Мақолалар

“Саҳиҳул Бухорий”нинг самарқандлик ровийларини биласизми?

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўп одам эшитган. Бу ҳақда унинг энг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (ҳижрий 231-320 й.): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан тўқсон минг киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деб айтади.

Ҳақиқатан, “Саҳиҳул Бухорий” версиялари орасида Имом Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетган. Бунинг сабаби унинг узоқ умр кўргани ва китобининг нусхаси тўлиқ бўлганидир. 

Имом Бухорийнинг вафотидан кейин “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг қўлида қолган. Шу тариқа “Саҳиҳул Бухорий”нинг Имом Фирабрий ривояти машҳур бўлган. Ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни жуда кўп шогирдлар таълим олган ва асар матнини устозининг қўлидаги асл нусхадан кўчирган. Бирорта таҳқиқчи ва аҳли илм улар ёзган нусхаларга шак-шубҳа қилмаган ва эътироз билдирмаган. 

Ибн Рушайд Сабтий бундай деб айтади: “Бугун машриқ ва мағрибда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлидир. Ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун одамлар унга суянади. Унинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси бўлган ва ундан Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг шогирдлари кўчириб олган. Бу эса Абу Абдуллоҳ Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига гувоҳдир. Сўнгра, “Саҳиҳул Бухорий” китоби Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмоъ боғланган. Натижада ҳужжат аниқ бўлган”. 

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан жуда кўплаб сиқа (ишончли) ровийлар жамоаси ривоят қилган. Хусусан, Самарқандлик Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мат Иштихоний Самарқандий ва Шайх Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб Кушшоний (ваф. 391 ҳ.) ҳам Имом Фирабрийнинг энг машҳур шогирдларидан ҳисобланади. 

Абу Бакр Иштихоний Самарқандий 

Имом фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мат Иштихоний Самарқандий “Саҳиҳул Бухорий”ни ҳижрий 319 йилда (Имом Фирабрийнинг вафотидан бир йил олдин) Имом Фирабрийдан эшитган. 

Имом Довудий бундай дейди: “Мен Иштихонда Ибн Матнинг ҳузурига кирганимда, у менга: “Сен “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитганмисан”, деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У: “Кимдан”, деб сўради. Мен: “Исмоил Ҳожибийдан”, дедим. Шунда у: “Уни мендан ҳам эшитгин. Албатта, мен уни (иккинчи маротаба ҳам) мустаҳкамлаб берайин. Мен фиқҳни ўргангандим ва “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган пайтимда катта  фақиҳ эдим. Исмоил эса елкада кўтариб юриладиган ва ўзи юролмайдиган ёш бола эди. Менинг эшитишим билан унинг эшитиши тенг бўладими?” деди. Мен “Саҳиҳул Бухорий”ни Ибн Матдан ҳам эшитганман”. 

У Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий ва Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Одам Шошийдан ҳадис ривоят қилган. 

Ундан Абу Саъд Идрисий, Али ибн Сахтам Самарқандий, фақиҳ Абу Наср Довудий ва бошқалар ҳадис ўрганган. 

Ибн Асир Жазарий: “У шофеъий мазҳабининг имомларидан бўлган ва “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилган. Ҳижрий 381 йилнинг ражаб ойида вафот этган”, деган. 

“Ҳижрий 388 йилда вафот этган” деган гап ҳам бор. Абу Саъд Идрисий “Тарихи Самарқанд” асарида бундай дейди: “Абу Бакр ибн Мат Иштихоний – шайх, фазилатли, тақводор ва фиқҳда шофеъий мазҳабининг имомларидан бўлган. Биз ундан Иштихонда бир неча маротаба ҳадис ёзиб олганмиз. У Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Ҳасан ибн Соҳиб Шоший ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. У ҳижрий 388 йилнинг ражаб ойида Иштихонда вафот этган”. 

