Мақолалар

Ражаб ойи — тинчлик ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ражаб ойи Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хабар берган тўрт ҳаром ойнинг биттасидир. Бу ойларда қабилалар ўртасида уруш, йўлтўсарлик, қон тўкиш каби тажовузкорлик қилиш ман этилади — ҳаром қилинади.

Бу қоида жоҳилият даврида ҳам мавжуд эди, Ислом келгандан сўнг ҳам ўз кучида қолди ва Қуръони Карим ояти ва Суннат билан қувватланди.

Бу ойлардан учтаси: Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам кетма-кет ойлар, биттаси — Ражаб ойи эса алоҳидадир. Бунинг ҳикмати шуки, Зулҳижжа ойи Ҳаж ойидир. Аллоҳнинг Каъбасини ҳаж қилиш вақтида тинчлик сақланиши умумий халқаро қоида эди. Ҳаж ойининг аввалидаги Зулқаъда ва кейинги Муҳаррам ойларининг ҳаром ой деб саналиши ҳам Ҳаж амали билан боғлиқдир. Бу нарса Зулқаъда ойида ҳожилар соғ-саломат Маккага етиб келишлари, Муҳаррам ойида эса ҳожилар ўз ватанларига соғ-саломат етиб олишлари учун кафолатдир.

Ражаб ойининг алоҳида ҳолда ҳаром ойлардан бири деб саналиши эса Аллоҳнинг Каъбасига Умра зиёрати билан келувчиларга имкон яратган.

Ражаб ойининг рўзаси бошқа ойларда тутиладиган нафл рўзалардан афзаллиги йўқдир. Фақат бу ойнинг ҳаром ойлардан бири эканлиги унинг фазилатларидир.

Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: «Ражаб ойининг фазилатига, унда тутилган рўзанинг фазилатига, бу ойнинг муайян кечасида қоим бўлиб, фалон ракат намоз ўқишнинг фазилатига далолат қилувчи бирорта саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган» (Фиқҳус сунна, 1-ж. 453-с.).

Демак, «Бу ойнинг фалон фазилати бор, унда рўза тутилса, ундоқ бўлади, бундоқ бўлади, мана бу кечада фалон ракат намоз ўқилиши керак, ухламай бедор бўлиш керак, фақат ушбу мазмундаги дуоларнигина ўқиш керак», деган гаплар асоссиз бўлиб, бирор ояти карима ёки Пайғамбар ҳадислари билан ўз тасдиғини топмаган. Бироқ Аллоҳнинг ойларидан бири деб, одатдаги ибодатлар, нафл намоз ва нафл рўзаларни тутиш, Аллоҳнинг ҳузурига илтижо қилиб, истаган дуоларини ўқиш фойдадан холи эмасдир.

Ҳаром ойни асос қилиб қўйишига келсак, буни уруш ҳаром қилинган ойлар – Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларини яхшилик асоси қилиб қўйилиши деб тушуниш керак. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тия олар эдилар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам, унга бу ойларда бир оғиз сўз айтмас эди.

Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди.

Аллоҳ таоло мазкур ойнинг ҳаром ойлардан бири эканини Қуръони Каримда шундай баён этади.

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг», деган (Моида сураси, 2-оят).

Оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.

«Ҳижрий-қамарий тақвим» асосида тайёрланди

islom.uz

2850 марта ўқилди

Мақолалар

Top