Мақолалар

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш ҳисобидан халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

1. Халқ билан очиқ мулоқот натижалари асосида тайёрланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларини давом эттириш мақсадида қуйидагиларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилсин:

туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган субъектларнинг ер ва мол-мулк солиғи бўйича 2021 йил 1 январь ҳолатига қарздорлиги тўланиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969‑сон Фармонида назарда тутилган вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича 2020 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, мавжуд қарзига пеня ҳисобланишини тўхтатиш ва солиқ қарзини мажбурий ундиришга қаратиш чораларини кўрмаслик талаби;

коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тадбиркорлик субъектларига 2020 йил 31 декабрь ҳолатигақолдиқда турган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича берилган фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) суммаси;

“хуфиёна иқтисодиёт” улушини қисқартириш учун солиқ аудити ўтказишда “таҳлика-таҳлил” тизими босқичма-босқич жорий этилган ҳолда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторий.

3. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

а) олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилсин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги ва Давлат тест маркази билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти грантини ажратиш тартибини ишлаб чиқсин ва олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида балл тўплаган шахслар тўғрисидаги очиқ маълумотларни назарда тутувчи ягона электрон реестрни шакллантирсин;

б) олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилсин.

олия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда икки ой муддатда мазкур амалиётни йўлга қўйиш ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига кредитлар учун мақсадли ресурслар ажратишни таъминлаш чораларини кўрсин;

в) олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилсин, шунингдек, хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизими жорий этилсин.

 Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021/2022 ўқув йили учун ўқишга қабул қилишга давлат буюртмаси параметрларининг тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминласин;

 г) академик таътил беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

академик таътил олишни истаган талабалар ўз ихтиёрига кўра академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ва масофавий шаклига ўтказилиб (агар олий таълим муассасасида бундай таълимнинг шакллари мавжуд бўлса), уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилади;

оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш сабабли анъанавий шаклдаги таълимни давом эттириш имконияти бўлмаган талабаларга ҳам академик таътилни олиш ҳуқуқи берилади;

талабаларга ўқиш давомида академик таътил берилиши бўйича миқдорий чекловлар бекор қилинади;

академик таътилдан қайтган талабаларни илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиёти бекор қилинади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда бир ой муддатда академик таътил олишни истаган талабалар томонидан сиртқи ва масофавий шаклда мустақил таълим олишни ташкил этиш, олий таълим муассасаларида экстернат тартибида таълим олиш бўйича ҳуқуқий асосларни яратишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

д) илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилсин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда илмий даражали кадрлар тайёрлаш ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин.

4. Республикада талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда тайёрлашнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилсин;

“Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши таъминлансин;

“Эл-юрт умиди” жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни саралашни очиқ стипендия танлови асосида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун уларнинг республикадаги иш ва ўқиш жойидан қатъи назар мунтазам равишда ўтказиш амалиёти йўлга қўйилсин;

бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш дастурлари учун стипендия танловини нуфузли хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасадан ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифнома асосида ўтказиш тартиби йўлга қўйилсин.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси бир ой муддатда давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар кўрсин.

5. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар Академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги уч ой муддатда физика фани ва чет тиллари бўйича узлуксиз таълим сифати ва натижадорлигини ошириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс дастурларни ишлаб чиқсин:

илмий тадқиқотларни ривожлантириш, таълим ташкилотларида мазкур фанларни ўқитиш методикасини қайта кўриб чиқиш, амалий ва инновацион лойиҳалар танловларини ташкиллаштириш, соҳадаги илмий ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш;

янги авлод, шу жумладан, электрон дарслик ва ўқув курсларини яратиш, шунингдек, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўқув дастурларида амалий ва интерфаол машғулотларнинг улушини кўпайтириш;

хорижий тилларни ўрганиш учун кенгроқ имконият яратиш мақсадида бепул тил ўрганиш электрон платформаларини яратиш;

ихтисослашган мактаб (синф)лар фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш, уларни олий таълим ташкилотлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро боғлаш ҳамда хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни жалб этиш.

6. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда 2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш ишлари бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва унда қуйидагилар назарда тутилсин:

республикада мавжуд спорт объектлари ва иншоотлари, логистика, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасини ўрганиш натижасида Осиё Олимпия Кенгаши ва халқаро спорт федерациялари талабларига мувофиқ уларни таъмирлаш ёки янгиларини қуриш бўйича таклифларни тайёрлаш;

ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришнинг бош режасини унда белгиланадиган ҳар бир тадбир бўйича молиялаштириш манбаси ва масъул ижрочини кўрсатган ҳолда тузиш;

Осиё Олимпия Кенгаши талабларига асосан ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритиладиган спорт турларини саралаб олиш ва ўйинлар дастурини ишлаб чиқиш босқичларини белгилаш.

7. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида:

а) 2021 йил 1 июлдан бошлаб “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш учун ўрта тиббиёт мутахассисларига ўзини ўзи банд қилиш асосида рухсат берилсин;

б) 2021 йил якунига қадар меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож 900 нафар чин етим битирувчилари уй-жой билан таъминлансин.

Молия вазирлиги кейинги йиллар учун бюджет параметрларини шакллантиришда меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож етим битирувчилари ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашга маблағлар ажратилишини назарда тутиб борсин;

в) 2021 йилда 22 та мактабгача таълим ташкилоти бинолари, 31 та янги мактаб, 16 та олий таълим муассасалари бинолари, 24 та соғлиқни сақлаш объектлари ҳамда 23 та спорт объектларининг қурилиши таъминлансин.

8. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилсин ва унинг мақсадлари амалга оширилишини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилсин.

9. Илғор хорижий тажриба ва кенг жамоатчилик таклифлари инобатга олинган ҳолда, 2021 йил 1 июнга қадар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги амалиёт жорий этилсин:

муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш амалиётини сертификат бериш тизимига ўтказиб, фуқароларга ўз танловига кўра давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имкониятини яратиш;

ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронликни муддатсиз даврга белгилаш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой муддатда тиббий-ижтимоий хизматнинг мутлақо янги моделини шакллантириш чораларини кўрсин.

10. Пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб:

пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 
2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;

уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;

ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;

пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;

пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг (кейинги ўринларда – Пенсия жамғармаси) тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;

фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.

11. Пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 февраль ҳолатига бўлган қарздорлиги ҳисобдан чиқарилсин.

12. Иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан, камбағалликни қисқартириш ва узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишнинг пойдеворини яратиш мақсадида:

а) ишсиз аъзолари бор оилаларга, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга деҳқончилик билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш учун:

деҳқончилик билан шуғулланиш учун, шу жумладан, янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларида 
0,1 гектардан 1 гектаргача ер ажратилиши;

ажратилган ер майдонлари суғориш тизими (артезиан қудуқлар, томчилатиб суғориш тизими ва бошқалар) ҳамда электр энергияси билан таъминланиши; 

берилган ерларни ўзлаштириш учун (ер ҳайдаш, уруғ, кўчат харид қилиш ва бошқалар) субсидия ажратилиши йўлга қўйилсин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, эҳтиёжманд оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун кўмаклашиш тизимини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин;

б) тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиши амалиёти йўлга қўйилсин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ишсиз аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятига жалб қилишнинг янги механизмлари юзасидан таклиф киритсин;

в) 2021 йил 1 мартдан бошлаб заргарлик соҳасида кенг имкониятлар яратиш учун “Навоий кон-металлургия комбинати” ДК томонидан кумушни биржа орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилсин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бир ой муддатда кумушнинг ишлаб чиқарувчиларга биржа савдолари орқали сотилиши, биржага қўйиладиган кумуш ҳажмларини шакллантириш ва маҳсулот бошланғич нархини асосли белгилаш бўйича таклифларни киритсин.

13. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнга қадар ички туризмни оммалаштириш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун қуйидаги харажатларнинг бир қисмини қайтариш механизми жорий қилинади:

авиаташувчиларга – ички туризм йўналишларидаги авиақатновларда авиа чипта нархининг 25 фоизи;

туроператор ва турагентларга – Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ташкил этилган турлар юзасидан авиа ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи ҳамда жойлаштириш воситаларининг жойлаштириш бўйича хизматлари (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи. Бунда, ушбу харажатларнинг бир қисмини қайтариш саёҳат амалга оширилган ҳудудлардаги жойлаштириш воситаларида камида бир кеча тунаб қолиш шарти билан тақдим этилади.

14. Электр энергияси ва табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор муносабатларини шакллантириш мақсадида:

суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинсин;

2021 йил 1 июнга қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали улгуржи бозорни шакллантириш “Йўл харитаси” ишлаб чиқилсин.

Энергетика вазирлиги “Йўл харитаси” ишлаб чиқилишини таъминласин ҳамда биринчи босқичда 2021 йил 1 августдан бошлаб, йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилишини назарда тутсин.

15. Давлат солиқ хизматида “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида фермер хўжаликларининг даромад ва харажатларини автоматик шакллантириш ва солиқ органларига юбориш имконини берувчи электрон тизимни 2021 йил 1 июлга қадар амалиётга жорий этиш чоралари кўрилсин.

Белгилансинки, давлат солиқ хизматининг фаолиятини “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида ташкил этиш доирасида олдинги йил учун даромадлари йиллик молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида 5 миллиард сўмни ташкил этган, юридик шахс мақомига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари солиқ мониторингида иштирок этишга ҳақли.

16. Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги ва Ҳисоб палатасининг Молия вазирлиги тизимидаги Давлат молиявий назорати департаменти тузилмасини такомиллаштириш ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ички аудит хизматларини тартибга солиш тизимини ривожлантириш, шунингдек, ўтказиладиган текширишлар ва уларнинг натижалари юзасидан маълумотларни очиқ эълон қилиб бориш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Молия вазирлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда бир ой муддатда давлат молиявий назорати ва ички аудит тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ишларни жадаллаштирсин.

17. Божхона назорати тартиб-таомилларини такомиллаштиришда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2021 йил 1 июлдан бошлаб божхона назоратини олиб боришнинг қуйидаги тартиби белгилансин:

тоифадан ташқари мақомдаги “Масофавий электрон декларациялаш божхона постлари” синов тариқасида босқичма-босқич ташкил этилади;

божхона расмийлаштируви жараёнларини масофавий бошқариш, инсон аралашуви кескин қисқартирилади;

чегараларда ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан юк ташувчиларни рўйхатга олиш, ҳужжатларни текшириш, уларга кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ундириш жараёнини рақамлаштириш орқали умумий онлайн назорат амалиёти жорий этилади.

18. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида:

а) жорий йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳар бир ҳудудда биттадан туман (шаҳар) бюджетини шакллантиришда харажатларнинг камида 5 фоизини бевосита аҳолининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш тартиби эксперимент тариқасида жорий этилсин;

б) 2021 йилда давлат бошқаруви ходимлари сони ўртача 15 фоизгача оптималлаштирилсин.

Молия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар қуйидаги чораларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси киритилишини таъминласин:

бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни ва мажлисбозликни қисқартириш;

кўп йиллар давомида бўш турган штат бирликларини оптималлаштириш;

айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш ҳамда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қисқартириш ва уларни бериш жараёнини автоматлаштириш ҳисобига иш жараёнларини қайта кўриб чиқиш;

вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш жараёнларини соддалаштириш;

рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан иш жараёнларини оптималлаштириш;

вазирликларда фаолиятни туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириш тизимини жорий этиш;

в) ўрта ва қуйи бўғин бошқарув органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш доирасида:

вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маоши ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилансин;

қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаблар ва замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб боришнинг аниқ тизими жорий этилсин;   

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ўрта ва қуйи бўғин бошқарув органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ чораларни кўрсин;

г) 2021 йил якунига қадар амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш ва тарқоқ ҳужжатларни тизимлаштириш орқали тартибга солиш юкини ва тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг даражасини камайтириш учун ортиқча нормаларни қисқартириш таъминлансин.

Адлия вазирлиги 2021 йил 1 майга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларини бекор қилиш бўйича ишларни ташкил этиш ҳамда аниқ муносабатларни тартибга солувчи ҳужжатларни тизимлаштириш бўйича таклифларни киритсин;

д) 2021 йил 1 июлга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни фақатгина махсус “E-qaror” электрон тизими орқали тайёрлаб, қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилсин.

Адлия вазирлиги уч ой муддатда

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини тайёрлаш, қабул қилиш, ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш;

электрон тизимдан фойдаланиш, уни юритиш ва унда жамоатчилик иштирокини таъминлаш;

қабул қилинаётган қарорларни ижрочи ва манфаатдор ташкилотларга етказиш ва тегишли базалар билан интеграция қилиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларини мазкур тизимда ишлаш бўйича ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш;

электрон тизим орқали қабул қилинмаган ҳужжатларни амалга киритганлик ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказмаган ҳолда қабул қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш бўйича таклифларни киритсин.

19. Молия вазирлиги 2021 йил 1 майдан бошлаб қуйидагиларга оид молиявий маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилиш амалиётини жорий этсин:

давлат органлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромади ва харажатлари;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда уларга устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи тегишли бўлган юридик шахслар харидлари;

давлат субсидия ва грантларининг миқдорлари ва олувчилари.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги икки ой муддатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш, шу жумладан, давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш бўйича ташкил этиладиган тендер ва танлов комиссияларининг таркиби, давлат активларининг олди-сотди ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари жараёнлари иштирокчилари, солиқ ва бошқа имтиёзлар олувчилар каби маълумотларни очиқ эълон қилиш бўйича таклифларни киритсин.

20. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи “Е-Антикоррупция” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш, соҳа ва тармоқлар кесимида чуқур таҳлиллар ва жамоатчилик сўровларини ўтказиш натижасида “Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри”ни шакллантириш;

“Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри”га мувофиқ ҳар бир коррупциявий омилни биринчи навбатда рақамлаштириш (электрон навбат, аукцион ва бошқа замонавий усуллар), очиқликни таъминлаш, жамоатчилик назорати каби воситалар орқали бартараф этиш бўйича таклифларни экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасида кенг муҳокамадан ўтказган ҳолда ишлаб чиқиш;

амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини ва коррупциявий омилларни бартараф этишга таъсирини жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда баҳолаш ва эълон қилиш.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Е-Антикоррупция” лойиҳасини амалга ошириш механизмлари ҳамда коррупцияга мойил бўлган муносабатларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин.

21. Адлия вазирлиги бир ой муддатда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишида бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартиришга қаратилган, қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасини киритсин:

фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фойдаланиши мумкин бўлган давлат хизматларининг кўламини кенгайтириш;

давлат, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқлашнинг ягона идентификация рақамини жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйиш орқали улар ўртасида қоғоз кўринишида ҳужжат тақдим этиш амалиётига чек қўйиш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган давлат хизматларининг натижаларини почта алоқаси орқали етказиш амалиётини йўлга қўйиш;

“марказ-маҳалла-фуқаро” тамойили бўйича давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиб келинаётган хизматларнинг ҳар бир оилага кириб боришини таъминлаш бўйича Қарши шаҳар тажрибасини жорий этиш.

22. 2021 йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизга 2005 йил 1 январга қадар келиб, доимий яшаётган, шунингдек, мамлакатимизда 15 йил давомида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган (чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган) шахслар томонидан истак билдирилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий қилинсин.

23. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш мақсадида:

2021 йил 1 апрелга қадар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимини йўлга қўйиш чораларини кўриш тавсия этилсин;

2021 йил 1 июнга қадар жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилсин;

2021 йилда 6 тагача манзил-колониялар қисқартирилсин.

24. Кенг жамоатчиликнинг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг асосий фаолиятини фуқароларга кўмак беришга йўналтириш ҳамда коррупцияга имкон берадиган омилларни бартараф этиш чораларини кўриш учун:

автомототранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказишни экстерриториаллик принципи асосида йўлга қўйиш ва янги автомототранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш талабини бекор қилиш;

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида биттадан рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма)ларида фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга давлат рақами белгиларини беришни амалга ошириш;

барча рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма)ларида ҳамда камида 20 та давлат хизматлари марказларида миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришни (шу жумладан, алмаштириш ёки йўқолгани ўрнига янгисини бериш) фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар амалга ошириш;

ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгорлардан имтиҳон олиш жараёнини жамоатчилик томонидан, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали кузатиш имконини яратиш;

илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда, автомобиль йўлларида йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда ўлим ҳолатларини, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойларининг замонавий светофорлар билан таъминланганлик даражасини босқичма-босқич ошириш орқали қисқартириш.

Ички ишлар вазирлиги уч ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;

б) республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш. Бунда:

ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилсин;

дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилсин.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси икки ой муддатда атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш тартибини қайта кўриб чиқиб, табиатни қайта тиклашга қаратилган компенсация механизмларини кенг жорий этсин.

25. Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда хорижий мамлакатлар билан 2021 йилда савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-маърифий, маданий-гуманитар ва сиёсий соҳаларда, шунингдек, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва тадбиркорлик субъектлари учун тартиб-таомилларни соддалаштириш ва махсус қулай режимлар тақдим этишни назарда тутувчи аниқ чора-тадбирлар бўйича таклифларни киритсин.

26. Адлия вазирлиги “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан биргаликда:

Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда умумлаштириш ҳамда якунларини аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни, таҳлилий ахборот кўринишида акс эттирган ҳолда, ўз веб-сайтларида жойлаштириш;

мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминласин.

27. Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурининг изчил ва ўз вақтида ижросини назорат қилишни қуйидаги тартибда амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари ўз ҳудудларида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича ўн кун муддатда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва ҳар ойда ўз мажлисларида муҳокама қилиб боради;

Вазирлар Маҳкамаси ҳар ойда Давлат дастури бажарилишини Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳузурида танқидий кўриб чиқади, ҳар чоракда Ҳукумат Раёсатида муҳокама қилиб боради ҳамда ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тадбирлар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўради;

Олий Мажлис палаталари ҳар чоракда Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг Давлат дастури бажарилиши юзасидан ахборотларини эшитиб боради ҳамда бу борада вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда ҳар ойда Давлат дастури бажарилишини назорат қилиб боради ҳамда унинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш чораларини кўради.

28. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Халқаро пресс-клуб билан ҳамкорликда:

ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг тушунтирилишини;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотнинг кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказилишини таъминлаш тавсия этилсин.

29. Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

30. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

            Президенти                                                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 3 февраль

1928 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Илм амал билан гўзал Насиҳат қилишнинг 18 одоби »

Мақолалар

Top