Мақолалар

БОБУР ВА ИСЛОМ: ЗАҲИРУДДИН МУҲАММАД БОБУР – БУЮК ФИҚҲ ОЛИМИ  (“Мубайян” асари фазилатлари)   

 

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.

Аллоҳ таъолога сўнгсиз ҳамду санолар бўлсин. Ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жанобимизга чексиз салоту саломлар бўлсин.

Шукрким, султонлари олим, олимлари султон бўлган бир халқнинг фарзандларимиз.

Улуғ шоир, қомусий  аллома, маърифатли фақиҳ Заҳируддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳонга машҳур “Бобурнома” (“Тузуки Бобурий”) асари хилма-хил илмлар уммони, шеърлар “Девон”и мажоз ва ҳақиқатлар гавҳари, “Волидия” рисоласи назмий таржимаси Шоҳ Бобур маънавий ҳолининг ҳужжати ва ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор билан ўзи ўртасидаги маънавий иртиботлар василаси, “Мухтасар” асари шеър санъатининг аруз вазни баҳрларига бағишланган ва мумтоз шоирларнинг кўплаб шеърий парчалари билан зийнатланган илмий китоб, “Мубайян” асари эса Темурийлар даври ижтимоий, оилавий, диний маданиятининг кўркам ифодасидир.

“Бобурнома”нинг Мирзо Абдурраҳим ибн Байрамхон томонидан форс тилига таржима қилиниши асар ўз вақтида қадр-қиммат топганининг натижасидир.[1] 

 

Бобур Мирзо ҳижрий 888 йил, муҳаррам ойининг 6-куни, жумъа кунида (1483 йил, 14-февралда) туғилган.

Тарихчи аллома Абдулҳай Лакҳнавий-Ҳасаний “Нузҳат ул-хавотир” (“Хотиралар сайри”) асарида ёзади: «У зотнинг исмини  ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўзлари Заҳируддин Муҳаммад деб қўйганлар, лекин туркий халқлар орасида Бобуршоҳ деб машҳур бўлган»[2].

 

Тарихий ёдномаларда Заҳируддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳлик, саркардалик ва олимлик истеъдоди алоҳида таъкид билан қайд этилган. Жумладан, XVI аср тазкираларининг нодир намуналаридан бўлган Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» («Севимли зотлар ёдномаси») асарида: «Заҳируддин Муҳаммад Бобур подшоҳ ибн Мирзо Умаршайх  ибн Султон Абусаид Кўрагон ибн Султон Муҳаммад Мироншоҳ Мирзо ибн Амир Темур Кўрагон зикри» дея махсус бир боб ажратилган. Унда довюраклиги ва жасурлиги учун ёшлигидан «Бобур» («шер») деган лақаб олган Бобур Мирзо истеъдодининг турли қирраларини тавсиф этиб, уни: «Чиғатой султонларининг энг сараси ва зўр шижоатлиси эди...» [3], деб таърифлайди.

Шундан сўнг муаллиф Бобурнинг маънавий ҳоли, шоирлик истеъдоди ва фақиҳлик қобилияти ҳақида сўзлаб: “Подшоҳнинг Нақшбандия (тариқати) олий хонадонига иродат нисбати бор эди. Юқори шон-шавкатли бобоси ва салтанат нишонли отасининг ҳазрати Хожа Аҳрорга иродати бўлган. Бобур подшоҳ ҳам бу улуғлар хонадонига нисбатан иззат-икромни соатма-соат оширар ва бирор дақиқа бу ишни канда қилмас ва ғафлатда қолмас эди”, дейди.

Ҳасанхожа Нисорий яна: “Бобур подшоҳнинг фазилатлари бисёр ва камолотлари бешумордир. Аруз хусусида ёзган рисоласи («Рисолаи аруз») бир денгиздирки, ичи жавоҳиру дурдоналар билан тўладир. Фиқҳ масалаларини яна бир рисолада мубаййан қилган (очиқ баён этган)ки, ёзувчиси донишмандлигидан нишонадир. Туркий ва форсийда яхши шеърлари бордир. Ўшал фиқҳ рисоласининг номи ҳам «Мубайян»дир»

 

[1]Абдулҳай Лакҳнавий-Ҳасаний “Нузҳатул-хавотир” (“Хотираларсайри”).  Лубнон/Байрут, “Дорул-Ибн Ҳазм” нашриёти, 1999 йилда нашр бўлган, 315-бет.

[2] Абдулҳай Лакҳнавий-Ҳасаний “Нузҳат ул-хавотир” (“Хотиралар сайри”).  Лубнон/ Байрут, “Дорул-Ибн Ҳазм” нашриёти, 1999 йилда нашр бўлган, 314-бет.

[3] “Нузҳат ул-хавотир”, 315-бет.

Мирзо КЕНЖАБЕК

2236 марта ўқилди

Мақолалар

Top