Мақолалар

Эшик пойлаб ўтган матонат ва садоқат соҳибалари

(Бекитилган қора хат)

Уруш ҳақида, юртдошларимизнинг фронтдаги мислсиз жасорати, бурчга, Ватанга, оиласига, севиклисига садоқати тўғрисидаги гапларни кўпроқ киноларда кўрамиз. Биз ва авлодларимиз уруш йилларидан тобора узоқлашганимиз сари жангчилар ҳамда фронт ортидаги кишиларнинг олий инсоний фазилатларини китобларда ўқиймиз.

Айни болалик палласи иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келган қанчадан қанча ютдошларимиз бўлган. Уларнинг баъзилари бугун мункиллаб, 90 ёшни қоралаб қарилик гаштини суришмоқда. Улар билан суҳбатлашганимизда бу қирғиннинг ҳали теша тегмаган мавзулари ва айтиб тугатилмаган хотиралари борлигига амин бўламиз. Орадан шунча йил ўтган бўлса-да у дамлар ҳамон чуқур қайғу билан эсланади.

Бу мавзуда эслатганимиз учун баъзан фахрий кексаларимизнинг оғриқли нуқталарини қўзғаб қўймаяпмизми, деган истиҳола қалбимизни эгаллайди. Нима бўлганда ҳам бугунги ёшлар урушнинг нималиги, қандай асоратлар келтириб чиқариш мумкинлигини ҳамда тинчликнинг қадрини билиш зарурлигини ҳис этиб, хотирлай олса, биз бундан мамнунмиз.

Бу ҳали ҳам адиб, тарихчи, файласуф ва педагоглар томонидан тўла ўрганилмаган бир мавзу. Олти ёшдан далада бошоқ терган, саккиз ёшда от етаклаб пайкал оралаган, ўн ёшидан кетмон билан ғўзани чопиқ қилган, ўн икки ёшидан иморатга ғишт терган болалар кейинчалик, мамлакатимиз мустақиллигининг қарор топишида ҳам муносиб ҳисса қўшишди, десак муболаға бўлмайди.

Халқимизда: “Отасиз етимлик – гул етимлик”, деб бежиз айтилмаган. Уруш ва ундан кейинги йиллар бева оналар ҳалок бўлган эрлари ўрнига оилада эркак вазифасини бажаришган. Отасиз ўсган ўғил болалар – тезроқ эркак бўлиб, қизлар – иффатли келинчак бўлишга мажбур бўлган. Улар ақлини танишлари биланоқ, оталари ўрнига меҳнатга жалб этилган. Уларни ҳаёт шундай қилиб тарбиялаган.

Урушда ҳалок бўлганларнинг уйига “қора хат” келган. Почта ходимлари бундай хатларни элтиб беришдан қўрқишган. Қайси эшикка хат келса, бирор дақиқадан сўнг, бу ердан дод-фарёд овози эшитилган. Шунинг учун хатларни, асосан, руслар ташир экан. Почтальонни эса “шумқадам” дейишар экан.
Бугун ўша машъум уруш даври болалари бўлган боболар, момоларнинг номлари мангу, жасоратлари унутилмасдир. Уруш туфайли ўша вақтда 6 ярим миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан 1 433 230 нафар одам фронтга сафарбар қилинган. Шулардан: 420 минг киши ҳалок бўлган. 120 минг нафари бедарак кетган. 640 минг киши эса ногирон бўлиб қайтган! Ҳолбуки, уларнинг ҳаммаси урушга кетаётиб тоғни урса талқон қиладиган норғул йигитлар бўлган.
Бу рақамлар ортида шунча тул қолган аёллар, қизларнинг бўлганини, юз минглаб фарзандидан айрилган ота-оналарни, отасиз қолган етим болаларни ҳам ўйлаб кўринг!

Улар ҳам бирин-кетин ўтиб кетишяпти. Тўғри, оталар жанг қилишган, аммо уруш азобини оналар кўпроқ тортишган десак, янглишмаган бўламиз. Она бундай эъзозга қаҳрамон эрлари билан баробар сазовор зотдир!

Шунга яқин мулоҳазалар ҳақида айнан болалиги уруш ва ундан кейинги йилларга тўғри келган отахонлар билан суҳбатлашганимизда қалбимиз ғурур ва ифтифор туяди. 1937 йил 26 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган журналист ва публицист Анвар ака ТОЖИЕВ ҳам шундай устоз отахонлардан биридир. Анвар ака урушнинг машъум тарихий воқеаларини сўзлар экан, ўзининг бошидан ўтказганларини ҳам гапириб берди.

