Мақолалар

Ражаб ойи – фазилатли ой

Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари ушбу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис у “ражаб” деб аталган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг” (Моида сураси, 2-оят).

Уламолар ушбу оятдаги “ҳаром ой”дан мурод: ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир, деганлар.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни “Ҳажжатул вадо”да ўқиб, мусулмонларга муборак ойларнинг ҳурмати тўғрисида сўзлаб берганлар.

Ражаб ойи кирганда қандай дуо қилиш тўғрисида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидаги саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа ромазона”, (Аллоҳим! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва бизни рамазон ойига етказгин), дер эдилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, ражаб ойи кирганда ушбу дуони қилиш суннат ҳисобланади.

Ражаб ойида муҳим тарихий воқеалар юз берган. Жумладан:

-  Нуҳ алайҳиссалом тўфон бошланганда ражаб ойининг биринчи куни кемага минганлар;

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;

- Исро ва Меърож воқеаси ҳам машҳур қавлга кўра ражаб ойида содир бўлган.

Ражаб ойи динимизда улуғланган ойлардан бўлгани учун унда кўпроқ нафл рўза тутишга ҳаракат қилинади. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саид ибн Жубайрдан ражаб ойида шу ойнинг рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмасалар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, мунтазам оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишарди.

Мужийба Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: “Унинг (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?”, дебди. “Сени нима ўзгартирди, олдин чиройли кўринишда эдинг?”, дебдилар. “Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим”, дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун ўзингни азобга солдинг?”, дебдилар-да, сўнгра: “Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут”, дебдилар. Бир оз қўшинг, менинг етарли қувватим бор, дебди. У зот: Икки кундан рўза тут, дебдилар. Бир оз зиёда қилинг, дебди. У зот: Уч кундан рўза тут, дебдилар. Бир оз зиёда қилинг, дебди. У зот: Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатибдилар” (Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривояти).

Ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган.

Саҳиҳ ҳадисларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърожга чиққан кунлари аниқ айтилмаган. Бу борада турли ривоятлар мавжуд. Шунга кўра, Ражаб ойининг 27-куни тутиладиган рўзанинг фазилати ҳам бошқа кунларда тутиладиган нафл рўзанинг фазилати билан бир хил, деган эътиқод билан нафл рўза тутиш мумкин. Аммо ушбу кунни хослаб рўза тутиш бидъат ҳисобланади. Бу ҳақида уламолар: “Кимки Ражаб ойининг 27-кечасини алоҳида эътибор билан нишонласа, бидъат ишга қўл урган бўлади”, деганлар.

Айрим жойларда вафот этган яқинларини хотирлаб ражаб ойида жонлиқ сўйиб эҳсон қилишга, ҳеч бўлмаганда кичикроқ дастурхон тузаб “ис” чиқаришга ҳаракат қиладилар. Бу ишга худди динимизда адо этиш буюрилган муҳим амалдек алоҳида эътибор қаратадилар. Бироқ бу каби маросимларни ўтказишнинг ҳеч қандай диний асоси йўқ. Зеро, ўтганларнинг руҳини шод этиш маъносида эҳсон қилиш бирор бир ойга хослаб қўйилган амал эмасдир.

 

   А.ДЎСТМАТОВ,

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири в.б.

23186 марта ўқилди

Мақолалар

Top