Мақолалар

Ислом – мўътадил дин

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَكَذَٰلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِّتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا

яъни: “Шунингдек сизларни бошқа инсонлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик”, дейди (Бақара сураси, 143-оят). Аллоҳ таоло бу умматга мўътадиллик сифатини неъмат қилиб берди ва мана шу сифат билан у умматларнинг энг яхшиси бўлди. Аллоҳ уларга шариатларнинг энг мукаммалини, йўлларнинг энг равшанини ва мажбуриятларнинг энг енгилини таклиф қилди.

Аллоҳ таоло айтади:

هُوَ اجْتَبَاكُمْ وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ ۚ مِّلَّةَ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ ۚ هُوَ سَمَّاكُمُ الْمُسْلِمِينَ مِن قَبْلُ وَفِي هَٰذَا لِيَكُونَ الرَّسُولُ شَهِيدًا عَلَيْكُمْ وَتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ

яъни: “Унинг ўзи (шу муқаддас дин учун) сизларни танлаб олди ва бу динда сизларга бирон ҳараж – танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни, Исломни) ушлангиз!” Токи (қиёмат кунида) Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (барча динлардаги) одамлар устида гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) ўзи сизларни илгариги муқаддас китобларида ҳам, мана шу Қуръонда ҳам мусулмонлар деб атади” (Ҳаж сураси, 78-оят).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида Нуҳ чақирилиб, унга: динни етказдингми? – дейилади. У эса, ҳа деб жавоб беради. Кейин унинг қавми чақирилади ва: сизларга етказдими? Дейилади. Улар эса: бизларга ҳеч қандай огоҳлантирувчи келгани йўқ, бизларга ҳеч ким келган эмас - дейдилар. Кейин Нуҳга: сенга ким гувоҳлик беради? - дейилади. У эса: Муҳаммад ва унинг уммати гувоҳлик беради, дейди. Мана шу ҳолат Аллоҳ таоло айтган “Шунингдек, сизларни адолатли уммат қилдик” деган оятининг маъносидир. Сизлар чақириласизлар ва Нуҳнинг етказганлиги ҳақида гувоҳлик берасизлар, сўнгра мен сизларга гувоҳлик бераман”.

Ояти каримада Аллоҳ таоло қиблани Байтул Мақдисдан Иброҳим алайҳиссаломнинг қибласи бўлмиш Каъба томонга буришлиги билан уларни умматнинг энг афзали қилмоқчи бўлганлигига ишора қилинади. Чунки, барча умматлар бу умматнинг фазл эгаси эканлигини эътироф этадилар. Маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб борганларида у ердаги аҳолининг кўпчилиги яҳудийлардан иборат эди. Аллоҳ у кишига намозда Байтул Мақдисга юзланишни буюрди. Бундан яҳудийлар жуда ҳурсанд бўлдилар. Чунки, Байтул Мақдис яҳудийларнинг қибласи эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у томонга бир неча ой юзланиб намоз ўқидилар. Ўзлари Иброҳим алайҳиссаломнинг қиблаларига юзланишни ёқтирар эдилар. Дуо билан ўз раббиларига юзланар ва назарларини осмонга қаратар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло:

قَدْ نَرَىٰ تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ ۖ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا ۚ فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ ۚ وَحَيْثُ مَا كُنتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ ۗ وَإِنَّ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ ۗ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا يَعْمَلُونَ

“Дарҳақиқат, биз сизни юзингизни осмонга қараётганини кўриб турибмиз. Яқинда биз сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага бурамиз. Энди юзингизни Масжидул Ҳарам томонга буринг. Қаерда бўлсангизлар ҳам юзларингизни у томонга буринглар. Албатта, китоб берилган кимсалар бу ҳукм роббилари томонидан келган ҳақиқат эканлигини биладилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир” (Бақара сураси, 144-оят) – деган оятни нозил қилди.

Мусулмонларнинг қибласи бўлмиш Каъбаи Муаззама Исломда мўътадиллик рамзини ифодалайди. У муборак заминда ва ер юзининг энг ўртасида жойлашган. У Ер сайёрасининг қоқ марказида турибди. Дунёдаги одамларга нисбатан ғарбдан ҳам, шарқдан ҳам, шимолдан ҳам, жанубдан ҳам ўртада. Шунингдек, Аллоҳ таоло рисолати учун ҳам, одамлар намозда юзланадиган қибла учун ҳам, ваҳий тушириш учун ҳам айнан шу ерни танлади. Бу ўрта жой олийжаноб даъватнинг мўътадиллиги билан ҳам мувофиқдир. Аллоҳ таоло нур ва ҳидоят шуълаларини атрофдаги барча олам кишиларига тарқатиш учун мана шу ерни ихтиёр этди. Шундай қилиб раббоний ҳикмат даъватнинг ер юзи бўйлаб тарқалишига, ислом уммати Аллоҳ томонидан унга юклатилган омонатни адо қилишига имконият топиши учун ушбу жойни ер куррасининг ўртасида бўлишини тақозо этди.