– Отам Тожиев Зоҳидни 1942 йилнинг 21 январь куни қариндош-уруғлар ила йиғи-сиғи ва дуои-фотиҳа билан урушга кузатдик. Осмон аёз, кун жуда совуқ эди. Ҳовлида отам кузатишга келган ўртоқлари билан гаплашиб турган ҳолатлари ҳамон хотирамда...

Ўша пайтда укам – Рустам энди эмаклаётган гўдак эди...

Уруш тугади, аммо отамдан ҳеч қандай дарак бўлмади. Орадан бир неча йил ўтиб, Калинин фронтининг аллақайси қисмида бўлиб ўтган жангда отамнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлганини билганмиз.

Бизнинг уйга ҳам “қора хат” келган. Уни олган қариндошлармиздан бири ич-ичидан куйган бўлса ҳам, фиғонини юзага чиқармаган. Хатни яширган. Одатда бундай хатлар наматларнинг тагига яшириларди. Хатни катта амаким кўриб қолган бўлса ҳам уйда йиғи-сиғи, аза очилишига йўл қўймай яна бекитган. Уйдагиларнинг ҳаммаси, ҳатто онам ҳам бу хатдан хабардор бўлса-да, уруш тугашини, отамнинг ярадор ёки бедарак кетганлар сафидан чиқишидан умид қилиб яшаган.

Бу вақтда ҳовлимиздан тўрт киши фронт ва фронт орти ишларига сафарбар этилган. Уч киши ҳалок бўлган, яна бири – 17 ёшли амаким оғир жароҳат олиб қайтган. Отамнинг ягона божаси Абдуҳамид амаким отамдан бир кун кейин урушга кузатилганида, онамнинг ягона синглиси ҳали биринчи фарзандига ҳомиладор бўлган. Фарзанд туғилганида амаким Ҳарков яқинидаги жангда қатнашаётган эди. У одамнинг ҳаёт йўли ҳам оғир ва изтиробли...

“Қора хат”нинг изи йўқолган. Хонадонимизда отамга атаб аза очилмади. Ҳамма сўнгги дақиқаларгача “тирикдир, келиб қолар” деган умид билан яшади.
Онам 24 ёшида икки фарзанди билан қолиб, сабр-тоқат ила отамни кутди. Умр бўйи “Компрессор” заводида оддий ишчи бўлиб ишлаб, болаларни вояга етказди. Уруш йиллари ва ундан кейинги моддий ва маънавий қийинчиликлар ўз таъсирини кўрсатди. Кичик неварасининг айтишича, уйда ҳеч ким йўқлигида онам отамнинг суратини қўлига олиб, узоқ тикилар экан. Сўнг неварасига “Бобонг – катта командир. Яқинда келиб қолади” дер экан. Демак, билардикки, онам ҳамон отамни кутарди!

Ҳаммамизни умид билан кутишга даъват қиларди. Салкам эллик йил шу зайлда ўтса ҳам, кутар эдилар. У кишига қўшилиб, биз ҳам отамизнинг келишидан умидвор яшадик.

Менинг фикримча, онам каби уруш даври аёлларининг, садоқат соҳибаларининг бардоши олдида эртаклардаги вафо ҳақидаги афсоналар ҳам ҳеч гап эмасди.
Бунга Аллоҳ шоҳид! Бунга биз тириклар гувоҳмиз.

Айтишларича, урушдан кейинги даврда бир киши онамга одам қўйдириб, турмушга чиқиши учун розилигини сўраган экан. Шунда онам: “Хўжайним келиб қолсалар, икки дунём куяди-ку! Менга бу дунёнинг фароғати керакмас. Нима бўлса, пешонамдан кўрдим, кутаман!” деган эканлар.
Онам умрининг охирида оз муддат қарилик нафақасини олдилар. Фронтда ҳалок бўлган отам учун ҳам нафақа олишни истамади.

Машъум уруш туфайли 47 йиллик айрилиқдан сўнг онам ҳам оламдан ўтди. Мен ҳам онам вафот этган куни отамнинг ҳам ҳалок бўлганини ҳис этдим. Шу куни менга ер куррасини айлантириб турган бир куч гўё тўхтаб қолгандай туюлди. Отамнинг расмини ҳам онамнинг қабрига қўшиб дафн этдик. Ҳар икковларига битта қабртош ўрнатдик. Отам ва онамга жаноза ҳам, аза ҳам бирга ўтказилди.

