Мақолалар

Даврий нашрларда: Муқаддас китобларда ҳам ўхшаши йўқ бир сура

“Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким, (У) Mеҳрибон, Раҳмли ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни шундай тўғри йўлга йўллагинки, у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!” (Фотиҳа ­сураси).

Ҳадисда бундай дейилади: «Аллоҳ Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Фотиҳага ўхшаш сурани нозил қилмаган. У етти такрорланувчи (оятлардан ­иборат)дир. (Аллоҳ:) “У Мен билан бандам ўртасида иккига тақсимланган. Бандам учун сўрагани (берилади)”». Демак, Фотиҳа сурасини ўқигандан кейин ихлос билан дуо қилинса, тилаклар ижобат бўлади. .

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Набий алайҳиссалом Жаброил алайҳиссалом билан бирга эдилар. Шу пайт тепадан овоз эшитилди. Жаброил алайҳиссалом осмонга қараб: “Бу – осмондан очилган эшик. У ҳеч қачон очилмаганди”, деди. Сўнг Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига бир фаришта тушиб: “Икки нур билан хурсанд бўлинг. Бу иккиси сиздан олдинги ҳеч бир пайғамбарга берилмаган. Улар Фотиҳа сураси билан Бақаранинг охирги оятларидир.
Фотиҳа сурасининг бир нечта номлари бўлиб, улардан машҳурлари қуйидагилар: “Фотиҳа”, яъни очувчи. Нозил бўлиш жиҳатидан эмас, балки тартиб бўйича Қуръонни очувчи дир. Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ: “Фотиҳатул Китаб” (Китобнинг очувчиси), сабаби Мусҳаф уни ўқиш билан бошланади, шунингдек, намозлар(ни бошлаш)да ўқилади”, деган.

“Китоблар онаси”. Фотиҳа Қуръоннинг мазмунини, Ислом дини асосларини ўзида жамлайди. Унда Аллоҳ таолога сано, Рубубиятининг исботи, буйруқ ва қайтариқларига бўйсуниш, ҳидоят ва имонда собит туриш, ўтган умматлар қиссалари, саодатга эришганларнинг ҳамда бадбахтларнинг ха барлари бор. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло аввалги китоблар илмини Қуръонда жамлади. Қуръон илмини Муфассалда, Муфассал илмини Фотиҳада жамлади. Ким Фотиҳа сураси тафсирини ўрганса, нозил этилган барча (самовий) китоблар мазмунидан хабардор бўлади”.

“Сабъул масоний”, яъни етти такрорланувчи. Намозда такрор, қайта­қайта ўқилади. Саҳобалар: “Дарҳақиқат, Биз сизга етти такрорланувчи ни ато этдик…”­ (Ҳижр­ сура­си,­ 87-) оятини Фотиҳа сураси назарда тутилмоқда, деб тафсир қилишган. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилади: «Убай ибн Каъб Набий алайҳиссаломга “Уммул Қуръон”ни ўқиб берди. Набий алайҳиссалом: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, ҳатто Қуръони каримда ҳам ушбу (Фотиҳа)га ўхшаш сура нозил бўлмаган. У Сабъул масоний ва менга берилган буюк Қуръондир”, деб марҳамат қилдилар»
Ушбу сура “Аллоҳга ҳамд” билан бошланади. Ҳамд улуғлаш, қадрлаш борасида гўзал мақтовдир. Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳамд” араблар каломида: “Комил мақтов”, маъносидадир. Ҳамд айтиш танбеҳнинг зиддидир. Шукрдан кўра умумийроқ. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳамд билан шукр бир маънода. Масалан: “Аллоҳга шукр қилиб ҳамд айтдим”, деб фикр билдиради. Лекин Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳамд яхшилик кўрсатмаган тақдирда ҳам мақталганни мақташдир. Шукр эса яхшилиги теккандан кейин мақталувчини мақташдир. Мана шунга кўра ҳамд шукрдан кўра умумийроқ”, дейди.

“Оламлар Рабби”. “Рабб” лафзи луғатда “тарбиячи” маъносида. Яъни, ўзга бир шахснинг ишларини тўғрилаш ва бошқаришдир.