Бошқа жиҳатдан исломнинг мўътадиллиги вақт кўринишида ҳам намоён бўлади. Рисолатнинг охиргиси бўлмиш Ислом башарият тарихини аввалида ҳам, охирида ҳам келмади, балки аввалги самовий рисолатлар келтирган хабарларни тасдиқлаш ва уларни асраш учун башарият тарихининг ўртасида келди. Шунингдек, Исломда ақида масаласини ҳам мўътадил, яъни энг яхши ва одилона эканлигини кўриш мумкин. Бу ақида бўйича бандалар яккаю ёлғиз, ҳеч кимга муҳтож бўлмаган, туғмаган ва туғилмаган, унга бирор нарса тенг бўлмайдиган зотга имон келтирадилар. Бу имон ҳар қандай ўхшашлик (ташбиҳ) ва буткул инкор қилиш (таътил) каби хусусиятлардан холидир.  Чунки, Аллоҳ таоло шундай зотки, унга ўхшайдиган ҳеч нарса йўқ, у эшитувчи ва кўрувчидир. Бандалар Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳнинг элчиси деб имон келтирадилар. У зот зиммаларидаги масъулият бўлмиш рисолатни етказдилар, омонатни адо этдилар, умматни ҳидоятга бошладилар, инсонларни зулматдан нурга олиб чиқдилар. Улар у зотга баъзи адашган кишилар ўз пайғамбарларини илоҳийлик даражасига эришган деб гумон қилганларидек эмас, балки пайғамбарлик ва элчилик даражасидан юқорига кўтармаган ҳолатда имон келтирадилар. Шунингдек, у зот барча одамлар қаторида ҳам эмаслар, тўғри, башарлар, лекин ваҳий келиб турган, раббилари тарафидан элчи бўлганлар. Шунинг учун у зотни мақташликда ғулувга кетиб қолишдан қайтарганликлари ҳақида ҳадислар ворид бўлган. Он ҳазрат шундай деганлар: “Мени ҳудди насоролар Марямнинг ўғли Исони мақтагандек ҳаддан зиёд мақтаманглар. Дарҳақиқат, мен бандаман, мени Аллоҳнинг бандаси ва унинг элчиси деб айтинглар”.

Ақидадаги мўътадиллик Аллоҳнинг сифатларини бошқа махлуқотларникига ўхшатмасликда ва бутунлай йўқ демасликда ҳам кўзга ташланади. Шунингдек, ақидадаги мўътадиллик қазои-қадарга имон келтиришда ҳам намоён бўлади. Бунга мисол қилиб аҳли сунна кишилари жабарийларнинг фикрларини рад қилишларини олиб кўришимиз мумкин. Жабарийлар: инсон қилаётган амалини бажаришга мажбур деб айтадилар. Аҳли сунна қадарни бутунлай инкор қилувчи Қадарийларнинг фикрини ҳам рад қилади. Аҳли сунна валжамоа мана шу икки тушунчанинг ўртасида туради. Улар Аллоҳни ҳар бир нарсанинг яратгувчиси деб, у хоҳлаган нарса бўлади, хоҳламаган нарса бўлмайди деб исбот қиладилар. Шунингдек, банданинг амаллари тақдирда ёзилган ва бу ишни амалга оширишда унинг ихтиёри ўзида деб имон келтирадилар. Бу билан улар бандадаги ихтиёрни йўқ дегувчилар билан қадарни инкор қилувчилар ўртасидан ўрин оладилар.

Ибодатда ҳам мўътадиллик мавжуд. Исломда кўрсатилган ибодатлар енгил ва ўртачадир. Ундаги ибодатлар бандалар бажариши машаққатли бўлган даражада оғир ҳам эмас, кишида бирорта асар қолдирмайдиган даражада арзимас ҳам эмас. Аллоҳ таоло бардаларига қурбилари етадиган ибодатларни буюрди. Аллоҳ намозни ҳар соатда ўқишни фарз қилмади, унинг ракатлари сони кўп ва машаққатли ҳам эмас. Шу билан бирга жуда оз ҳам эмас ёки бир ёки икки марта ҳам эмас. Балки ўртача миқдорда бўлиб, кеча ва кундуз орасидадир. Бир кеча ва кундузда беш вақт намоз фарз қилинган. Шунингдек, рўза тўлиқ бир йил давомида ҳам эмас, бир неча кун ҳам эмас. Балки йилда бир ой, у ҳам бўлса Рамазон ойидир. Бир кунлик рўза ўз ичига ўша куннинг тунини ҳам қамраб олмайди, балки тонг отгандан кун ботгунчадир. Закотнинг фақирга ҳам, молнинг эгасига ҳам ҳеч қандай зарари рўқ. Пул ёки тижорат молларини топишда қанчалик кўп тер тўкилган бўлса ундан чиқадиган закот миқдори жуда ҳам оз бўлади. Меҳнат кам сарф қилиниб топилган молларда, масалан ер ости бойликларида закот миқдори кўпроқдир. Пул ва тижорат молларининг қирқдан бири закотга берилади. Деҳқончилик маҳсулотлари ва мевалардан закот ҳам ҳудди шундай. Бирор асбоб ёрдамида суғориладиган экинларнинг йигирмадан бири закотга берилса, ҳеч қандай асбобсиз, ёмғир суви билан суғорилган экинларнинг ўндан бир қисми закотга берилади.

