Мақолалар

Амир Темурга байроқ ва ноғора туҳфа қилган шайх

Ватанимиз тарихидаги 15 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1370 йил (бундан 651 йил олдин) – академик Бўрибой Аҳмедовнинг қайд этишича, Амир Темур шу куни рақиби Амир Ҳусайнга қарши Балх устига юриш бошлади. Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг Термизга яқинлашганларида, ундан уч фарсах (18–21 километр) берида жойлашган Биё қишлоғида Андхуд саййидзодаларидан саййид Барака ҳазрат соҳибқиронга пешвоз чиқди. У Амир Темурга катта ноғора (табл) ва байроқ тутқизди. Байроқ билан ноғора, мусулмонлар одатига кўра, тож-тахт рамзи бўлиб, уни олиш тез орада унинг тож-тахт ва салтанат эгаси бўлишига ишора эди.

Тарихчи Ҳофизи Абрў берган маълумотга кўра, аввал Саййид Барака Амир Ҳусайн олдига бориб, икки муқаддас шаҳар бўлмиш Маккайи мукаррама ва Мадинаи мунавваранинг вақфи учун маблағ ажратишни сўраган. Амир Ҳусайн вақф маблағинииг кўплигини эшитиб, унинг илтимосини рад этган ва унга саййидларга муносиб илтифот кўрсатмаган. Саййид Барака унинг бу ҳаракатидан ранжиб, кетишга ижозат беришини талаб қилган ва бориб Амир Соҳибқиронга қўшилган.

Унинг ҳузурига етгач, Аллоҳ таолодан илтижо қилиб, Амир Соҳибқиронга мадад беришини сўраган. Амир Темур унинг дами ва қадамини қутли билиб, унга икки муқаддас шаҳар (ҳарамайн) вақфи учун маблағ ажратишларини тайинлаган. Саййид Баракага олам аҳлига овоза бўлгудек иззат-икромлар кўрсатган.

1917 йил (бундан 104 йил олдин) – Наманганда таниқли татар матбуотчиси Хусайн Макаев томонидан ўзбек тилида “Фарғона саҳифаси” газетаси нашр этила бошланди. Газетанинг 19 та сони чоп этилган, холос.

1996 йил (бундан 25 йил олдин) – Парижда “Амир Темур ва темурийлар тўғрисида илмий асарлар библиографияси” китоби чоп этилди.

1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ибн Сино халқаро жамғармаси рўйхатдан ўтказилди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ
тайёрлади

2266 марта ўқилди

Мақолалар

Top