Мақолалар

“Муборак ой суҳбатлари” (3-сон)

Бошловчи — Саидолим Турдибоев: — Ассалому алайкум, азиз юртдошлар! Барчангизни “UzReportTV” телеканалининг жонли эфирда узатилаётган “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувининг навбатдаги сонида кўриб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Бугун Рамазон ойининг учинчи куни. Тутаётган рўзангиз қабул бўлсин! Бугунги теледастуримиз меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров. Ассалому алайкум, домла. Рамазоннинг ўтган кунлари давомида студиямизга ва телеграмдаги ботимизга 800 га яқин саволлар келди. Уларнинг аксарияти Рамазон ва унинг моҳияти билан боғлиқ. Шу маънода бугунги мавзуимизни Рамазоннинг моҳиятига бағишласак.

Нуриддин домла Холиқназаров, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби: — Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн, вассолату вассаламу ъала Росулиҳи Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн! Амма баъд. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Албатта, ушбу телеканал юртдошларимизнинг ҳамроҳига айланди. Кўпчилик билмаганини “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатуви орқали билиб бормоқда.

Дарвоқе, бу йил Рамазон соғинч билан келди. Ўтган йилги карантин ҳолатлари ҳалиям ёдимизда. Таровиҳ ўқий олмадик. Оғир синовлар ўтди. Эҳтимол ўтган йили кўрсатувимизга шоҳид бўлганлар бу йил орамизда йўқдир. Мен ҳам барча мухлисларимизни Рамазон билан табриклайман. Аллоҳ таоло Рамазонни барокатли қилсин.

Рўза инсонларга нима учун буюрилди? Бу ибодат нима учун қабул қилинди? Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни ер юзига жўнатди ва азиз қилди. Энди шунга муносиб яшашимиз керак бўлади. Инсон фаришта ва ҳайвонот оламининг ўртасидаги мавжудот. Фаришталар ҳамма нарсадан холи. Улар гуноҳ ҳам қилмайди. Аллоҳнинг буюрганини бажаради, холос. Ҳайвонот олами вакилларига эса нафс берилди. Улар шу кўйда яшайди. Инсонда нафс ҳам, руҳият ҳам бор. Руҳиятимизни тарбият қилиб туришимиз керак. Рўза бу йўлда энг яхши ёрдамчидир.

Оятида каримада мўминларга, иймон келтирганларга хабар бериб сизлардан аввалгиларга буюрилгани каби сизларга ҳам рўза буюрилди, дейилади. Демак, рўза аввалгиларга ҳам фарз бўлган.

Рўза — руҳий тарбия. Рўза тақво, шукур қилишга ундайди. Рамазонда биз озгина бўлса ҳам очликни ҳис қиламиз. Аллоҳ бизга шу таомни бермаганида нима бўларди, оч қолардик. Шунинг учун ҳам шукур қилишимиз керак. Аллоҳ таоло айтади, менинг берган неъматимга шукур қилсангиз, мен уни янада зиёда қилиб бераман.

Рўзанинг биринчи моҳияти Аллоҳ таолога шукур қилишдир. Интернетда бир кўрсатув кўриб қолдим. Кичкинагина қизча шайхдан сўраяпти: “Агар рўзани саҳарликсиз тутса нима бўлади?”. Шайх айтади: “Саҳарликда барака бор, саҳарлик қилиш керак”. Қизча яна савол беради: “Агар ифторликкаям, саҳарликкаям таоми йўқ бўлса, нима қилиш керак”. Шайх жавоб беролмасдан йиғлайди. Бу нарса инсонларни ўйга толдириши керак. Шунинг учун дастурхонимиздаги ноз-неъматлар учун Аллоҳга беадад шукурлар қилишимиз лозим.

Рўза сабрдир. Аллоҳ таоло Ўз Каломида Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир, дейди. Сабр Аллоҳдан, шошқалоқлик эса шайтондардир. Рўза кишидан катта сабот ва сабр талаб қилади. Рўзада қатор иллатлардан сақланамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган. Кўриниб турибдики, рўза бизнинг руҳий тарбиямизга ҳам ижобий таъсир қилади.