Улар биз учун, биздан кейинги авлодларга ер юзининг шамчироғи, қуёши, юлдузи, қўйингки, бутун борлиғи билан бир тимсолдир.

Муножот

... Онам вафотидан бир ҳафта олдин кичик ўғлимга келин олдим. Тўйда онамнинг ўзи бош-қош бўлди. Тўйга келган яқинларимиз онам ўтирган хонага кириб, у кишини зиёрат этишар, тўй билан табриклаб, дуо олишарди. Тўй кўп қаватли уйлар орасидаги ҳовлида бўлгани учун, онам тантаналарни юқоридан яхши кўра олмади. Тўй тугаб, одамлар тарқала бошлагач, таниқли ҳофиз Муҳаммаджон Каримовдан онам олдига кириб, бир жуфт қўшиқ айтиб беришини илтимос қилдим.

Ҳофиз дарҳол дуторини олиб, юқорига чиқди. Бу дақиқаларни мен бир умр унитолмайман.
Санъаткор ўз маҳорати билангина эмас, айни вақтда одамлар қалбига йўл топа олиши билан “санъаткор” деган номга сазовордир. Муҳаммаджон ака онамни кўриб, вазиятни дарҳол тушунди. Онамга атаб мумтоз санъатимизнинг дурдонаси бўлган икки қўшиқ ижро этди.

“Кеча келгумдир дебон, ул сарву гулру келмади,
Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади.
Лаҳза-лаҳза чиқдим-у, чекдим йўлида интизор,
Келди жон оғзимга-ю ул шўхи бадҳу келмади....”

Бу қўшиқ гўё онам ҳақида эди...

Фронтда ҳалок бўлган эрини қирқ етти йилдан бери йўлига кўз тикиб кутган садоқат соҳибасининг ноласи эди...

Шоир Абдулла Орипов айтганидек,
“Муножот”нинг куйи шундайин оғир бўлса,
Ғамнинг ўзига қандай чидай олган одамзот”?
Чидаган!

Темир, пўлат эмас, волфрам, молибден, титандан ҳам чидамли экан оналарнинг вужуди! 47 йил давомида пўлат қотишмалари ҳам ғам намида чириб кетарди, деб ўйлайман.

Онамнинг вужуди эса бу ғамга бардош берди!
Ҳофиз иккинчи қўшиқни бошлади:
“Қаро кўзим келу мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил....”

Онам атрофида парвона бўлиб турган сингиллари, фарзандлари, келинлар бир-биридан яшириниб йиғлашарди.
Ҳофиз хиргойиси – онамнинг отам олдида ўз қасами, бурчини бажаргани ва марҳум жангчи руҳига “тиловот”дек янграрди.
Қўшиқ тугади. Ҳамма йиғларди. Фақат онам бардам эди. У киши ҳофизни дуо қилди. Атаганларини ҳофизга тутқазиб, менга чопон кийдиришни имо қилди.
Онам биринчи марта отам жангда ҳалок бўлганини тан олганини, тақдирга тан бериб, умр йўлдоши – жасур жангчи ёнига очиқ юз билан боришини бизга билдирмоқчи эди, чамамда.

Биз ҳаммамиз буни сездикки, ушбу онлар онам учун, отамиз, фарзандлари ва келгуси авлодлар олдида рози-ризолик дамлари эди.
Бу воқеадан бир ҳафта ўтиб, пайшанба куни кечқурун онам вафот этди. Жума куни Кўкча масжидида онамга қўшиб, отамга ҳам жаноза ўқилди. Қабрлари ёнига битта белги қўйиб, гуллар экдик.

Оиланинг каттаси – мен отамни икки-уч марта кўрганим хотирамда қолган. Аммо фарзандларимиз, невараларимиз жангчи бобосини яхши билишади. Кино ёки расмларда қаҳрамон жангчини кўришса, “ана, бобом”, деб чувиллашади.

Шу тарзда онам Каромат ая ва отамнинг ака-укалари то бу дунёдан кўз юмганларига қадар умид билан яшаб, эшик пойлаб ўтиб кетишди...

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

1984 марта ўқилди

Мақолалар

Top