Шайх Абу Али Кушшоний

Шайх, асосий таянч ва самимий уламо Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абу Наср Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб ибн Хамона Кушшоний (Кушшон Самарқанддан 12 фарсах узоқликда жойлашган шаҳар). У “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ҳижрий 320 йилда эшитган ва ундан эшитган ровийларнинг энг охиргиси ҳисобланади. Шунингдек, у Абу Нуъайм Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Адий Устуробозий, Абу Ҳассон Муҳайб ибн Салим ва бошқалардан ҳадис эшитган. 

Ундан олий санадни талаб қилган жуда кўп уламолар “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган. Ундан Ҳофиз Ҳасаннинг укаси Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Холал, Абу Саҳл Аҳмад ибн Али Абюрдий, Абу Абдуллоҳ Ғунжор ва бошқалар ҳадис эшитган. 

Имом Самъоний: “У кушшонлик шайх, сиқа (ишончли), солиҳ ва машҳур уламо бўлган. Одамлар уни олдига келиб ҳадис эшитган”, деган.

Имом Заҳабий: “У шайх, асосий таянч ва самимий киши бўлган”, деган. Яна Имом Заҳабий: “У узоқ умр кўрган шайх бўлган ва (олий санад билан) “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийларнинг энг охиргисидир”, деган.

Абу Саъд Идрисий: “Абу Али Кушшоний ҳижрий 391 йилда вафот этган”, деган. Муътамин Сожий эса: “У ҳижрий 392 йилда вафот этган”, деган. 

Абу Али Кушшонийнинг таржимаи ҳолини ёзган жуда кўп уламолар уни Имом Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийларнинг энг охиргиси, деб айтган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни ҳижрий 320 йилда (Имом Фирабрий вафот этган йил) эшитган. Абу Али Кушшоний узоқ умр кўрган, ҳижрий 391 йилгача яшаган. Яъни, Имом Фирабрийнинг вафотидан кейин 70 йил “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган. Шунинг учун ҳам унинг санади олий бўлган. Уламолар турли жойлардан келиб, унинг олдида тўпланган. 

Ибн Макула: “У Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини Фирабрийдан ўрганган. Мен уни “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилганларнинг энг охиргиси деб ҳисоблайман”, деган.  

Имом Самъоний: “У ривоят қилаётган вақтда дунёда “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қиладиган бирор киши қолмаган эди”, деган. Яна Имом Самъоний: “У дунёда “Саҳиҳул Бухорий”ни Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилган ровийларнинг энг охиргисидир”, деган. Шунинг учун жуда кўп уламоларни Абу Али Кушшонийдан ривоят қилганини кўрамиз.

Абу Али Кушшонийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилганлардан бири жуда кўп китоблар муаллифи Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Муътаз ибн Муҳаммад ибн Мустағфир ибн Фатҳ Насафий Мустағфирий (ваф. ҳижрий 432 й.)дир. “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти мана шу восита орқали Ибн Ҳажар Асқалоний ва Шаҳобиддин Қасталонийга боғланади. 

Ундан ривоят қилганлардан яна бири Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Холал Бағдодий (ваф. ҳижрий 430 й.)дир. У “Саҳиҳул Бухорий”ни Мовароуннаҳрда Абу Али Кушшонийдан эшитган. Хатиб Бағдодий ундан ривоят қилган “Саҳиҳул Бухорий”даги баъзи ҳадисларни ўзининг “Ал-жомиъ ли-ахлоқир ровий” ва “Ал-асмаул мубҳамату” китобида келтирган. Шунингдек, ундан Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Айюб Баззор ҳам ҳадис ривоят қилган. “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти мана шу йўл орқали Қози Иёзга боғланади.    

Албатта, юқорида зикр қилинганлар “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан эшитиб ривоят қилган самарқандлик иккинчи табақа ровийлар ҳисобланади. “Саҳиҳул Бухорий”ни муаллифига боғланган санад билан ривоят қилишга эътибор қиладиган жуда кўп ровийларнинг санадлари уларга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ушбу ровийлар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш бугунги кундаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.  

Абдувоси ШОНАЗАРОВ, 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

 илмий ходими

1802 марта ўқилди

Мақолалар

Top