Мақолалар

Сахийлик, шукроналик ва меҳр-оқибат байрами

Бутун дунё мўмин-мусулмонлари катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказаётган Рамазони шариф ойи охирлаб бормоқда. Юртдошларимиз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган, қалблар завқланадиган ушбу ажойиб фурсатни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ билан нишонлаяпти. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбатимиз муқаддас ой фазилатлари, яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити байрамининг хусусиятлари ҳақида бўлди.

 

Ассалому алайкум! Аввало, мўътабар Рамазони шариф муборак бўлсин! Ушбу муқаддас ойнинг фазилати, унда бажариладиган эзгу амаллар, ибодатларга тўхталиб ўтсангиз?

 

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу. Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломлар бўлсин!

Раҳмат ва мағфират ойи — Рамазони шариф ҳамда яқинлашиб келаётган Ҳайит байрами билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан, барча юртдошларимизни чин кўнгилдан, самимий табриклаймиз.

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, барчамизни Рамазон ойининг фарз рўзасини адо этишликка етказди.

Бу йил мамлакатимизнинг 1370 дан ортиқ масжидларида таровеҳ намозлари ўқилди, хатми Қуръон тиловатлари янграб турди. Мўмин-мусулмонлар ҳар оқшом масжидларимизни тўлдириб, карантин талабларига риоя қилиб, ибодатда бўлдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 185-оятида бундай марҳамат қилади: Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”.

Ушбу ояти карима Рамазон ойининг бошқа ойлардан афзаллиги, устунлигини ҳамда бу ойда бажарилган ибодатлар ва солиҳ амаллар учун юксак ажр-савоблар битилишидан далолат беради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Рамазонда фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, унинг аввалги гуноҳи кечирилади, деганлар.

Муборак ойда мўмин-мусулмонлар кундузлари рўзадор, кечалари таровеҳларда қоим бўлиб, солиҳ амалларни янада кўпайтирдилар. Дуоларида Аллоҳ таолодан таровеҳ таровати, хатми Қуръон барокатидан юртимизга тинчлик, осудалик, халқимизга фаровонлик, оилаларимизга қут-барака, беморларга шифои комил, ёшларимизга баркамоллик ҳамда кексаларимизга узоқ умр сўрашди. Зотан, ҳадисларда “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди”, дейилган.

Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг раҳмати янада кенг ёғилади. Шу боисдан кишилар бир-бирларига яхшиликлар қилишга, савобли ишларни кўпроқ бажаришга шошиладилар. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.

Ушбу муаззам ойда мўмин кишилар ота-онаси, қариндошлари, қўни-қўшнилар ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олишади. Уларга такаллуфлар кўрсатиб, эҳсонлар улашади, муҳтожларга кўмаклар кўрсатилади.

Албатта, Рамазонда кишилар рўза тутиб сабр қилади. Нафсини чиройли хулқлар билан безашга, уларга одатланишга интилади. Зотан, Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сабрнинг мукофоти — жаннатдир”, деганлар.

Мухтасар айтганда, бу йилги Рамазоннинг фазлидан юртимиз янада файзли, мумсулмонлар солиҳ амалларни бажариб, қалб роҳатида бўлдилар, муқаддас динимизнинг чин инсоний фазилатларини намоён этдилар.

 

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада кенг қамровли ислоҳотлар, улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мазкур ишларнинг самаралари тўғрисида гапирсангиз?

 

— Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги масжид-мадрасалар қад ростламоқда. Қадимий қадамжолар қайтадан чирой очмоқда.

Айниқса, қисқа вақт ичида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро марказлари, Халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб Олий мадрасасининг ташкил этилгани нафақат юртдошларимизни, балки хорижлик биродарларимизни ҳам чексиз мамнун этди.

