Мақолалар

Закот – Ислом кўприги

Муборак ҳадисларда Рамазон ойида қилинган барча яхши амалларга бошқа ойлардагига қараганда, кўпроқ савоблар берилиши айтиб ўтилган. Пайғамбаримиз (с а в) марҳамат қилиб: "Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда бир фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади", дедилар.
Албатта, Ислом арконидан бири бўлган Рўза тан закотидир. Аллоҳ таоло бизларга берган мол-мулкимизнинг ҳам закотини адо этишимиз динимизнинг мукаммаллигидандир.

Закот молиявий ибодат бўлиб, "Закот" сўзи луғатда "поклик" ва "ўсиш" маъноларини билдиради. Закот Қуръони каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга қайд этилган. Бу эса ўз навбатида, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрсатади.

Ислом дини имон келтирмак, намоз, рўза, закот ва ҳаждан иборатдир. Зеро, Фирдавс жаннатининг ворислари бўлган нажот топувчи мўминларнинг сифатларидан бири ҳам закотни адо этишдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Улар закотни адо этувчилардир" (Мўъминун, 4-оят). Бунинг акси яъни, закот беришга қодир бўла туриб юз ўгиришлик бу мушрикларнинг сифати эканлиги қуйидаги оятда баён қилинган: "Мушрикларга халокат бўлгай. Улар закот бермайдиган ва ўзлари охиратга ишонмайдиган кимсалардир" (Фуссилат, 6-7 оят).

Беш қўл баробар бўлмаганидек, ҳар бир инсоннинг тушунчаси ҳам ҳар хил бўлади. Яъни, садақа, эҳсон қилиш билан мол-дунё камайиб қолади, деганлар ҳам йўқ эмас. Аслида закотнинг яна бир фойдали томони шуки, уни адо этган кишининг молида барака бўлади ва Аллоҳ таоло у берган закотининг ўрнини бир неча баробар қилиб тўлдиради. Сўзимизга ушбу оят далилдир. "Одамларнинг мол-мулки кўпайсин, деб сизлар берган рибо (фоиз)ларингиз, Аллоҳ наздида (ҳеч нарсани) кўпайтирмайди. Аллоҳнинг "юзи"ни (яъни розилиги) мақсад қилиб берган закотингиз эса, бас, айнан ўшалар кўпайтирувчилардир" (Рум, 39-оят). Пайғамбаримиз (с.а.в): "Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди", деб марҳамат қилганлар.

Закотнинг дунё ва охиратга тегишли кўплаб ҳикмат ва фойдалари бор. Энг аввало, жамиятдаги инсонлар ўртасида ўзаро муносабатлар мустаҳкамланади. Сабаби иқтисодий томондан турли хил ҳолатда ҳаёт кечирувчи кишилар ўртасида номаълум тўсиқ бор эди. Ушбу тўсиқни кетказиб, уларни бир-бирларига яқинлаштирувчи восита, албатта, бу закотдир. Ҳадисларда: "Закот исломнинг кўпригидир", дейилган.

Аллоҳ таоло: "Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши, бордию каммбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир", деб марҳамат қилган. (Бақара, 271 -оят). Ушбу оятнинг тафсирида уламолар закот, ушр каби фарз садақаларни ошкора бериш яхши деганлар. Сабаби ундан бошқа инсонлар ҳам ибрат олиб, закотини беради. Лекин нафл ва ихтиёрий садақалар махфий тарзда берилгани яхшироқдир. Шунда риё ва миннатдан узоқроқ бўлади.

Мол-дунёсидан закот, ушр ва бошқа садақаларни қалбида иймони ва саховати бўлган яхши кишиларгина адо қилади. Бунинг акси, бахил, қизғанчиқ кишилар эса, ҳеч қачон бошқаларга яхшилик қилишни хоҳламайди. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар (р.а) доимо шундай дуо қилар эканлар: "Эй, Аллоҳ! Ортиқча мол-давлатни ичимиздаги яхши кишиларга бергин. Шояд, улар орамиздаги ҳожатмандлардан хабар олиб турсалар".

Аллоҳ барчамизнинг мол-мулкимизга беҳисоб барака берсин, ҳар биримизга закот қилгувчи саховатли бандалар қаторида бўлишликни насиб этсин.

Мирзамақсуд Алимов,
Андижон вилояти бош имом-хатиби

2020 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top