Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат ангаким, шафоъат эшиги аввал ҳазрати Расулдин очилғай, яна ҳар кимга Ҳақ дастур берса, ул ҳам шафоъат қилғай (Ўттиз саккизинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

 

Мустафодур,  билингки,  умматқа,

Эшик очқай бурун шафоъатқа.

Яна ҳар кишиға Ҳақ берур дастур,

Кўнгли истарға шафиъ бўлур.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Шафоъат эшиги аввал ҳазрати Расулуллоҳ

соллаллоҳу алайҳи ва салламдан очилади,

яна ҳар кимга Аллоҳ таоло изн берса,

у ҳам шафоъат қилади

 

Билингки, энг аввал умматга шафоъат учун ҳазрати (Муҳаммад) Мустафо алайҳиссалом эшик очадилар (шафоъат қилишни бошлаб берадилар).

Яна  Аллоҳ  таъоло  ҳар  кимга  изн  берса,  у  кўнгли  истаган  кишига шафоъатчи – восита бўлади.

 

ШАРҲ. “Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди” китобидан: “Уламо зотлар шафоъатнинг беш хил бўлишини баён этганлар:

Биринчи шафоъат. Бутун махлуқот (яралмиш жонлар) Аросатда узоқ муддат кутиб қолади, аммо ҳисоб-китоб ва мезонга – тарозуга чақирилмайди. Бу аҳволдан халқ беҳад музтариб бўлиб  – изтиробда қолиб, аввало Одам алайҳиссаломнинг шафоъатларини сўраб, мурожаат қиладилар. Аммо Одам алайҳиссалом узр баён қиладилар. Шу йўсин барча пайғамбарлар Одам алайҳиссаломдек узр баён қиладилар. Ва ниҳоят, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат этишади ва у кишининг шафоъатлари билан маҳшргоҳдаги қўрқувдан қутулиб, ҳисоб-китобга ва мезонга чақирилиб, ҳар ким жой-жойига кетади. Бу шафоъатни улуғ шафоъат  – умумий шафоъат  дейдилар. 

Иккинчи шафоъат  – суюкли кишиларнинг ҳисобга тортилмасдан, Жаннатга киришлари учун бўладиган шафоъат дир.

Учинчи шафоъат – Дўзахга киришга мустаҳиқ бўлган кишилардан баъзиларига шафоъат  бўлиб, Дўзахдан қутулишларидир.

Тўртинчи шафоъат – Дўзахга кирган муваҳҳидлар, яъни Аллоҳнинг ягоналигига ишонганлар, мўъминларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоъат лари билан Дўзахдан қутулиб чиқишларидир.

Бешинчи шафоъат – Дўзах аҳли азобларини енгиллатиш учун бўладиган шафоъат дир”.

 

Фурқон сураси, 70-оят маъноси: “Фақат кимки тавба қилса, иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, мустаснодир; бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштириб қўюр. Аллоҳ беҳад мағфиратли, бениҳоят раҳмли Зотдир”.

 

“Жомиъ ул-мутун” китобидан: “Пайғамбарларнинг ва солиҳ кишиларнинг катта гуноҳ қилганларга шафоъат  қилиши ҳақдир”.

53-шарҳ: “Мўъминларнинг осийларига (гуноҳкорларига) Қиёмат кунида ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг шафоъат и ҳақдир. Шафоъат  ҳақидаги ояти жалила ушбудир: «Шоядки, Раббингиз сизни  мақоми маҳмудда (Қиёмат кунида гуноҳкор умматларингизни шафоъат  қиладиган мақтовли мақомда) тирилтирур». (Исро сураси, 79-оят).

         Барча муфассирларнинг тафсирига кўра, бу ояти каримада зикр қилинган «Мақоми маҳмуд» шафоъат  мақомидир. Шунингдек, бошқа Пайғамбарларнинг, олимларнинг, сиддиқларнинг, шаҳидларнинг ва солиҳ кишиларнинг шафоъат лари ҳақдир. Бир ҳадиси шарифда бундай деб марҳамат қилинган: «Менинг умматим солиҳларининг шафоъат и даражаси Бани Исроил Пайғамбарларининг шафоъат и даражаси кабидир» (“Жомиъ ул-мутун”).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

1732 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top