Мақолалар

Ражаб ойида юз берган муҳим воқеалар

Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари ушбу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис у “ражаб” деб аталган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг” (Моида сураси, 2-оят).

Уламолар ушбу оятдаги “ҳаром ой”дан мурод: ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир, деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни “Ҳажжатул вадо”да ўқиб, мусулмонларга муборак ойларнинг ҳурмати тўғрисида сўзлаб берганлар.

Ражаб ойи кирганда қандай дуо қилиш тўғрисида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидаги саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа ромазона”, (Аллоҳим! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва бизни рамазон ойига етказгин), дер эдилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, ражаб ойи кирганда ушбу дуони қилиш суннат ҳисобланади.

Ражаб ойида муҳим тарихий воқеалар юз бергани ривоят қилинади. Жумладан:

- Нуҳ алайҳиссалом тўфон бошланганда ражаб ойининг биринчи куни кемага минганлар;

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;

- Исро ва Меърож воқеаси ҳам машҳур қавлга кўра ражаб ойида содир бўлган.

Ражаб ойида юз бергани ривоят қилинадиган муҳим воқеалар хроникаси қуйидагилардан иборат:

Ҳижратдан аввалги 9 йил, ражаб ойи (нубувватнинг 5 йили / мил. 614 йил апрель- май) – 16 нафар саҳоба Ҳабашистонга ҳижрат қилди (бу Ислом тарихида «Ҳабашистонга қилинган биринчи ҳижрат» номи билан қайд этилган).

Ҳижратдан аввалги 4 йил, ражаб ойи (нубувватнинг 10 йили / мил. 619 йил февраль-март)

– Абу Толиб саксон етти ёшида оламдан ўтди;

– Қурайш мушриклари яна ҳадларидан ошиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очиқчасига озорлар бера бошлашди.

– Айрим манбаларда Мерож воқеаси айнан шу ойда юз бергани айтилади (Баъзи ривоятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга робиъул аввал ойида чиққанлар, дейилса, баъзиларида ражаб ойи, яна бошқа ривоятларда эса бошқа ойларнинг номи зикр қилинган).

Ҳижрий 2 йил, ражаб ойи (мил. 624 йил январь) – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Жаҳш Асадий розияллоҳу анҳуни муҳожирлардан ўн икки кишига бош қилиб, Қурайш карвони ҳақида хабар олиб келиш учун Макка билан Тоиф ўртасидаги Нахла водийига юбордилар (бу Ислом тарихида «Нахла» сарияси деб аталади).

Ҳижрий 6 йил, ражаб ойи (мил. 627 йил ноябрь-декабрь) – Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу сарияси бўлди.

Ҳижрий 9 йил, ражаб ойи (мил. 630 йил октябьр-ноябрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан эллик кун деганда Мадинага қайтдилар;

– ушбу ғазотдан сўнг Аллоҳ таоло мунофиқларга нисбатан қаттиққўллик билан муомала қилишга буюрди, садақаларини қабул қилиш, уларга жаноза ўқиш, истиғфор айтиш ва қабрлари устида туришдан қайтарди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан қайтиб келганларидан сўнг Аллоҳ таолонинг буйруғи билан макр-ҳийла ва фитна ўчоғи бўлган Зирор масжидини буздириб ташладилар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукдан қайтиб келганларидан сўнг Уваймир Ажлоний билан аёли ўртасида «лиъон» (Лиъон – аёлини зино устида ушлаганини даъво қилган одам агар бу даъвосига тўртта гувоҳ келтира олмаса, аёли ҳам гуноҳига иқрор бўлмаса, ҳар иккаласи қози олдида ўзининг ҳақлигини айтиб, тўрт марта гувоҳлик беради ва бешинчисида эр: «Агар гапим ёлғон бўлса, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб қасам ичади, аёл ҳам бешинчисида: «Агар унинг гапи рост бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин», дейди) содир бўлди;

– ғомидлик бир аёл зино қилганини эътироф этиб келди (ва ҳомиласини туғиб, ўғлини сутдан ажратганидан сўнг унга тошбўрон қилиш ҳукми ижро этилди);

– Нажоший (Ҳабашистон подшоҳи) Асҳама ражаб ойида, Табук ғазотидан сўнг вафот этди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Мадинадан туриб ғойибона жаноза намозини ўқидилар.

Абдул Азим Зиёвуддин

2152 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top