Мақолалар

Ойлар султони — Рамазон: Рўза тутмасликнинг ҳукми қандай?

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири ўринбосари Саййиджамол Масайитов билан уюштирилди.

Рамазон рўзасини тутмаслик ҳукми қандай?

Маълумки, Рамазон ойи рўзаси Ислом рукнларидан бўлиб, уни узрсиз тарк қилиш мумкин эмас. Уламоларимиз бундай кимсаларни жуда катта гуноҳ эгаси ҳисоблаганлар. Чунки пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида мана бундай деганлар: «Кимки узрсиз ва касал бўлмасдан Рамазондан бир кунни рўза тутмай ўтказса, умр бўйи рўза тутиб қазосини етказа олмайди».

Лекин бундан улар ўша кунларни рўзасини тутиб беришмайди деган хулоса қилинмайди. Балки, хатоларини англаб етишлари билан астойдил тавба қилиб, қолдирилган рўзаларни тутиб берсалар зиммаларидан соқит бўлади, иншааллоҳ.

Агар бундай узрсиз тутмайдиганлар рўза фарзлигини инкор қиладиган бўлса, Аллоҳ асрасин, фарзлиги қатъий бўлган амалларни инкор қилган бўлиб, куфр ҳисобланади. Аллоҳ бундай бўлиб қолишдан барчаларимизга паноҳ берсин!

Бордию тарк қилувчи узрли бўлса, яъни касаллик, мусофирлик, ҳомиладорлик, эмизикли фарзанди борлиги ва бошқа сабабларга кўра бўлса, у ҳолда бундайларга шариатимизда кенглик берилган. Улар қачон имкон бўлганда, тута олмаган кунлари миқдорича кунни тутиб берадилар ва масъулиятдан фориғ бўладилар.

Бундайларга кетма-кет тутишлик ёки Рамазондан кейин тезлик билан бошлашлик деган шартлар қўйилмайди. Шунинг учун мусулмон ака-ука ва опа-сингилларимизга ойни ғанимат билиб, ўз вақтида адо этиб, Аллоҳнинг розилигини топиб қолишга тавсия қилиб қоламиз. Валлоҳу аълам.

Рамазон ойида ҳам шайтон йўлига кириб турли гуноҳларга ботиб юрганларни учратиб қолинади. Ҳатто улар бошқаларни ҳам ўзлари томонга оғдиришга ҳаракат қилаётганини кўриб ёки эшитиб қоласан. Демак, шайтонлар ичида кишанланмайдиганлари ҳам бўладими?

Дарҳақиқат, ишончли ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилдилар: «Рамазон ойи кирганда, осмон эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирланади».

Ушбу ҳадисларнинг зоҳирий маъноларига кўра мазкур ойда шайтонлар кишанланиб, инсонларга иғво қила олмасликлари ва инсонлар ҳам ўз навбатида фақат итоатда юришлари керак эди. Бироқ воқеликда рўй бераётган айрим ҳодисалар буни инкор этаётгандек кўринади.

Аммо биз шуни унутмаслигимиз керакки, бу мавзуда ҳадислар бундан кўпроқ ва улар билан танишмасдан туриб, бу борада фикр билдирилса, тўғри бўлмайди. Бу борадаги бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилади: «У ойда само эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва у ойда исёнкор шайтонлар боғлаб ташланади».

Бу ҳадисда аҳамият берилса, шайтонларнинг ҳаммаси эмас, фақат исёнкорлари боғланиши айтиляпти. Айнан мана шу қўшимча билан келган ҳадислар яна бир қатор ровийлар томонидан келтирилганини ҳадис тўпламларида учратишимиз мумкин. Шунинг учун бу борада ислом уламолари келтирган хулосаларни ўрганишимиз тўғри бўлади.

Улар мазкур ҳадисларнинг маъноларини мана бундай мувофиқлаштирганлар:

  1. Шайтонларнинг барчаси кишанланмайди;
  2. Жин шайтонлар кишанланади, лекин одам шайтонлари бўш бўлади;
  3. Шайтонларнинг иғволари боғланмайди.

Шунинг учун ҳадисларни воқеликка тўғри келмас экан , деган ҳукм беришга шошмаслик керак. Балки, бизнинг бу борадаги илмларимиз камлигидан шундай туюлиши мумкин. Шунинг учун бундай хулосага боришдан аввал илм аҳлларига мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқ бўлур эди. Валлоҳу аълам.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

1948 марта ўқилди

Мақолалар

Top