Мақолалар

2. РЎЗАДОР ТИШ ПАСТАСИДАН ФОЙДАЛАНСА БЎЛАДИМИ?

Рўза тутган одам тишини тиш пастаси билан ювса бўладими?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди. Фиқҳий китобларимизда бундай дейилган:

“Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, рўзани очувчи сурат ва моҳият топилмагани учун рўза очилмайди. Лекин бундай қилиш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда рўзани бузувчи омилга яқин келтириш бор” (“Ҳидоя”).

Шунга кўра кўпчилик замонамиз уламолари рўзадор ҳолда тиш пастасидан фойдаланмасликни балки, уни саҳарликдан аввал ёки ифтордан кейинга қолдиришни тавсия этадилар. Зеро, ибодат масаласида эҳтиётини олиш афзал саналади.

Қолаверса, Рамазон ойининг кундузлари тишларни тоза сақлаш учун мисвокдан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки мисвок ишлатиш билан рўза очилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ундан кўп марта фойдаланганлари далил бўлади.

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб адоғига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман” (Имом Аҳмад ривояти).

Бунда, милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса, ютиб юбормаслик шарт қилинади.

6249 марта ўқилди

Мақолалар

Top