Мақолалар

Масжид томон босилган қадамларнинг мукофоти

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйларидан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси ила даражаси кўтарилади», дедилар» (Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят қилганлар).

Ҳадиси шарифда яхши ният билан масжид томон босилган ҳар бир қадам беҳуда кетмаслиги ажойиб услубда васф қилинмоқда.

Эҳтимол, масжидга жамоат намозига қатнайдиган ҳар бир киши ҳам ўзининг қилаётган амали нақадар улканлигини тасаввур эта олмас. Агар ҳақиқатда тасаввур эта олмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари ила яхшилаб танишиб олсин. Ундай одам масжидга жамоат намози ўқиш учун бориш ниятида таҳорат қилиб, биринчи қадамини босиши билан бир гуноҳи ювилади, иккинчи қадамини босиши билан даражаси бир поғона кўтарилади. Масжидга етиб боргунича ҳар қадамда даражаси кўтарилиб бораверади.

Таҳорат ва намоз учун бериладиган савоблар, кечириладиган гуноҳлар алоҳида бўлади. Шунингдек, даражалар масаласи ҳам ўзига яраша бўлади.

Демак, фарз намозларни доимо масжидда, жамоат ила адо қилишга уринишимиз, иложи борича масжид томон босадиган қадамларимизни кўпайтиришимиз лозим.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

1682 марта ўқилди

Мақолалар

Top