Бугун юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ислом маърифатини ёйиш, жаҳолатга маърифат билан курашишга, энг муҳими, диёримизнинг яна илм-маърифат маркази бўлишига замин яратади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ислоҳотлар ёшларимизни ислом маърифатини чуқур ўрганиш, аждодларимиз илмий-маънавий меросини кенг тадқиқ этишга чорламоқда. Қолаверса, она-Ватанимизни янада обод этиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлашга хизмат қилмоқда. 

Мана шундай улуғвор мақсадлар йўлида барчамиз бир тану бир жон бўлиб, Президентимиз атрофида бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак. Халқимиз, айниқса, ёшларни бугунги кун таҳдидларидан, турли ёт ғоя ва қарашлардан асрашимиз лозимдир.

 

 

 

Муҳтарам муфтий ҳазратлари, шу ўринда Қадр кечасининг фазилати, барокатлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз?

 

— Рамазон ойида муборак бир кеча борки, Аллоҳ таоло ўз каломида унинг минг ойдан ҳам афзал эканлиги, ким шу кечани тоат-ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан кўп савобга эришади, деб марҳамат қилган. Албатта, бу кеча — қадр кечасидир.

Қадр кечаси ва унинг фазилатлари тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Духон” сураси, 3-оятида бундай марҳамат қилган: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”.

Аллоҳ таоло Қадр кечасида бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўймоқликни амр этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади”, деганлар.

Уламолар Қадр кечаси Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида яширинганлиги сабабли, ўша кунларнинг тоқ кунларидан излаган афзал деганлар. Бу кеча омонлик барокат кечаси. Унда банданинг бир йиллик ҳисоб-китоби ер юзига туширилади. Бу кечада банданинг илтижо ва дуолари мустажоб бўлади. Шунинг учун ушбу ўн кунда тоат ва ибодатларимизни, салавот ва зикрларимизни янада кўпайтирганимиз афзал.

Зотан, Пайғамбаримиз алайҳисалом: Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар.

Барчамизга Қадр кечасининг барокати, файзи насиб этсин, ундаги солиҳ амалларимизни Аллоҳ таоло даргоҳида қабул қилсин.

 

Шубҳасиз, Ҳайит байрами — улуғ айём. Ушбу кун арафасида турибмиз. Унга тайёргарлик ишлари, мусулмонлар қандай кутиб олиш кераклиги ҳақида ҳам фикрларингизни айтсангиз?

 

— Албатта, юртдошларимиз муқаддас Рамазон ҳайитини катта хурсандчилик билан кутиб олмоқдалар. Ушбу байрам маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб, унда мўмин-мусулмонларнинг сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатлари янада кенгроқ намоён бўлади.

Масжидларимизда Рамазон ҳайитига қизғин тайёргарлик ишлари кетяпти. Инша Аллоҳ, улуғ айёмни тинчлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз асосида кўтаринки кайфиятда ўтказамиз.

Ҳайит куни мўмин-мусулмонлар бир-бирларига хушмуомалада бўлиб, хурсандчиликлар улашишади. Кексалар, ота-оналарнинг дуолари олинади. Муҳтожларга “садақаи фитр” берилади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини инсонлар намозга чиқишларидан олдин адо этилишига амр қилганлар.

Шуни алоҳида айтишимиз керакки, бугунги кунда ибодатларимизни эмин-эркин амалга оширмоқдамиз. Бунинг учун Яратганга беҳисоб шукрлар айтишимиз, тинчлик, барқарорликнинг қадрига етишимиз лозим.

Юртимизда каронавирус билан хасталанганлар учраб турибди. Бу эса карантин талабларига оғишмай риоя қилишимизни англатади. Рамазон ҳайити байрамида ҳам бунга қатъий амал қилишимиз керак бўлади. Динимиз ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказмасликка чақиради. Дуоларимизда эса мазкур касаллик тезроқ бартараф бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан сўраймиз.

Барчамизни Рамазон ҳайитига эсон-омон етказган, юртимизни тинчлик-хотиржамликда сақлаётган Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсин. Рамазон ҳайити байрами муборак бўлсин!

 

С. АШУРОВ суҳбатлашди.

1785 марта ўқилди

Мақолалар

Top