Мақолалар

Мўминлик белгиси

Ростгўйлик каби жамиятнинг барқарорлиги ва жамият аъзолари ўртасида ишонч, бирдамликни таъминлайдиган сифат бўлмаса керак. Агар бу сифат йўқолса, ўрнини ишончсизлик, бирдамликнинг йўқолиши ва ёлғон эгаллайди. Шу боис, Аллоҳ таоло аввало, Ўзидан қўрқишга, шу билан бирга рост сўзлашга ҳамда ростгўйлар билан бирга бўлишга буюриб, бундай марҳамат қилади:

«Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!» (Тавба, 119).

«Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз!» (Ахзоб, 70).

Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ростгўй бўлинг! Ростгўйлик эзгуликка бошлайди, эзгулик жаннатга бошлайди. Мадомики киши рост гапирса Аллоҳнинг наздида сиддиқлардан деб ёзиб қўйилади”, деганлар.

Оиладаги, жамиятдаги мавжуд муаммолар ўрганиб чиқилса, аксариятининг келиб чиқиши–ўйламасдан айтилган қўпол, ёлғон сўзга бориб тақалади. Бинобарин, ширин сўз меҳр-окибат калитидир.

Аллоҳ таоло мўминларни ширин сўз бўлишга чақириб, бундай марҳамат қилади: «Бандаларимга айтинг гўзал (сўзлардан) сўзласинлар» (Исро, 53).

Бу ояти карима ҳар бир мўминни чиройли сўзларни сўзлашга чақиради. Ширинсўзлик ва рост гапиришликнинг шартларидан бири овозни пастлаб майин гапиришдир.

Жамиятимиз нақадар тинч ва осойишта. Аллоҳнинг бу неъматларига шукрона келтиришимиз лозим. Ўзаро муомила-муносабатларимизда ростгўй ва ширинсўз бўлсак нур устига аъло нур бўлади, азизлар!

 

Бахтиёрхон Умаралиев

Зарбдор тумани  Кусам ибн Аббос  жоме масжиди имом-хатиби.

7012 марта ўқилди

Мақолалар

Top