамкорликдан, ўткинчи бир олди-бердидан бўлак нарса эмас.

Хуллас, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриш чин маънодаги садоқатдир. Бунда ортиқча такаллуф ва кўзбўямачилик йўқ. Бундай дўстлик самимият ва холислик ила йўғрилгандир. Тақводорлар орасини пул, мансаб-мартаба ёки даврадаги бир лаган ош эмас, имон деб аталмиш узилмас ришта, мустаҳкам арқон боғлаб туради.

Аллоҳ таоло Ўзининг йўлида ҳақиқий биродар бўлишни барчамизга насиб этсин! 

Одилхон Юнусхон ўғли

 

[1] Ибн Мардавайҳ ривоят қилган.

10259 марта ўқилди

Мақолалар

Top