Мақолалар

Ойлар султони — Рамазон: Рўзадор тиш пастаси ишлатиши мумкинми? Эмизикли боласи бор аёллар қандай рўза тутади?

«Дарё» интернет-нашри ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Muslim.uz» портали ўзаро ҳамкорликда муборак ойга бағишланган «Ойлар султони — Рамазон» лойиҳасини тақдим этади.

Лойиҳа доирасида таниқли уламолар ва диний соҳа ходимлари моҳи Рамазон фазилати тўғрисидаги ояти карималар, ҳадиси шарифлар шарҳи ҳамда рўза тутиш билан боғлиқ саволларга жавоб беради.

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бош мутахассиси Абдуллатиф Турсунов билан уюштирилди.

 

Рўзадор одам тишини тиш пастаси билан ювса бўладими?

Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди.

Фиқҳий китобларда шундай дейилган: «Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, рўзани очувчи сурат ва моҳият топилмагани учун рўза очилмайди. Лекин бундай қилиш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда рўзани бузувчи омилга яқин келтириш бор» («Ҳидоя» китоби).

Шунга кўра кўпчилик замонамиз уламолари рўзадор ҳолда тиш пастасидан фойдаланмасликни, балки уни саҳарликдан аввал ёки ифтордан кейинга қолдиришни тавсия этади. Зеро, ибодат масаласида эҳтиётини олиш авло саналади.

Қолаверса, Рамазон ойининг кундузлари тишларни тоза сақлаш учун мисвоқдан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки мисвоқ ишлатиш билан рўза очилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ундан кўп марта фойдаланганлари далил бўлади.

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвоқ қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб адоғига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман» (Имом Аҳмад ривоят қилган). Бунда, милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса, ютиб юбормаслик шарт қилинади.

Рўзадор сахарликда истеъмол қилган озуқаси оғиз ёпилгандан сўнг кекирганда томоқ йўли орқали оғзига қайтиб чиқса ва уни қайта юца, рўзаси бузиладими?

Рўзадор қасддан қайт қилмаса рўзаси очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса рўза очилади. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далилдир: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‘Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўз ихтиёри билан қайт қилган бўлса, қазо туцин’, деганлар» (Имом Термизий ривояти).

Агар қайт рўзадорнинг ихтиёрисиз ўзи ютилиб кетсаю, қайтнинг миқдори оғиз тўладигандан оз бўлса рўза бузилмайди. Агар қайтнинг миқдори оғиз тўладиган даражада кўп бўлса ва ўзи беҳосдан ютилиб кетса, рўза бузилади ва қазо вожиб бўлади. Валлоҳу аълам.

Рамазон ойида рўза тутишни ният қилгандим, аммо эмизикли болам бор. Бундай ҳолда рўза туцам бўладими?

Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда болага ёки ўзининг саломатлигига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Буни улар тажриба орқали билишлари ёки тажрибали, билимдон мусулмон (дин-диёнатли) тиббиёт ходими хабар бериши орқали аниқлаб олишлари мумкин бўлади. Имкон топганда қолдирилган кунларни ҳар бир кунига бир кундан қазосини тутиб беришлари вожиб бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайди. Чунки улар келажакда рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланади.

Агар ҳомиладор ва эмизикли аёллар боласи ёки жонига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шарт — юқоридаги рухсатлар уларга тегишли ҳисобланмайди. Айниқса болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

1987 марта ўқилди

Мақолалар

Top