Мақолалар

РЎЗАНИ УЛАБ ТУТИШ МУМКИНМИ?

— Ифторлик қилмасдан рўзани улаб тутсам бўладими?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзани улаб тутиш шариатимизда макруҳдир. Бундан мурод рўзани ифторсиз ёки саҳарлик қилмасдан бир неча кун тутаверишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шундай рўза тутганлари билан биз умматларини ундан қайтарганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар мендек эмассизлар. Мени кечаси Парвардигорим тўйдиради, чанқоғимни қондиради. Сизлар эса тоқатингиз етадиган амалларни қилинглар”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Саҳарлик қилишда барака бор. Пайғамбаримиз озгина сув билан бўлсада, саҳарлик қилишга буюрганлар. Абу Саид Худрий розияллоҳуу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Саҳарлик баракадир. Бир қултум сув ичиб бўлса ҳам, уни тарк қилманглар. Зеро, Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилгувчиларга салавот айтурлар” (Имом Аҳмад ривояти).

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

1957 марта ўқилди

Мақолалар

Top