Мақолалар

Рамазон ойи муборак!

Мана яқин кунларда ҳижрий йил ҳисоби бўйича 1442 йилнинг Рамазон ойи кириб келади. Рамазон ойи мўмин-мусулмонлар муштоқлик билан кутадиган ойдир.

Авваламбор, Рамазон ойи мўмин-мусулмонларга рўза тутиш фарз қилинган ойдир. Бу ҳақда Алоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ким  бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан.  Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчилик хоҳламас. Саноғини мукаммал  қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз ” ( Бақара сураси, 185-оят).

Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да шундай дейилади: “ Рамазон ойи барча самовий китоблар, шу жумладан Қуръони карим нозил қилинган шарафли ойдир. Ким бу ойга етса, рўза тутишига монеъ сабаблари бўлмаган муқим киши рўза тутсин, чунки у Ислом рукнларидан биридир”.     

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Рамазон ой кириши арафасида шундай марҳамат қилганлар: “ Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда бир фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда,  ўшанча ажр бўлади ( Имом Байҳақий, Ибн Ҳузайма ривояти).

Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар рўза тутиб Аллоҳнинг розилигини топадилар. Аллоҳнинг мағфирати, раҳматига сазавор бўладилар.

Рамазон ҳидоят, тақво, ихлос, сабр, ибодат, мағфират, раҳмат, дўзахдан нажот топиш, хайру-саховат, қаноат  ойидир.

Умуман айтганда Рамазон ойи Аллоҳнинг биз мўмин-мусулмонларга берган катта неъматидир. Аллоҳнинг бизга берган неъматини ғанимат билиб қадрлашимиз ва унга шукр қилишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга кириб келаётган Рамазон ойини муборак қилсин!

 

Р. Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими

3137 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Сиз ўзи кимга эргашасиз? Рамазон ойи дастури »

Мақолалар

Top