Ҳаж ибодатини Аллоҳ таоло фақат қодир бўлган кишигагина фарз қилди. Уни икки ёки ундан ортиқ марта қилишни фарз қилмади, балки қодир бўлган кишига умрида бир мартагина қилишни фарз қилди. Шундай экан шариатнинг барча кўрсатмалари ҳар қандай ғулув ва камчиликлардан холидир.

Исломда мўътадил ахлоқ деган тушунча ҳам бор. Ислом тавсия этган ахлоқларга бир назар ташласак унда ҳам мўътадиллик борлигини кўрамиз. Саховатни олиб қарайдиган бўлсак, у исроф билан бахиллик ўртасидир. Шижоат эса ўйламай, жаҳлга суяниб ҳаракат қилиш билан қўрқоқлик ўртасидадир.

Шунингдек, исломда руҳ ва жасад тарбиясида ҳам мўътадиллик мавжуд. Ислом жасад билан бирга руҳга ҳам бирдек эътибор қаратишга чақирган. Жасадга зарур бўлган нарсаларни фақат ҳалолини талаб қилишликка буюрган. Ҳадисда: “Сенда жасадингни ҳам ҳаққи бор” дейилади. Покиза ризқ ва ҳалол зийнатларни жасад учун ҳаром қилмайди. Жасадга қувват бағишлайдиган машғулотлар, жумладан камон отиш, сувда сузиш, отда чопиш, бадантарбия машғулотларига ўхшаш воситаларни қилишга ундайди. Руҳни эса, ибодатлар, Аллоҳга таважжуҳ, дуо қилиш билан парваришлаш лозимлигини уқтиради. Аллоҳ билан доимий алоқани ўрнатиш, уни мустаҳкамлаш, махфий ва ошкора ҳолатларда ҳам муроқабани унутмаслик руҳга нисбатан эътибордир. Руҳ ва жасад эҳтиёжларини қондиришда мувозанат сақлашлик, бирини қўйиб иккинчисига аҳамиятни кўпроқ қаратмаслик исломнинг бу соҳада ҳам мўътадил эканлигидан далолат беради.

Исломдаги даъват усули ҳам мўътадил ҳолатда келгандир. Динга зўрлаш, қаттиқ қўллик қилиш йўқ. Ҳудди шундай, бепарволик ҳам сусткашлик ҳам йўқ. Балки у инсонларнинг ҳолатларига, табиатларига мутаносиб даъватдир. У даъват ҳикмат ва чиройли мавъизага асослангандир. Шу билан бир вақтда Ислом даъвати мулойимлик ва ҳалимликни ҳам талаб қилади. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломни Фиръавнни олдига юборганда:

فَقُولَا لَهُ قَوْلًا لَّيِّنًا لَّعَلَّهُ يَتَذَكَّرُ أَوْ يَخْشَىٰ

яъни: “Унга мулойим гапиринглар, шояд шунда у гапингиздан таъсирланса ва қўрқса” деган (Тоҳо сураси, 44-оят).

Ислом даъватни босқичма-босқич бўлишини тақозо қилади. Ривоят қилинишича, Умар ибн Абдулазизга ўғли Абдулмалик: Эй ота, нима учун фармонларни зудлик билан амалга ошириб қўяқолмайсиз? Қасамки, ҳақ йўлда мен ҳам, сиз ҳам қозонда қайнасак парво қилмас эдим, деди. Шунда Умар ўғлига жавобан: Эй ўғлим, шошилмагин. Аллоҳ Қуръонда ароқни аввал икки марта ёмонлаган, сўнгра учинчи мартасида ҳаром қилган. Мен одамларга ҳақиқатни бир йўла айтсам, улар бу ҳақиқатни моҳиятига тушунмай ҳаммалари инкор қилиб қўйишларидан қўрқаман. Натижада катта фитна пайдо бўлади – деганлар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

        

2171 марта ўқилди

Мақолалар

Top