Мақолалар

Кун тарихи: Санкт-Петербургда масжид қурган Бухоро амирини биласизми?

Ватанимиз тарихидаги 22 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1407 йил (бундан 614 йил олдин) – Амир Темурнинг набираси, Соҳибқирон вафоти олдидан уни ўзига валиаҳд деб эълон қилган темурий шаҳзода Пирмуҳаммад мирзо вафот этди.

Ҳижрий 809 йил рамазон ойининг ўн тўртинчи куни (милодий 1407 йил 22 февраль) ярим кечада вазир Пир Али Тоз бошлиқ бир гуруҳ фитначилар Балхнинг катта аркига бостириб кирдилар ва қўриқчиларни ўлдириб, темурийзода Пирмуҳаммадни ухлаб ётган жойида хотинлари ҳамда хизматкорлари билан бирга чопиб ташладилар.

Тарихчи Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Пир Али Тоз оддий навкар бўлиб юрган кезларида, Пирмуҳаммад мирзо уни ўз паноҳига олиб, оддий навкарликдан амирлик даражасигача кўтарган. Кўпгина тарихий манбаларнинг маълумотига қараганда, хожасига хиёнат қилган Пир Али Тоз иғвогар, шуҳратпараст ва нияти бузуқ шахс бўлган.

1871 йил (бундан 150 йил олдин) – Мирза Ҳаким парвоначи Тошкентдан Қўқон хонлигига келган Туркистон генерал-губернаторининг  вакили И. Ибрагимовни Қўқон шаҳрида Худоёрхон маблағига қурилаётган янги масжидни кўргани таклиф қилди. 

Улар бориб кўрганларида масжид қурилиши ҳали тугамаган эди. Масжиднинг ҳовлиси катта бўлиб терак ва қайрағоч дарахтлари экилган боғи бор эди. Масжиднинг ўзи ҳам жуда катта бўлиб, кириш томони бўйлаб бир нечта кириш эшикли панжара ўрнатилган. 

Ўртада ҳам бино бор эди, унинг бир нечта эшиклари энди қурилаётганди. Қурувчиларнинг сўзларига қараганда, буларнинг эшиклари шишадан ишланган бўлармиш. Бино шифти рангли нақшланган. Масжид устунларининг сони 204 та қайрағоч ва терак ходаларидан ишланган бўлиб, ҳар бирининг йўғонлиги 4 аршинга тенг бўлган.

1913 йил (бундан 108 йил олдин) – Санкт-Петербургда Бухоро амири томонидан бунёд этилган масжид тантанали очилди. Унда отаси Абдулаҳадхондан сўнг тахтга ўтирган ҳукмдор, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон (ҳукмронлик йиллари 1910–1920) билан бирга Хива хони Асфандиёрхон (ҳукмронлик йиллари 1910–1918) ҳам иштирок этди. 

Тарихчи олим Акбар Замоновнинг қайд этишича, бугунги мамлакатимиз ҳудудидан жой олган икки қўшни давлат – Бухоро ва Хива ҳукмдорлари фақат ана шу воқеа муносабати билан айнан Санкт-Петербургда учрашиб, суҳбатлашган  (аслида бу икки ҳукмдор 1911 йил январда шу шаҳарда илк бор учрашган, лекин айрим сабабларга кўра суҳбатлашмаган).

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ХIХ асрнинг охирларига келиб, Санкт-Петербург шаҳрида мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, у ерда бирорта масжид бўлмаган. Шу боис, шаҳар мусулмонлари масжид қуриш учун маблағ тўплашга киришади. Бироқ тўпланган пул ҳатто масжид қурилиши учун ер сотиб олишга ҳам етмайди. Ана шундай пайтда, Петербург билан яқин алоқада бўлган Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон (ҳукмронлик йиллари 1885–1910) бундан хабар топади ва ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратади. 

Акбар Замоновнинг ёзишича, шу тариқа, мазкур масжид қурилиши бошланади. 1910 йил 3 феврал куни шахсан амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилади. Аммо масжид ишга туширилган кунни кўриш амирга насиб этмайди. У 1910 йилда оламдан ўтади. Бироқ масжид қурилиши тўхтамайди.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

2170 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top