“Оламлар” яъни, “олам” сўзининг кўплиги. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: «“Оламлар Рабби” яъни, инсонлар, жинлар ва фаришталар Раббиси», деб тафсир қилган. Фарои ва Абу Убайда раҳимаҳумуллоҳ: «Олам оқиллардан иборат. Улар тўрт умматдир: “Инсонлар, жинлар, фаришталар ва шайтонлар. Ҳайвонлар ғайри оқилдирлар. ”Оламлар” деб кўпликда айтилишига сабаб хоссатан оқилларни жамлагани учундир», деб фикр билдиришади. Баъзи уламолар: “Махлуқларнинг ҳар бир тури бир олам: инсон, жин, фаришта, қушлар, наботот ва жамодот оламлари. “Оламлар Рабби” мана шу барча турдаги оламларни жамлайди”, дейишади.

“(У) Mеҳрибон, Раҳмли”. Аллоҳ таолонинг раҳмат сифатидан ажралиб чиққан икки сифатидир. Ҳар бири муайян маънога далолат қилади. “Раҳмон”, яъни “меҳрибон” – раҳмати буюк, деганидир. Раҳмат турларини барчасини ўзида жамловчи ушбу исм ҳақида аксар уламолар: “Раҳмон” Аллоҳ азза ва жаллага хос исм, Парвардигордан бошқани ушбу исм билан номлаш мумкин эмас”, деган фикрдалар. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи каби: “Аллоҳ, деб чорлангиз ёки Раҳмон деб чорлангиз” (Ис­ро­сураси,­110-оят).

Раҳим” раҳмати доимийлиги маъносидадир. Имом Хаттобий айтади: «“Раҳмон” махлуқотларининг ризқларидан тортиб манфаатларини ҳам қамровчи Раҳмат эгаси”, маъносида. Бу сифат мўмин ва кофирга ҳам умумий. Аммо “Раҳим” фақат мўминларга хос. Парвардигорнинг ушбу ояти каби: “У мўминларга меҳрибондир” (Аҳзоб­ сураси,­ 43-оят). Мусайлама каззоб ўзини “Ямоманинг Раҳмони”, деб номлашга журъат этди. Шу заҳотиёқ қулоқлари остида “каззоб” сифати янгради. Аллоҳ таоло Мусайламани фақат мана шу васф билан таниладиган этиб қўйди.

“Жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир”. Жазо ва ҳисоб куни. Яъни, Аллоҳ таоло жазо кунини худди подшоҳ мулкини та­сарруф этгандай бошқаради. Араб тилидаги “дийн” лафзи “жазо” маъносида, “жазо” лафзи эса: ҳам жазо, мукофот маъносида келади.

“Сенгагина ибодат қиламиз”. Хорланамиз, қўрқамиз, бўйсунамиз. Сабаби, бандаликнинг маъноси: хорлик ва ёрдам сўраб мурожаат этишдир. Шунда оятнинг маъноси: “Ё Аллоҳ, Сенгагина хорланамиз, бўйсунамиз, ибодатга фақат Сени лойиқ биламиз. Боиси, Сен барча улуғлик ва ҳурматга муносибсан. Асло Сендан ўзгага ибодат қилмасмиз”.

“Ва Сендангина ёрдам сўраймиз”. Сендан мадад, қувватлаш ва тавфиқ сўраймиз. Ёрдам сўрашда фақат Сени хослаймиз. Сенгина ёрдам, фазл ва эҳсон манбаидирсан.

Ушбу оятдаги мурожаат бирликда эмас, аксинча кўпликда келмоқда. Бу банданинг Аллоҳ таоло қаршисида ёлғиз туришга қосирлик қилишини эътироф этишидир. Гўёки у: “Ҳузурингда ёлғиз ўзим туриб мурожаат этишга лойиқ эмасман. Гуноҳларим ва қусурларимдан хижолатдаман. Балки мен бошқа мусулмонлар сафига қўшиламан. Дуоимни уларники билан бирга қабул эт. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”, демоқда.

“Бизни йўллагинки”. Ҳаққа етказувчи тўғри йўлга далолат қил, муваффақ айла, У томон бошла. Ўзингга яқинлаштирадиган ҳидоят йўлингни кўрсат. “Шундай тўғри йўлга”, мўътадил йўлингга.

 

Давоми бор….

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 12-сонидан

1998 марта ўқилди

Мақолалар

Top