Мақолалар

«Ҳайрат ул-аброр»да сўфийлар сиймоси

Алишер Навоий ижодида инсон ҳақидаги тушунчалар исломий ақидалар негизида шаклланган. Шу боис Навоий қарашлари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифда инсон ҳақида билдирилган фикрлар билан мувофиқ келади.

 Биринчидан, Қуръондаги оятлар баъзан мазмунан достонларда қайтарилади ва инсон мукаррам зот экани, унинг вужуди тупроқдан бўлса-да, аммо руҳи илоҳий хусусиятга эгалиги баён этилади. Шоир инсонни исломий ақидаларга катъий амал қилган ҳолда таърифлар экан, унинг иймонли бўлиши, шариат талабларига оғишмай риоя қилиши лозимлиги, ўзини англаши, ўз Раббини таниши зарурлиги ҳақида ёзади. Инсон ана шу махзанни кашф этиши, руҳини камол топтириб, покланиб, фонийликка етиб, илоҳий оламга етишиши керак. Комил инсон – илоҳий илмларни эгаллаган, қалби нурли, ҳар нарсадан огоҳ одам. Аммо бу йўл бағоят мушкулликлар билан, тинимсиз Аллоҳ сари покланиб бориш билан амалга ошади.  

Бу жиҳатдан «Ҳайрат ул-аброр»нинг 21-боби ‒ алоҳида аҳамиятга эга. Унда ҳам Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, ҳам Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий таърифу тавсиф этилди. Бобнинг дастлабки 15 байти ‒ Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, кейинги 30 байти эса ‒ Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ҳақида.

Навоийнинг бошқа асарларида ҳам Ҳазрати Нақшбанд ҳақида фикрлар бор, лекин бу бобда у силсила асосчиси ҳақида кенг тўхтаб, унинг мавқеи ва салоҳияти, қарашлари – маслагини баён этиб беришга муваффақ бўлади, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийни эса “Хамса” ёзилган замондаги унинг ўринбосари сифатида таърифлайди.

Навоий ҳазрати Баҳоуддиннинг улвий мартабаси, тариқатдаги хизматлари ҳақида ёзар экан, «нақш» сўзининг кўп маънолигидан фойдаланиб, занжирли сўз ўйини ҳосил қилади – ажойиб тасвир яратади. Maълумки, «нақш» сўзи ‒ бир нечта маънога эга. Навоий «нақш» деганда, аввало, дунёни, «наққош» деганда эса Холиқи оламни кўзда тутади:

Хожаки, наққош сипеҳри баланд,

Бўлғали ҳар сафҳасига нақшбанд,

Айлади авроқ мунаққаш басе,

Нақш рақам айлади дилкаш басе  

Шундай қилиб, дунё ашёлари, гўзал ҳаёт, фалаклар барчаси ‒ Аллоҳ, яъни Наққоши азалнинг нақши суратлари. Шу каби набилар ва валилар кўнглидаги лиммо-лим илм ҳам Аллоҳнинг нақши ҳисобланади. Жумладан, Ҳазрат Баҳоуддиндаги валилик қобилияти, илоҳий истеъдод ‒ Тангри неъмати натижаси. Баҳоуддиннинг «нақшбанд»лиги ‒ илоҳий нақшбандликнинг инсон зотига зуҳур этишидан иборат. Баҳоуддин кўнгулларга илоҳий ишқ нақшини, фано ва фақрлар нақшини солади. Бу зотнинг қалбида дунё, яъни ғайр нақши йўқ. Унинг қалби шундай тозаки, унда фақат Аллоҳ суврати ‒ намоён. У зикр орқали кўнгилларни Аллоҳ исму сифатлари билан тўлдирган.  

Хожа Аҳрор ҳам ‒ нақшбандиянинг буюк муршиди. У илму дониш, каромату валиликда тенги йўқ бир зот:

Улки бу офоқ ичида тоқ эрур.

Тоқ неким, муришди офоқ эрур.

Чархи нигун даргаҳида хокрўб,

Балки жабини била хошокрўб.

Юз қўюбон қуллуғиға шоҳлар,

Базмида бехуд ўлуб огоҳлар  

Албатта, булар ‒ шоирона баланд пардали тавсифлар. Бу юксак руҳ шоирнинг Хожа Аҳрорга эҳтиромини кўрсатади. Ул зотнинг шарафи буюклигини таъкидлаш орқали амалда тасаввуф ғояларининг, сўфийлар эътиқодининг буюклиги таъкидланади.

Хожа Аҳрорнинг суҳбатларида беиймон иймон топади, иймони сустларнинг иймони мустаҳкамланади, у балоларни қайтарувчи, руҳ оламини сайр этиб, муждалар келтирувчи, ғайб асрорини кашф этувчи улуғ зот.

