Мақолалар

Ойлар султони — Рамазон: Закотни пластик карта орқали ўтказиб бериш жоизми? Закотни йўл таъмирлашга сарфласак бўладими?

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири в.в.б. Ғуломиддин Холбоев билан уюштирилди.

Закот ҳамда Фитр рўзани пластик карта орқали ўтказиб бериш жоизми?

Ҳа, закот, фитр садақаси ва бошқа шу каби садақаларни пластик карталарга ўтказиб бериб, адо қилиш жоиз. Чунки пластикка пул тушганда ҳам муҳтож киши унга тўлиқ эгалик қила олади ва хоҳлаганидек тасарруф қилади. Пластикка пул ўтказиш нақд пул бериш билан баробар. Демак, закот, фитр каби садақаларни муҳтож кишиларнинг пластик картасига тушириб бериш билан ҳам адо қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Тилло ва кумуш тақинчоқлардан закот пул билан бериладими ёки уларнинг ўзидан бериладими?

Маълумки, кишининг тиллоси 85 грамм ёки ундан ортиқ бўлиб, унга йил тўлса, қирқдан бирини закот қилиб чиқариши фарз бўлади. Энди саволнинг жавобига келсак, бундай ҳолатда закот олувчига қайси бири фойдалироқ бўлса, ўша берилади.

Лекин шуни билиш керакки, агар тилло тақинчоқлардан тиллонинг ўзи закот сифатида берилса, тақинчоқларнинг вазнига қараб закот чиқарилади. Масалан, 100 грамм тиллодан 2,5 грамм тилло закотга берилади. Агар тақинчоқларнинг закотини пул билан бериладиган бўлса, тақинчоқларнинг бозордаги қийматига қараб закот чиқаради. Масалан, бозорда қиймати қанча бўлса, шуни қирқдан бирини закотга беради.

Бу ҳақда «Раддул муҳтор» китобида шундай дейилган: «Тилло ва кумушнинг закотини уларнинг жинсидан бошқа нарса билан адо қилинса, уларнинг қиймати эътиборга олинади деб, уламолар ижмо қилганлар».

Тақинчоқлар хоҳ ишлатилаётган бўлсин, хоҳ ишлатилмаётган бўлсин, улардан закот берилади. Чунки улар ҳамёндаги пул билан бир хилдир. Тилло ва кумушдан бошқа, сотиш ниятида олинмаган қимматбаҳо тақинчоқ ва тошлардан закот берилмайди. Валлоҳу аълам.

Маҳалламиз йўлидан кўпчилик фойдаланади. Закотни йўл таъмирлашга сарфласак бўладими?

Закот камбағал ва мискинларга мулк қилиб бериладиган ибодатдир. Агар закот беришда мулк қилиб бериш топилмаса закот адо бўлмайди. Закотни кўпчилик томонидан фойдаланадиган йўл ёки кўприкларга сарфланса закот адо бўлмайди. Чунки бунда закотни дуруст бўлиш шартларидан бўлмиш камбағал ва мискинларга мулк қилиб бериш топилмайди. Валлоҳу аълам.

Закотни икки ёки учга бўлиб берса бўладими? Айтайлик, закот бераётган киши молидан 1,5 миллион сўм закот ажратди. Шуни муҳтожлардан уч кишига 500 минг сўмдан берса бўладими?

Ҳа, албатта бўлади. Ажратилган закотни бир неча кишига бўлиб бериш жоиз. Валлоҳу аълам.

Мени молим нисобга етмаган бўлса хам закот берсам бўладими?

Моли нисобга етмаган кишига закот бериши вожиб эмас. Лекин закот берса нафл садақа ҳисобида савобга эришади. Валлоҳу аълам.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

2183 марта ўқилди

Мақолалар

Top