Бир киши устозига савол берибди: “Мен тилимни бошқаролмайман. Ҳақорат чиқиб кетади. Бунинг олдини олиш учун нима қилсам бўлади?”. Устози жавоб берибди: “Рўза тутинг. Рўза тутган одам ёмон гапирмайди”. Чиндан ҳам рўза одамни тарбиялайди.

Шу ўринда бир ҳикоятни эсга олиб ўтсак. Икки йигит рўзадор экан. Сал нарироқда оқсоқол одам ўтирган экан. У сумкасидан сув олиб ичади. Йигитлар эса рўза тутмабдида, дейди эшиттириб ва ранжишади. Бирозда автоулов келади. Ҳалиги нуроний йигитларнинг олдига келиб, сизлар рўзадор экансизлар, мен рўза тутмадим. Чунки сурункали касалим бор. Шариат менга рўза тутмаганлик учун фидя вожиб қилган. Ва буни бажардим. Аммо сизлар рўза тутиб мени ғийбат қилдингиз ва рўзангиз очилиб кетди. Ғийбат қилган одам бир-бировининг гўштини еган билан баробар, деганлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам. Сизлар ҳозир шундай иш қилдингиз, дебди.

Бошловчи: — Рамазон ойида кишининг жисми ҳам, руҳи ҳам роҳат олади. Бу ҳолатни кейинги ойларда ҳам давом эттириш учун нималарга эътибор бериш керак? Рўзадорга бериладиган мукофотлар ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?

Нуриддин домла Холиқназаров: — Рўзанинг бир ой давом этишида катта ҳикмат бор. Руҳшунослар кўникма бир ойда ҳосил бўлади, дейди. Яъники, рўза тутган одам бу жараённи кейин ҳам ҳеч қийинчилик давом эттиришга қодир бўлади. Буларни нафс, кўз, тил каби инсон аъзолари тарбиясида ҳам кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаннатда Раййон деган эшик бор, ундан рўзадорлар киради. Рўзадорларнинг охири киргач, у эшик беркитилади, сўнг ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Бухорий ва Муслим ривояти). Албатта, ушбу саодат ҳаммага насиб бўлсин, деймиз.

Абу Солиҳ Заййотдан ривоят қилинади: У Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг шундай деяётганларини эшитди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза мустаснодир. Чунки, у Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман”, деди. Рўза қалқондир. Бирортангиз рўза тутган куни фаҳш сўз айтмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадорман”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг бўйидан яхшироқдир. Рўзадорни хурсанд қиладиган икки хурсандчилик бор: Ифтор қилганда хурсанд бўлади ва Роббига йўлиққанида рўза тутганига хурсанд бўлади”. Бухорий ривоят қилган.

Бошловчи: — Бу йил имконияти чекланган шахсларни ҳам эътибордан четда қолдирмадик. Улар ҳам бизни кузатмоқда ва кўплаб саволлар йўллашмоқда. Айтиб ўтишимиз керакки, телеграм каналида ботимиз ишлаб турибди. Саволларни шу манзилга жўнатишингиз мумкин.

 

— Ассалому алайкум. Қуръони каримни уйда ўқисам ва иш билан кўчага чиқиб давомини телефонда ўқисам ҳам хатм қилинган ўрнига ўтадими?

 

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало, бизни кузатиб турган имконияти чекланган биродарларимизга минг марта раҳмат. Савол бериши қалбимизга сурур бағишлайди. Айниқса, Қуръони каримни мусҳафга қараб ўқиган ва кейин бирор жойга кетаётиб телефонини очиб ўқигандаям бир хил савоб олади, инша Аллоҳ.

 

— Ҳомиладор, эмизикли аёллар рўза тутса бўладими?

 

— Ҳомиладор, эмизикли аёллар ҳамда беморлар рўза тутмаслиги манбаларда айтилган. Албатта, бирор хавф бўлса. Бироқ, улар кейинчалик қазосини тутиб беришади.

 

— Бизнинг эшитиш ва сўзлашиш имконимиз йўқ. Аммо таровеҳларга чиқамиз. Ўқилган намозларимиздан савоб умид қилса бўладими?

