Мақолалар

Ўз нафсига ёки ўзгаларнинг жон-мулкига тажовуз қилиш, зарар келтириш динимизда қатъийян ман этилади. Чунки инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони Аллоҳнинг омонатидир. Зеро, Аллоҳ таоло яратган барча маҳлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70) деб, хабар берди. Омонатга хиёнат қилувчи Яратганга исён қилувчидир. У хоҳ ақлига, жисмига, руҳига, азиз жонига ёҳуд қайсидир аъзосига зарар етказишидан қатъи назар, гуноҳи азим ҳисобланади. Ким бу гуноҳи азимни қилса, гуноҳи кабира қилувчиларнинг қаторида саналди.

Эътибор қилсангиз, Қуръони карим бандаларни ўзи ва бировларни яшаш ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик тўғрисида:

“...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара, 195).  Бошқа бир оятда:        “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”  (Нисо, 29), деб ҳаётга тажовуз қилиш мутлақо мумкин эмаслигини уқтириб, бундай ғайриинсоний тажовузга қўл уришларидан қайтаради. Такрор-такрор ҳаёт неъматига тажовуз қилишликдан сақланиш лозимлигини таъкидлайди. Негаки, бу дунёда инсон учун ҳаёт неъмати мукофот қилиб берилган. Тирик жон учун ҳар бир олган ва чиқарган нафаси қанчалик бахт-саодат эканлиги баён қилинган.

Ўз жонига қасд қилганларга нисбатан ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деб марҳамат қилган (Имом Бухорий ривояти).

Қаранг! Ҳакимларнинг ҳакими, доноларнинг доноси ҳазрати Луқмон алайҳиссаломга одамлар савол билан мурожаат қилди. “Сиз ҳаётни нима деб биласиз?” У киши жавоб қилди: “Агар фаразан курраи заминнинг айлантираётган ер ўқини менинг бошимга ўрнатса, етти қават ер бошимда айланса, мен ҳаёт турсам шу яхшироқдир вафот топганимдан”, деб ҳаёт туришлик қадр-қиммати ва неъматини тавсифлашлари ҳар бир жонзот учун беқиёс ибратдир.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳажжатул вадоъдаги муборак хутбаларида мўмин-мусулмонлар, мўмина-муслималарга қарата қиёматгача лозим бўлган таълим-тарбияларда таъкидлаб:

- “Эй одамлар, ҳоҳ ўзингизни ва ҳоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди.

- Эй одамлар, бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди.

- Эй одамлар, ушбу арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам  шунчалик ҳаромдир”, деб огоҳлантирдилар (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, яна бир ҳадиси муборакда: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар захар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у шахс темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу муборак ҳадислар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсоннинг ҳаёт ва яшашга бўлган ҳуқуқнинг муқаддаслигини кенг ёритиб бердилар. Хусусан, бу насиҳат билан инсон ўз жонига қасд қилиши ҳаром ва қаттиқ гуноҳ эканлигини  яна бир бор таъкидладилар.

Мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилган ҳолда юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларга тавсия қиламизки, Аллоҳ таолонинг тақдирига имон келтирганмиз, турмушда учрайдиган яхши-ёмон синовларга сабр-тоқат қилишликка буюрилганмиз. Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт неъматини зое қилмаслик фарз эканига ишонганмиз. Унутмаслик керак-ки, ҳар бир етган азият ва мусибат учун сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этилади.   

Хусусан, ҳозирда адашган фирқалар томонидан ўзларининг нопок мақсадларига етиш учун мутлақо ўринсиз пуч даъво қилиб, муқаддас динимизни ниқоб этиб, ўзларининг манфур мақсадларини бажариш учун ўз жонига қасд қилган кимсани “шаҳид” деб эълон қилишлари ҳам фитна-фасод, нонкўрликдан бошқа нарса эмасдир. Ўз жонига қасд қилиш, бузғунчилик ва фисқу фужур, айнан муқаддас динига, она юртига, яшаб турган жамиятига кўр-кўрона душманликдир.

Аллоҳ таоло барчамизни берган ҳаёти билан яшашлик, ҳаёт неъматига иқрор бўлиб шукрона келтиришни насиб этсин. Имон-эътиқоддан жудо қилиб қўювчи барча тажовуз ва бало-қазолардан Ўзи асрасин!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

4898 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Энг яхши совға... Тўрт саволга бир жавоб »

Мақолалар

Top