Мақолалар

Муфтий Усмонхон Алимов: Султон Увайс Қароний ҳазратлари Аллоҳ таолонинг валий зотларидан, Пайғамбар алайҳиссалом ошиқлари сардорларидан бўлганлар

Хабар берганимиздек, бугун, 20 февраль куни Наманган вилояти Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Султон Увайс Қаранийга бағишланган илмий анжуман ҳам ўтказилди.

Анжуман давомида Муфтий ҳазратлари нутқ қилиб, мўмин-мусулмон халқимиз, хусусан, Наманган аҳолисини муборак қадамжонинг очилгани билан самимий муборакбод этдилар, сўнг Султон Увайс Қароний ҳазратлари ҳақида таъсирли маъруза қилиб, жумладан бундай дедилар:

– Дарҳақиқат, мўътабар уламоларимиз: “Солиҳ инсонлар эсланганда Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади”, дейдилар.

Қуръони каримда азиз авлиё зотлар хусусида бундай марҳамат қилинади: “Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари (дўстлари)га хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Юнус сураси, 62-оят).

Тафсир китобларида “Аллоҳнинг дўстлари”, яъни авлиёлар хусусида жуда ҳам кўп маълумотлар келтирилган. Жумладан, улар тоат-ибодат билан Аллоҳга яқин бўлувчи, Аллоҳ эса уларга фазлу каромати билан яқин бўлган кишилардир, деб ифодаланган.

Шунингдек, одамлар Қиёмат ваҳимасидан қўрққанда улар қўрқмаслар, одамлар гуноҳларидан ташвиш чекканда улар ташвиш чекмаслар, деб ҳам таъриф берилган.
Султон Увайс Қароний ҳазратлари ана шундай валий зотлардан бўлганлар. У зот Ислом оламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ғойибона ошиқ бўлганларнинг сардори сифатида ҳам машҳурдир.

Увайс Қароний Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик даврларига етишгани ҳолда, у зот ила кўриша олмай, ғойибона имон келтирган. Саҳобаи киромларнинг кўплари билан кўришган Ҳазрати Увайс Қароний тобеинларнинг улуғларидан бўлган. Бу ҳақда Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ора-сира Яман тарафга юзларини буриб, бундай дер эканлар: “Яман томондан раҳмат шабадалари эсмоқда. Эҳсон ва эзгуликда тобеинларнинг энг яхшиси Увайс Қаронийдир”.

Аллоҳ таоло Ҳазрат Увайс Қаронийга бергани каби бизнинг қалбимизга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга холис муҳаббатни жо қилсин.

Муфтий ҳазратлари маърузаси якунида илмий анжуман ишига улкан муваффақиятлар тилаб, Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-осойишталик, файзу барака, сиҳат-саломатлик, элимизни турли бало-офатлардан асрашини, ушбу мажмуани халқимизга узоқ йиллар маънавият ва маърифат маскани сифатида хизмат бўлшини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2158 марта ўқилди

Мақолалар

Top