Мақолалар

“Рамазон” сўзининг маъноси

Рамазон сўзини араблар қадимдан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий тақвимнинг тўққизинчи ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ кунларига, куйдирадиган ҳароратли кунларга тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Рамазон дегани “рамз” сўзидан олинган бўлиб, “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларидадир. Жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан.

Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлади, айбу нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунча пайдо бўлган.

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинди. Бу милодий 623 йилнинг 7 февралига тўғри келса керак, деган тахминлар бор.

Шаъбон ойи тугаши билан Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар илк Рамазон рўзасини тута бошладилар. Бу кунлар жуда иссиқ эди. Айтганимиздек, Рамазон ҳам “жуда иссиқ”, “куйдирадиган иссиқ” деганидир. Шояд, Рамазонда рўза тутганларнинг гуноҳлари куйиб йўқ бўлса!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил Рамазон рўзасини тутганлар.

2621 марта ўқилди

Мақолалар

Top