Мақолалар

Даврий нашрларда: Рўзадорларга хос мукофот

Зайн ибн Мунир бундай шарҳ­лайди: «Ҳадисда “жаннатда” деб айтилди, “жаннат учун” дейилмади. Сабаби, жаннатдаги мазкур дарвозадан кирганларга роҳат-фароғат борлигини ҳис эттириш, унга нисбатан завқ-шавқни оши­ришдир». .

“Раййон” лафзи ташналикнинг зидди – “чанқоқни қондириш” маъ­носини англатади. Демак, лафз билан маъно ўзаро уйғун. “Раййон” деб номланишига яна бир сабаб шуки, унда жуда кўп дарёларнинг мавжудлигидир. Яъни, дунёда ихлос билан тутилган рўза эва­зига қиёматда рўзадорнинг чан­қоғи қондирилади. Жаннатда эса салқинлик бардавомдир. Бу – очлик ва чанқоқлик азобидан қийналган рўзадорлар учун му­кофот ҳисобланади.

“Раййон” лафзи “чанқоқни қон­дириш”ни ифодаласа-да, тўқлик­ка ҳам ишорадир. Зеро, чанқоқ­нинг бостирилиши тўқликка ҳам далолат қилади. Шундай гап бор: “Рўзадорни кўпроқ очлик қийнай­ди. Чунки кўпчилик сувсизликка чидаши мумкин, лекин очликка эмас”.

Аллоҳ таоло рўзадорларга Рай­йон дарвозасини хосламоқда. Бу эса рўзанинг Парвардигор наз­дида қанчалик юксак мақом­га эга эканини англатади. Набий алайҳиссалом ҳам буни янада ёрқинроқ ифода­лаб: «“Рўзадорлар қаерда?” деб нидо қилинади. Бас, (рўзадорлар) ўрниларидан туришади. (Дарвозадан) улардан бошқа ҳеч ким кирмай­ди. (Барчалари) кириб бўлишгач, дарвоза бер­китилади», деб башорат бермоқдалар. Яъни, қиёмат куни мухлис рўзадорларга нидо қилинади. Баъзи олимларнинг фикрига кўра, бу амал қилган инсонни улуғлаш, ҳурматлаш, эъзозлаш чақириғи бўлиб, амалларининг савоби буюк эканини билдириш учундир.

Рўзадорлар барчаси Парвардигор уларни хос­лаб, икром этган Раййон дарвозасидан кириша­ди. Сўнгра дарвоза қулфланади. Шунингдек, жан­натнинг бошқа дарвозалари ҳам, аҳллари кириб бўлгач, ёпилади. Кейин Набий алай­ҳиссалом зикр эт­ган иккин­чи хур­сандчилик юз беради: «Рўза­дор икки хурсанд­лик би­лан суюна­ди: “Бири ифтор­да­ги хурсандчи­лик, кейин­ги­си Раб­бисига йўлиққанда рў­за­си сабаб топган қу­вончидир”» (Имом Бу­хорий ва Имом Муслим ривояти).

Ўзгалар бошқа дарвозалардан жаннатга киришлари мумкин. Чунки ҳамманинг ўзига яраша тур­ли яхши амаллари бор, жан­натга кириш имтиёз­ларига эга­дирлар. Лекин Рай­йон дарвозаси орқали кирол­майдилар.

Яхши амалларда пешқадам­лар жаннатнинг барча эшикла­ридан чақирилишга ҳақли бў­ли­шади. Фикримизни Набий алай­ҳиссаломнинг Абу Бакр Сид­диқ розийаллоҳу анҳуга башо­ратлари тасдиқлайди. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Ра­сулуллоҳ! Қиёматда нидо қилин­ганлар фақат битта эшикдан киришадими ёки ҳамма эшикдан чақириладиган бирон киши ҳам бўладими?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Ҳа, бўлади. Сиз ўшалардан бўлишингизни умид қиламан”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ихлос билан тутилган ҳар бир рўза – ибодат, қурбатларнинг улуғи, солиҳларнинг одати, мут­тақийларнинг шиорларидир. У нафсни покловчи, хулқни гўзал­лаштирувчи, тақво мадрасаси, ҳи­доят манзилидир. Рўзани ихлос билан, саодат умидида тутган ҳар мўминга дунёда нажот топиш, охиратда эҳтиромга сазоворлар қаторида туриш насиб бўлсин!

Юлдуз КОМИЛОВА

тайёрлади.

 

“Ҳидоят” журнали 3-сонидан олинди

 

1723 марта ўқилди

Мақолалар

Top