Мақолалар

Аллоҳим, юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз!

Бугун дунёда юз бераётган воқеалар, мол-мулк, бойлик ризқларнинг энг оддий, кам даражадагиси экани, соғлик-саломатлик, айбу нуқсонларнинг сатр этилиши ҳамда тинчлик-хотиржамлик ризқларнинг энг олий даражадагиси эканини исбот қилмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, юртимизда 18 март кунидан 20 март кунига қадар қаттиқ шамол бўлиши, Республикамизнинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 17-22 м/с дан 23-28 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларимиздан кучли шамол вақтида заруратсиз ташқарига чиқмасликни тавсия этади. Автомобиль эгаларидан автомобилларни дарахтлардан узоқроққа қўйишни сўраб қолади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا عَصَفَتِ الرِّيحُ قَالَ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَهَا وَخَيْرَ مَا فِيهَا وَخَيْرَ مَا أُرْسِلَتْ بِهِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهَا وَشَرِّ مَا فِيهَا وَشَرِّ مَا أُرْسِلَتْ بِهِ، قَالَتْ: وَإِذَا تَخَيَّلَتِ السَّمَاءُ تَغَيَّرَ لَوْنُهُ وَخَرَجَ وَدَخَلَ وَأَقْبَلَ وَأَدْبَرَ، فَإِذَا أَمْطَرَتْ سُرِّيَ عَنْهُ، فَعَرَفْتُ ذَلِكَ فِي وَجْهِهِ فَسَأَلْتُهُ، فَقَالَ: لَعَلَّهُ يَا عَائِشَةُ كَمَا قَالَ قَوْمُ عَادٍ، فَلَمَّا رَأَوْهُ عَارِضًا مُسْتَقْبِلَ أَوْدِيَتِهِمْ قَالُوا هَذَا عَارِضٌ مُمْطِرُنَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ шамол турса:

«Аллоҳим! Албатта, мен Сендан унинг яхшилигини, ундаги нарсанинг яхшилигини ва у билан юборилган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Ва Сендан унинг ёмонлигидан, ундаги нарсанинг ёмонлигидан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар.

Қачон осмоннинг авзои ўзгариб қолса, у зотнинг ранглари ўзгариб, кириб-чиқиб, олдинга-орқага бориб-келиб қолар эдилар. Бас, ёмғир ёғишни бошлаганда юзлари ёришиб кетар эди. Мен буни у зотнинг юзларидан билиб, сўрадим.

«Эй Оиша, худди «Водийларига рўбарў келаётган оризни (азоб ёмғири келтирувчи булутни) кўрганларида «Мана бу ориз бизга ёмғир ёғдирувчидир» дейишди» каби бўлиши ҳам мумкин», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Маълумки, қаттиқ шамол ҳам Аллоҳнинг кўп сонли лашкарларидан биридир. Қадимда ўтган умматлардан баъзиларини Аллоҳ таоло айнан ушбу лашкар – қаттиқ шамол ила ҳалок қилгандир. Бу ҳол ҳозиргача давом этиб келмоқда. Қачон қаттиқ шамол турса, бирор фалокат содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ шамол эсишни бошлаши билан ташвишга тушар ва ушбу ҳадисда ривоят қилинган дуони қилишни бошлар эдилар. Сиз билан биз, мўмин-мусулмонлар ҳам ҳаётимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, қаттиқ шамол турганида Аллоҳ таолога илтижо қилиб, мазкур дуони ўқимоғимиз лозим.

اللهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَهَا وَخَيْرَ مَا فِيهَا وَخَيْرَ مَا أرْسِلَتْ بِهِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهَا وَشَرِّ مَا فِيهَا وَشَرِّ مَا أرْسِلَتْ بِهِ

 

«Аллоҳумма инний ас`алука хойроҳа ва хойро ма фийҳа ва хойро ма урсилат биҳи ва аъузу бика мин шарриҳа ва шарри ма фийҳа ва шарри ма урсилат биҳи», деб айтар эдилар.

Маъноси: Эй Раббим, Сендан унинг яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг яхшисини сўрайман. Эй Раббим, Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман.

 

Манбалар асосида Хуршид Маъруф тайёрлади

1771 марта ўқилди

Мақолалар

Top