Мақолалар

ҲАЁТ ВА УМР ҚАДРИ

Энг гўзал ғазал шарҳи

АЛИШЕР НАВОИЙ
* * *
ҒАЗАЛ
* * *
Истасангким урғасен
давронға тийғи инқитоъ,
Ул видоъ эткунча сен
қилғил бурунроғ алвидоъ.

Жон бериб ширин-у муҳлик
жоҳ учун – илгингда тийғ,
Назъ вақти шарбати
марг истаб айлайсен низоъ.

Асрадинг каттон кафан
қилмоқ учун, не судким,
Ҳашр бозорида беқийматдурур
мундоқ матоъ.

Масканинг охир чу туфроғдур,
не ўткармакдурур
Мадфанинг айвониға
кўк гунбазидин иртифоъ.

Сандалойин эв ясаб,
элдин кўрарсен сарзаниш,
Ким бу янглиғ кўрди
сандалники, еткургай судоъ.

Ер ўпарсен ризқ учун
миннат юкидин хам бўлуб,
Тенгри ёрингким, қилибсен
хуш намозе ихтироъ.

Дур қулоғингда момуқдин
бир чигитдур, эл сўзин
Бу момуқ бирла чигитдин
айламассен истимоъ.

Беша шерин гар забун
қилсанг шижоъатдин эмас,
Нафс итин қилсанг забун,
оламда йўқ сендек шужоъ.

Эй Навоий, Тенгри асрориға
тил маҳрам эмас,
Чок кўнглунг ичра тутким:
«Жовазал-иснайни – шоъ».


НАВОИЙ ВА ИСЛОМ

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.
“Истасангким урғасен давронға тийғи инқитоъ” сатри билан бошланувчи ғазал ъайн ҳарфи билан тугаган ғазалларнинг энг гўзалларидандир. Ҳазрат Навоий бу ҳарфдаги ғазаллар туркумининг бошида “Ъайн ҳарфининг ийорларининг аломати «ғаройиб»дин” деб сарлавҳа қўйганлар. Кирил ва лотин ёзувидаги тил қоидаларига кўра, “алвидоъ”, “низоъ”, “матоъ” сўзлари “ъайн”сиз, яъни “алвидо”, “низо”, мато” шаклида ёзилади. Афсуски, мумтоз адабиётдаги шеърларни ўқишда ёзувдаги нуқсонларимиз кўзга ташланиб қолади. Мумтоз шеъриятнинг маъноси, вазни ва оҳангига зарар етмаслиги учун бу сўзларни аслидагидек ифода қилишимиз зарур бўлади.

1. Истасангким урғасен
давронға тийғи инқитоъ,
Ул видоъ эткунча сен
қилғил бурунроғ алвидоъ.

“Агар давронга – яшаб турган замонингга кезиш, узилиш, ажралиш, тугаллаш тиғини урмоқчи бўлсанг, у сенга видоъ айтмай туриб, яъни, ҳали ажалинг келмай туриб, сен унга олдинроқ видоъ айтиб қол”.
Яъни, дунёнинг беҳуда нарсаларидан ўлмасингдан туриб айрилгин. Бу байт “Мутуу қобла ан тамутуу” – “Ўлмасдан олдин ўлинглар” деган ҳадиси шарифнинг шеърий бир шарҳидир.
Ўлмасдан олдин ўлмоқ – ўлимдан кейин инсоннинг бошига келадиган ҳолларни бор ҳақиқати билан англамоқдир. Ҳазрати Шаҳобуддин Суҳравардий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўлмоқдан олдин ўлмоқ – қиёматдан олдин тирилмоқдир” деганлар. Яъни, қиёмат кунининг бор даҳшатини, бор ҳақиқатларини ҳали ўлмай туриб идрок этмоқ, тафаккур қилмоқдир.
Содда қилиб айтганда, даврондан узилиш, тирикликка видоъ айтиш, ўлмасдан олдин ўлиш дегани – ҳаётнинг қадрига етмоқ, ҳар нафасни ғанимат билмоқ, дунёни охиратнинг экинзори деб англамоқ, қабрдаги ҳолатларга ва қиёмат кунидаги сўроқ-саволларга яхши тайёргарлик кўрмоқ, дунёнинг ҳавою ҳавасларига берилмасдан, умрни фойдали ишлар билан ўтказмоқ деганидир.
“Мунаббиҳот” китобидан айтилади: “11 - Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Беш нарса келмасдан олдин беш нарсани ғанимат билинг (қадрига етинг): 1) Қарилик келмасдан олдин ёшликни ғанимат билинг; 2) беморлик келмасдан олдин тани сиҳатликни ғанимат билинг; 3) камбағаллик келмасдан олдин бойликни ғанимат билинг; 4) машғуллик (ташвишлар) келмасдан олдин бўш вақт – роҳат ва фароғатни ғанимат билинг; 5) ўлим келмасдан олдин ҳаётни ғанимат билинг. (“Мунаббиҳот, 11-ҳадис).

Мирзо Кенжабек,
“Навоий муҳаббати”
китобидан.

2179 марта ўқилди

Мақолалар

Top