Мақолалар

Масжидларни солиҳ кишилар обод этади

Бир ҳолат бор. Бу ҳолат инсонни юксакларга кўтаради, мартабасини улуғ қилади. Бундай ҳолат ҳатто жаннатда ҳам бўлмас экан. Бу кишининг сажда ҳолатидир. Инсон ўзини ҳақир санаб, муборак пешонасини ерга қўйиб, Буюк Раббисига шивирлаб тасбеҳ айтади. Мана шу шивирни Аллоҳ таоло етти қават осмоннинг устидан эшитади.

Бу ҳолат масжидларда тааллуқли. Зотан, “масжид” сўзининг маъноси ҳам сажда қиланидиган жойдир. Масжид мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога ибодат қиладиган жойдир. Шу боис масжид “Байтуллоҳ”, яъни, Аллоҳнинг уйи дейилади. Шу нуқтаи назардан масжидларнинг бошқа иншоотларга нисбатан ўзига хос ҳурмати бор.

Масжид ибодат қилувчилар билан ободдир. Жамоатнинг кўплиги масжиднинг ободлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин» (Тавба сураси, 18-оят), деб марҳамат қилади.

Уламолар масжиднинг ободлигини икки турга ажратишган. Биринчиси, ҳиссий, яъни, жомени қуриш, тузатиш, тозалаш, таъмирлаш, вайрон этишдан сақлаб қолишдир. Иккинчиси эса, маънавий бўлиб, унда намоз ўқиш, зикрда бўлиш, дуо қилиш, улуғлаш ва ибодат учун масжидга қатнашдан иборат.

Ҳадиси шарифларда ҳам масжидларни обод қилган, қурган мўмин-мусулмонларга улуғ ваъдалар бор. Жумладан, Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ таоло розилигини истаб, масжид барпо этса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан қаср қуради”, деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин, сўнгги йилларда юртимизда масжидлар сони тобора кўпайиб, жомеларимиз обод, файзли ва шинам масканларга айланиб боряпти. Айниқса, жума ва икки ҳайит намозлари ҳамда таровеҳларда масжидларимизга одамлар сиғмай кетяпти.

Айни пайтда республика бўйича жами масжидлар сони 2085 та бўлса, Тошкент вилоятида 225 та жоме ишлаб турибди. Бу маъволарга кирган киши руҳан тетик ва бардам бўлади. Жомеда ибодат қилганларнинг савоби якка ҳолда намоз ўқиган кишига бериладиган ажрдан йигирма етти баробар кўпдир (Имом Бухорий ривояти).

Бугун нафақат масжидларимиз обод бўлмоқда, шу билан бирга, жомеларда ибодат қилаётган мўмин-мусулмонлар сафи ҳам кенгайиб боряпти. Табиийки, Рамазон ойи ҳамда Қурбон ҳайити йилнинг турли мавсумларига тўғри келиши мумкин. Яъни баъзан саратонда рўза тутиб, таровеҳларни ўқисак, баъзан қаҳратонда жомеларга қатнаймиз.

Бундай ҳолларда эски лойиҳада қурилган масжидларимиз намозхонларга торлик қилиб қолади. Шуни инобатга олиб ҳамда Тошкент вилоятида яшовчи мўмин-мусулмонларнинг таклиф ва тавсиялари асосида 2021 йилда вилоятимиздаги тўққизта жоме масжид қайта қурилади.

Хусусан, Бўка туманидаги “Чимилдиқ ота”, Бўстонлиқ туманидаги “Хўжахонтўра”, Занги ота туманидаги “Умир”, Қибрай туманидаги “Зайниддин ҳожи ота”, Паркент туманидаги “Бобомочин” ва “Ҳисарак”, Юқори Чирчиқ туманидаги “Абу Ҳанифа”, Янгийўл туманидаги “Икром ҳожи” жоме масжидлари тўлиқ қайта қурилади. Тошкент туманидаги “Зиннурайн” жоме масжидига қўшимча хонақоҳ ва таҳоратхона барпо этилади.

Бир йилда тўққизта масжидимиз бутунлай янгича қиёфа касб этиши тобора тараққий этиб, чирой очиб бораёттган жаннатмонанд юртимизга узукка қўйилган кўздек ярашиб тушади, иншоаллоҳ.

Энг муҳими, бугун юртдошларимиз Аллоҳнинг уйини обод этишдек хайрли ишларда бир-бирлари билан мусобақалашаётгандек, гўё. Чунки масжидни обод қилиш мўминлик белгисидир.

Абу Саид  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Aгaр бирoр киши мaсжидни  тaъмирлaётгaнини кўрcaнгиз, унинг мўминлигигa гувoҳ бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар”, деб марҳамат қилган, деганлар» (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло Ўз уйларини – масжидларни ибодат маскани, ҳидоят маёғи, илм сарчашмаси қилгани бежиз эмас. Чунончи, бу илоҳий бахтни қўлга киритиш илинжида мўмин-мусулмонлар туну кун унга ошиқадилар. У ердан маънавий юксалиб, қалбан покланиб, руҳан тетиклашиб чиқилади. Масжидлар илоҳий нурнинг марказилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни Аллоҳ таоло Аршининг соясидан етти тоифа инсонга жой берилишини айта туриб. Учинччи ўринда “қалби масжидга боғланган киши”ни ҳам зикр қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Жаннатда ўзи учун алоҳида қаср бўлишини хоҳламаган одам бўлмаса керак. Бундай имконият бугун бор. Бу имкониятдан барчамиз имконимиз қадар фойдаланиб қолишимиз керак. У ҳам бўлса, янгидан барпо этилаётган масжидлар қурилишига ўз ҳиссамизни қўшишдир.

Азизлар, вақтни бой бермай, Аллоҳнинг уйларини обод қилайлик!

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

1836 марта ўқилди

Мақолалар

Top