 

— Албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло, бандаларини турли синовлар билан имтиҳон қилади. Қулоқлари эшитмаса ҳам, тиллари гапирмаса ҳам таровиҳда иштирок этиб бизга савоб бўладими, деяётган бу азизларимиз қалби билан эшитади. Иншааллоҳ бу муҳаббатлари учун Аллоҳ таоло катта савоб, ажр беради. Бу биз, қулоғи эшитадиганлар учун сабоқ аслида.

Шу ўринда ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани айтиб берсам. Масжидда имом эдим. Одамлар хатми Қуръондан таъсирланиб йиғлаганди. Шунда жамоат орасида қулоғи эшитмайдиган, туғма гапиролмайдиган бир намозхон ҳам роса йиғлади. Мен ҳайрон бўлдим. Намоздан кейин ўша одамнинг олдига бориб, ишоралар билан тушунтирдимки, бизку Қуръонни эшитяпмиз, сиз эшитмаяпсизку, яна йиғлаяпсиз, деганимда, у одам қўлимни ушлаб юраги устига қўйдида, мен мана бу жойдан эшитяпман, деганди.

Уларнинг таровиҳ намозида иштирок этаётганлари, уларнинг атрофида фаришталарнинг қуршаб турганлигидан, сакинат нозил бўлишлигидан далолат беради.

 

— Кар-соқовлар орасида Қуръонни ўрганишга бўлган талаб ортиб бормоқда. Биз Қуръон ўқий олмаймиз. Лекин ўқиётганимизда қироат қила олмаслигимиз хатолик эмасми?

 

— Аллоҳ таоло ҳеч кимга тоқатидан ортиқ нарсани юкламайди. Имконияти чекланган шахсларга, албатта, алоҳида ажр-савоб бор. Аллоҳ ҳаммамизга раҳматини ёғдиради. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш бошлиқларидан бирини даъват қилаётган эдилар. Унинг Исломга киришидан умидлари бор эди. Шу орада кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли киши келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тинмай савол бера бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги киши билан бўлаётган суҳбат узилиб қолмаслиги учун кўзи ожиз киши савол беришни бас қилса, яхши бўларди, деб ўйладилар ва Ибн Умму Мактумга хўмрайиб, муборак юзларини буриштирдилар. Шунда Аллоҳ таоло севимли Пайғамбарига танбеҳ бериб, оят нозил қилди. Шунинг учун қачон Абдуллоҳ келса Расулимиз уни қарши оларкан, эй, Аллоҳдан менга танбеҳ олиб берган саҳоба, деб кутиб оларкан.

 

— Биз фарзанд кутяпмиз. Мен ҳам, аёлим ҳам Қуръон ўқишни билмаймиз. Телефон орқали Қуръон эшитсак ҳомилага ижобий таъсири бўладими?

 

— Албатта, оғир оёқли аёл Қуръони каримни эшитса, болага ҳам ижобий таъсир қилади.

 

— Кўзига линза тақса таҳорат ўтаверадими?

 

— Таҳорат  ўтади.

 

— Таом ва тутун ҳиди, шунингдек, бошқа дориворлар ҳидини ҳидласа рўза очиладими?

 

— Бунда рўза очилмайди. Лекин роҳатланиб ҳидламаслик керак.

 

— Яқинда ижтимоий тармоқда “Аллоҳга нечи дақиқа сажда қилгансиз” деган мақолани ўқиб қолдим. Аллоҳга сажда қилаётган ҳолатда ҳам дуо қилиш мумкинми?

 

— Албатта, банданинг Аллоҳга энг яқин ҳолати сажда қилаётган пайти ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша ҳолатда дуони кўпайтиринглар, деганлар. Фарз, вожиб намозларида тайинланган тасбеҳлардан бошқасини айтиб бўлмайди. Нафл намозларида эса саждада дуо қилса бўлади. Ундаям бандадан сўрайдиган нарсаларни эмас.

 

— Ифтор ва саҳарлик пайтида таҳоратли бўлиш шартми?

 

— Таҳорат шарт қилинмаган. Лекин таҳоратли юриш барака келтиради.

1947 марта ўқилди

Мақолалар

Top