У шоҳларга эмас, шоҳлар унга қуллуқ қилади, лекин Хожа Аҳрор учун шоҳу гадо ‒ баробар:

Ҳақ сўзини элга қилурда адо

Тенг кўрунуб олида шоҳу гадо  

Ўзигина эмас, халифалари, яъни шогирдлари ҳам ‒ олам элига раҳнамо. Хожа Аҳрор тижорат билан шуғулланиб, сафарлар қилган бўлса ҳам, аммо «юкларида туҳфаи нақди фано». Хожа Аҳрор Навоий назарида поклик ва руҳий-маънавий камолот тимсоли, эзгуликка ҳидоят этувчи раҳбар, ҳар қандай шароитда ҳақ сўзни айтувчи, шоҳлар ва султонлардан юқори турадиган, Тангри таоло ва пайғамбар (с.а.в.) ишини бандалар орасига жорий этадиган зот. Шоир юртнинг ободлиги, осойишталигини, шундай валиларнинг шарофатидан, деб билади. Хожа Аҳрор ҳазратлари ‒ юртларнинг қўриқчиси, султонлар узра султон:

Мулки жаҳон мазрайи деҳқони ул,

Балки жаҳон мулки нигаҳбони ул.

Йўққи мамоликка нигаҳбон ўлуб,

Борча салотин уза султон ўлуб

Навоийнинг ҳазрати Жомийгa бағишланган байтлари ҳам пирга бўлган меҳр-муҳаббатини ифода этади. Жомий Навоий учун ҳам пир ва ҳам истеъдод илҳомчиси – устози сухан. «Ҳайрат ул-аброр»даги Жомий ҳақидаги бобда шу икки жиҳат бирга ифодаланган. Масалан, қуйидаги сатрлар Жомийнинг буюк сўфий пири муршидлигига ишорадир:

Қайси жаҳон, олами кубро дегил,

Қудрати Аллоҳу таоло дегил.

Хирқа анинг жисмида қаптон бўлуб,

Қаптони тан, жисми анинг жон бўлуб.

Хирқа била топмагани ихтисос,

Танни риё тўнидин этмак халос.

Чунки таважжуҳда қуйи солса фарқ,

Сойири равшан равиш, андоққи барқ  

Демак, Жомий гарчи шайхлар каби хирқа (махсус сўфиёна қуроқ тўн) киймаса ҳам, лекин унда валилик, сўфийликнинг барча белгилари ‒ муҳайё. Бу одамда Худонинг қудрати мужассам бўлган, у гўё олами кубро – илоҳий оламнинг ердаги ифодаси. Бошини таважжуҳ – тафаккургa эгса, ўн саккиз минг оламни сайр қилиб чиқади. Мана бу байтдаги маъно эса Жомий билан Нақшбанд орасидаги муносабат салоҳият ва мартабадагина эмас, балки ахлоқ ва равишда ҳам ўхшашлик борлигини кўрсатиб туради:

Файзи гадову шаҳ аро мунташир,

Хизматига шоҳу гадо муфтахир  

Яъни шоҳу гадо унга баробар бўлиб, хизматига келиш, нафасидан баҳра олишдан фахрланиб юрадилар. Жомий Навоий учун ҳаётдаги комил инсон эди.

Комил инсон ҳақидаги ғоялар асрдан-асрга, шоирдан-шоирга ўтиб, тўлишиб, теранлашиб борган. Бу бир идеал, образ сифатида адабиётдан мустаҳкам ўрин олган. Руҳоний шайхлар, номдор сўфийларга, комиллик тимсоли, деб қаралган. Уларнинг ахлоқи элга намуна қилиб кўрсатилган.  

Навоий «Ҳайрат ул-аброр»да ўзи эътиқод қўйган шайхлар, валилар сиймосини чизиб, инсоний баркамоллик, иймон ва эътиқод ғояларини тарғиб этади. Бу достонда Боязид Бистомий, Иброҳим Адҳам, Абдуллоҳ Ансорий, Шайх Ироқий, Имом Фахриддин Розий, Хожа Муҳаммад Порсо, Абдуллоҳ Муборак номи билан боғлиқ ҳикоятлар келтирилади. «Ҳайрат ул-аброр»даги икки вафоли ёр, ринди Бани Исроил, чинлик гўзал ва унинг ошиғи ҳақидаги ҳикоятларни иккинчи қисм ҳикоятларига киритамиз. Навоийда Нўширавон, Хотами Тоий, Баҳром Гўр, Аюб пайғамбар ҳаётидан олинган ҳикоятлар ҳам мавжуд. Бу ҳикоятларнинг умумий хусусияти шуки, уларнинг ҳар бирида бир сўфиёна ғоя ихчам, эсда қоладиган даражада ифодали қилиб тасвир этилади.  

Хуллас, Навоий қарашларида тасаввуф ғоялари кенг ўрин эгаллайди. Шоир сўфий ахлоқи ҳақида қатор фикрлар баён этишдан ташқари, валий инсон қандай бўлишини кўрсатган. У ўзининг бевосита устози, пири Жомийни ҳам шундай зотлар қаторига қўйиб таърифлайди, уни, реал ҳаётдаги комил инсон, деб билади.  

Навоий ҳаётга муносабатда ҳам тасаввуф таълимотидан келиб чиқади. Чин сўфийнинг ахлоқини намуна қилиб кўрсатади. Одамлар ундан ибрат олиши керак. Инсоний нуқсон ва камчиликлар кишиларни Илоҳдан ва одамийликдан узоқлаштиради. Киши қанча Аллоҳга яқин бўлса, у шунча инсонийдир, шунча буюкдир.

Бу ғоялар бугун учун ўта аҳамиятли ҳисобланади.

 

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

филология фанлари доктори, СамДУ профессори

2032 марта ўқилди

Мақолалар

Top